«Қизил китоб»

Хизмат юзасидан кеча бир дўконга кирдим. Турнақатор навбатдан тоқатсизланиб зерикиб тургандим, дўкон пештоқидан тепароқдаги телевизорга кўзим тушиб қолди: «Ёшлар» каналида ёшлар кўрмайдиган онлайн ток-шоу бўляпти (Тўқларнинг шоуси бўлса керак аслида бу).

Ёшгина журналист аёл муҳокама учун танлаган «Эрта ҳомиладорлик ва болани қаровсиз ташлаб кетиш» мавзусида ҳаммага юзланиб савол беряпти. Залда ўтирганларнинг аксар қисми аёллар, қизлар, коллеж, институт талабачалари ва бир иккита мажбуран олиб келинган талаба йигитлар ва ҳоказо.

Хуллас, савол кетди:
– Мана бугунги кунга келиб, ёш қизларимиз орасида эрта ҳомиладорлик авж олган, бу ҳаммаси илмсизликданми, тарбиясизликданми, оиладаги, муҳитданми ёки йигитлардаги масъулиятсизликданми? Нима деб ўйлайсизлар, – деди.

Шунда залда ўтирган қоракўз қизлар (деярли кўпчилиги қизЧАлар эди, узр) худди мактабда устозига жавоб беришга шайланган ўқувчидек, қўлларини кўтаришга тушиб кетишди-ей. Бир қиз шартта микрофонни олиб:
– Аслида ҳаммасига ҳамма болалар, йигитлар айбдор. Аввал қизларни бузишади, кейин ёлғон ваъдаларга кўмиб, ташлаб кетишади, – деса бўладими?!

«Халқ кўряпти-ку, ота-онам кузатишяпти-ку, танишлар ҳам балки кўраётгандир», демади. Ҳуллас Ҳожибой айтгандек шартта-шартта айтиб, шармандаликдан ҳам қўрқмади.

Фиғоним фалакка отилиб кетаёзди бу гаплардан кейин, сал қолса. Болаларнинг айби нима эди ўзи? Ҳозирги йигитлар ҳам «Очиб қўйибди-ю, ана» деб қизлар билан ҳар қандай ишни қилмайди-ку. «Сал бет ҳам керакмикан бу қизга?» – деб қолдим.

Шу студияда ўтирган бир имом «братан» ҳам бор эканлар. Улардан тайинли фикр чиқармикан, десам, улар ҳам ҳадисларни дастмоя қилиб оз-моз ривоятлар келтириб, очиғи конкрет «Мана бундай, ана шундай, оқ-оқ, қора-қорадир», деган фикрни ўртага ташлай олмадилар. Тушунмадим, қўрқдиларми, иймаландиларми қизларга «Сизлар ўзларингизни озгина ислоҳ қилинглар. Кетингизни ёпиб юринг», деёлмадилар. «Эркин сўзлаб, жойига ўтқазиб, бошқа фикр билдириб, бидирламайдиган қилиб қўймайсизми буларни, домла» дегим келди-ю, қарасам телевизорга гапирганнинг фойдаси йўқ экан, барибир. Студиядаги бу қизлар, керак бўлса бу акага дарс бериши мумкин экан бу мавзуда. Ишанаверинг.

Анави, қолган талаба йигитлар ҳақида гапирмадим. Улар менга кўлмак олдидаги сокин, беғам пашшани кутаётган бақани эсга солиб юборди. Уятсизлар!!!

Ҳали йигирманинг нари-берисидаги қизлардан шундай фикрлар урчимоқда эдики, асти қўяверасиз. Бир-биридан доно, қош-кўзини бежаб, лабини бўяб олган шунчалик фазилат эгаларидан ҳаттоки биттаси ҳам «Бизда ҳам зиғирча бўлса-да, айб бор», демади. Балки дегандир, лекин эшитолмадим-да, шу жойини. Бир қизчага гап текканда пинагини ҳам бузмай: «Ўқишим сабабли бундай нарсаларга вақтим йўқ. Агар шундай вазиятга тушсам, балки, боламни қаровсиз ташлаб кетмасдим», дейди. Бир психолог опа: «Бундай боласини ташлаб кетганларни сазойи қилиш керак», деса, яна бир ақлли «Уларнинг бошини силаб овутиш керак», дейди. Ғирт абсурд бу гаплар. «П.К» филмидаги ҳар динга эътиқод қилиб, пултини тополмаган қахрамоннинг монологи кўз олдимга келиб-кетди бу гаплардан.

Бошини силармиш. Бу ишни қилган қиз эртага яна шундай қилмаслигига ким кафил бўла оларди. Яхшиям ўқиркансиз, хоним. Бўлмаса, бу гапирган гапингизга жавоб беролмай қолардингиз…

Турли саволларга чўмиб тургандим, ёнимга қарасам, сал нарироқда бир қиз ҳам шу томошани кузатаётан экан. Шартта ундан:

– Синглим, шуларнинг айтган гапига нима дейсиз. Бу вазиятда аслида ким айбдор? – десам.
– Тўғрисини айтсам, ҳаммасига ўша ёмон йўлга киришга тайёр қизлар айбдор ва бу аниқ ҳақиқат. Биринчидан, ҳозир кўп қизларнинг тарбияси бузилиб бўлган. Иккинчидан, кўпи диндан бехабар. Учинчидан, шу даражага олиб келиб, ҳомиладор бўлишига ҳам фақат ва фақат ўзи сабабчи. Ота-она ва йигитлар бунга айбдор эмас. Истаган бола агар танишаман деса, ликкиламасдан «Узр, Аллоҳдан ҳаё қилинг», деса олам гулистон-ку, – дейди бояги қиз.

Бамаъни фикрларидан сўнг қизиқиб:
– Синглим, неча ёшсиз? – деб сўрадим.
– Ўн тўққизда, – деди бу сўровимдан сал хижолат тортибми ёки жиддий қиёфамдан қўрқибми.
– Тарбия берган ота-онангизга минг раҳмат, – дедим-у, дўкондан чиқиб ўз йўлимга равона бўлдим-қолдим.

Тўғри, у қиз ўранмаган, ёки кўринишидан жуда эътиқодлидек эмасдир. Аслида қандайлиги билан ишим ҳам йўқ. Аммо унинг фикри менга ёқди. Демак бу борада тўғри фикрдаги қизлар ҳали «Қизил китоб»га кириб кетмаган экан.

© Bekhruz Alimdjanov

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *