Қирқ ёшлилар (18+) (аёллар ҳам ўқимасин)

Ўртоқлар, охирги йилларда ўтириб қолиш ҳаёт тарзи (сидячий образ жизни) турмушимизга сингяпти. Йўқ, ўтириб қолган қизларни эмас, эркакларни назарда тутяпман. Эрталаб югурувчилар сони камайиб кетяпти. Тушунинг, сиз эрталаб югурар экансиз танангизда, хусусан, белингизда қон яхши айланади, саҳарлаб уйғонган кучуклардан эмас, касалликдан қочасиз.

…Вазият тақозоси билан қирқ ёшли акаларнинг даврасига тушиб қолдим. Гапдан гап чиқиб соқолига оқ оралаган бирови:

— Бозорнинг четида балиқ тутадиган қармоқ олаётганимда, бошяланг бир аёл ёнимга келиб, “акажон, дорилардан бор, оласизми?” деб шивирлади. “Дори чекмайман”, десам, “вой, унақа доримас” деб кулади. Ҳар хили бор экан – ўзи тўртбурчак, шакли шилпилдоққа ўхшаган, кўк, жигарранг, носранг, ялтироқ, пилдироқ..

Ҳамма унга бақрайиб қаради.
— Олдингми?
— Э, жиннимисан?..
— Олганса-а-ан.
Яна бири:
— Отиям нима-гра эди, шекилли, биров айтовди-да, — деб минғирлаганча кўзини пирпиратди.

Гапни бошқаси илиб кетди:
— Ичиб кўрганларни айтишича, бошни қизитаркан. Фойдаси йўқ, табиийсига нима етсин.

Унга билимдонлик билан бошқаси эътироз билдирди:
— Қизитмайди, арзонига учмасин, танишингга айтиб қўй.
— Сен қаердан биласан, ичиб кўрганмисан?
— Ичмасам, ҳам биламан. Россияда ишлаганимда ўрис ўртоқларим ҳаммаси ичарди. Сал тахир бўлар экан. Уларнинг мотори стук бергани учун ҳаммаси бизга ҳавас қилади. Азиат – горячая кров!

Улфатларнинг кўзойнак таққани сиполик билан гапга аралашди:
— Турган-битгани зиён, химикат. Юракка нагрузка беради. Бош оғрийди. Ўрганиб қолсанг, хотининггаям, ўзинггаям қийин бўлади. Ота-боболаримиз от минган, отнинг фойдаси катта. Бўш қолдингми – от мин. Вот, табиий восита сенга.

— Хи-хи-хи, эшак ҳам минган, — деб луқма ташладилар унга.
Кўзойнакли сабоқ беришда давом этди.

— Аммо ҳозирги дўхтирлар экологик шароитдан келиб чиқиб, қирқ беш ёшга етганингда аёлинг билан орангда муаммолар юзага келса, ичавер деяпти. Аммо буни ўз шартлари бор. Бирваракайига биттадан ортиқ таблетка ичмайсан. Номининг охири “–гра” билан тугаган бўлиши шарт. Масалан, “Циклон” дориси зиён. Падделкаларидан эҳтиёт бўласан. Кечаси билан бўкиб ароқ ичдинг нима, циклон ичдинг нима – эрталаб бошинг ғум-ғум оғрийди. Машина ҳайдашни-ку ўйлаб ўтирма.

Ҳамма “Минг бир кеча”дан қисса тинглаётгандек кўзини лўқ қилиб, нафас чиқармай уни тингларди. Серсавол улфатларнинг бири:
— Орифжон, орамизда ўқиганларимиздан бирисан. Элликка кирганимизда ичсак бўлаверадими?- деб сўради.

— Бўлади. Проблеманг бўлса, ҳозир ҳам ичавер.
— Олдин сен ичиб кўрсатиб бер.
— Мен соғломман. Проблемам йўқ, ичишга эҳтиёжим ҳам йўқ. Дорихонадан сўрагани ҳам уяламан. Сотувчи аёллар орқангдан мийиғида кулиб қўяди, биласанми шуни? — деди аччиқланиб.
— Бўлмаса, қандай қилиб олса бўлади, маслаҳат бер, ахир.
— Ўртоғимга керак, деб оласан. Дорихонада ўзингни бошқа дори олиш учун киргандек тутасан, чиқиб кетаётганда, худди тўсатдан кўзинг тушиб қолгандек, “ие, манови дорини битта оғайним сўраган эди”, деб оласан-қўясан.
— Ҳа, сен буни қаердан биласан?
— Газетада ўқиганман, ўрисча, инглизчани биламан-ку.
— Кейинчи, кейин, уйга борганингда?
— Ярим соат олдин сув билан ичиб олиб, кейин…

Суҳбат энг қизиқ жойига етганда кеч қолган биттаси кириб келди. “Қўзғалманглар, кўришганимиз — сўрашганимиз”, деганча жойига ўтираркан, суҳбатни давом эттиришга ишора қилди. У андролог экан. Бирпас эшитиб ўтириб, сўнг гапга аралашди:

— Мижозларимдан бири қабулимга кириб, эшикни зичлаб ёпди. Овозини пасайтириб, уялганча, “Дўхтир, бир дўстимни…”, деб гап бошлаганди, гапини кесиб, “қани, шимингизни туширинг, олдин дўстингизни текширайлик”, дедим.

Шунда ҳамма бирданига гуриллаб кулиб юборди. Айниқса, “дори” мавзуида қизғин суҳбат қурганлар ерга қараб ҳийқ-ҳийқ, дея мириқиб кулди.

 

Буёғини энди ўзингиз тушундингиз. Айтгандим-ку.

Шукуржон Исломов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *