Қирғизистон элчиси зиёли киши экан.

Мени, Самарқандда, хусусий газетада ишлаб юрган бир қаламкашни Қирғизистон деган мамлакатнинг элчиси элчихонага таклиф қилганидан бошим осмонга етди. Албатта бордим.
Қирғизистон Республикасининг элчихонасида мен каби таклиф этилган анчагина журналистларга “2017 йилда Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги ҳамда 2018 йилда ушбу алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари” деган мавзуда матбуот анжумани ташкил этилди. Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дониёр Сидиқов Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг янги босқичи ва уни янада тараққий эттириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. У 2017 йил мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатлари ривожида тарихий давр бўлганини, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари шу йилнинг ўзида олти маротаба учрашганини айтиб, “бунақаси тарихда бўлмаган”, деди.
Элчи ишбилармон доиралар иштирокида бизнес-форумлар, миллий маҳсулотлар кўргазмалари ўтказилгани, «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» йўналиши бўйича биринчи халқаро автокарвон муваффақиятли ташкил этилгани, чегарадош ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилгани, азалдан қавму қариндош, қуда-анда бўлган халқларимизнинг борди-келдисига кенг йўл очилганини эътироф этди.
Элчи маданий алоқаларимз ҳам яхшилангани, хусусан, Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилгани, Қирғизистон театр ижодкорлари Ўзбекистонга, ўзбекистонлик санъаткорлар Қирғизистонга ижодий сафарлар уюштирганини, Самарқандда бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро фестивалида қирғизистонлик санъат усталари иккинчи ўринни қўлга киритишганини, Ўзбекистон Миллий университетида «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» доимий экспозицияси иш бошлаганини мамнуният билан тилга олди.
Қирғизистон Республикасининг янги сайланган президенти Сооранбай Жээнбековнинг ҳам илк давлат ташрифи Ўзбекистонга бўлгани ва 13-14 декабрь кунлари бўлган бу ташриф «Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш» тамойилининг яна бир ёрқин ифодаси бўлгани таъкидланди.
Анжуманда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида авиарейслар мунтазам йўлга қўйилганини, ҳафтада икки бора “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг, икки марта “Эйр Манас” авиакомпаниясининг самолётлари “Тошкент – Бишкек”ва “Бишкек – Тошкент”, шунингдек, “Тошкент – Иссиқкўл” йўналишида учаётгани, яқин орада “Тошкент – Ўш” йўналишида ҳам самолётлар қатнови йўлга қўйилиши, “Андижон –Ўш – Жалолобод” йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Элчи «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўлини қуриш бўйича келишувларни амалга ошириш мақсадида 25-27 декабрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой вакилларидан иборат ишчи гуруҳ жиддий иш олиб бораётганини ҳам айтиб ўтди.
Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Анвар Султанбеков ҳам 2017 йилда иқтисодий ҳамкорлик борасида қўлга киритилган муваффақиятларни санаб ўтиб, 2018 йилда барча соҳалар сингари савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, товар айланмасини 500 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилгани ҳам айтиб ўтди.
Элчихона биринчи котиби Гульнур Нурматова ҳам анжуман иштирокчиларига икки давлат ўртасида олиб борилаётган ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар тўғрисида сўзлади.
Менда бир ижодкор сифатида элчи жаноблари адабиётга катта эътибор қаратадиган зиёли инсон экани катта таассурот қолдирди. У ўз юртининг вакили бўлган,иккала халқнинг ҳам ифтихори бўлган улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов ҳақида тўлқинланиб сўзлади, адиб таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш кўзда тутилганини айтиб, бу борадаги айрим режаларидан ҳам хабардор этди. У қирғизларнинг “Манас” достони ҳақида ҳам ифтихор билан сўзлаб, достонни ўзбек тилига ўгирган таржимонга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Кейинги йилда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси очилганининг 25 йиллиги кенг нишонланишини айтган элчи бу соҳада ўзининг ҳам режаларини айтиб, кейинга йилда Қирғизистон ва қирғиз халқи, тарихи, маданияти, санъати ҳақида яхши мақолалар ёзган ижодкорларга мукофотлар эълон қилишини билдирди. Анжуманда иштирок этган Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаевнинг таклифи билан ана шундай асарлар Ўзбекистон мустақиллиги кунигача қабул қилинадиган ва ғолиблар мустқиллик кунларида Қирғизистон элчихонасида тақдирланадиган бўлди.
Айтганча, шу кунгача Қирғизистон мамлакати ва халқи ҳақида яхши мақолалар ёзган журналистлар ва ОАВ ларга ҳам элчи жаноблари миннатдорчилик ёрлиқлари ва мукофотлар топширди.
Элчи Дониёр Сидиқов ўз сўзларини “Бир йил ичида ўн йилларга татигулик муваффақиятларга эришилди. Буларнинг барчаси икки давлат раҳбарларининг халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган оқилона сиёсати самарасидир”, деган сўзлар якунлади ва тўпланганларни кириб келаётган янги йил билан самимий табриклаб,барчаги янги йилда янги ижодий муваффақиятлар тилади.
Элчи жаноблари кимнинг қандай истаги, талаби борлигини сўраганида ушбу сатрлар муаллифи ўзининг Туркистон халқларининг шарафи бўлган жасур аёл Қурбонжон Додхоҳ, Туркистон озодлиги йўлида шаҳид бўлган миллий истиқлолчи Муҳаммад Амин Бек, улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов ва унинг ота-оналари қабрларини зиёрат қилиш истаги борлигини билдирди. Бунга жавобан Дониёр Сидиқов Қирғизистон элчихонаси бу зиёратни қулай фурсатларда ташкил этишини ваъда қилди. “Аммо сафардан кейин сиздан халқимиз ҳаёти ҳақидаги ажойиб мақолаларни кутамиз”, деди элчи.
Учрашув ва анжумандан катта таассуротлар билан қайтар эканман, кўнглимда “Мен албатта, қирғиз халқи, унинг маданияти, санъати, адабиёти, анъаналари, урф одатлари ҳақида ўз кўзим билан кўриб, кўп мақолалар ёзаман”, деган ишонч пайдо бўлди.
Тўра Мурод, “Афросиёб” газетаси муҳаррири

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *