Қайсар қаламкаш (ҳажвия)

Болта Ўткирович унча-бунча муҳаррирлардан эмас. Таҳрирчиликда, танқидчиликда унинг олдига тушадигани йўқ. Тунов куни ҳам шеъриятга талабгорлардан шекилли, ёш йигитча эшик қоқди.

– Кирсам майлими, домла?

– Биринчидан, кириб бўлдингиз. Иккинчидан, домлачангиз ўқишда бўлади. Устоз! Учинчидан, нега савол сўроқ оҳангида эмас?

Талабгор ёш бўлишига қарамай, Ўткирович кабилардан унча-бунчасини кўриб қўйган шекилли, қилт этмай турди-да, бирдан бидирлашга тушди:

– Биринчидан, эшик ортидан туриб рухсат сўралмайди. Чунки овозимни эшитмайсиз. Иккинчидан, сиз ҳали мени танимайсиз-у, қандай қилиб устоз бўлишингиз мумкин. Учинчидан, гапимнинг охирида сўроқ белгиси бор эди. Демак, у сўроқ гап.

Ўткирович бу яқин орада ўзига бундай терс гапирган маҳмаданани учратмаган эди. ҳали бу гапи бошига бало бўлишини қаерданам билсин бу тирранча!

– Олдингизга шеърий машқларимни олиб келгандим. Кўриб бероласизми?

– Кўрамиз, қоғозда ҳам шундай шерюракмисиз…

Йигитча тутқазган қоғозларни юлқиб олар экан, шошилибгина ўқишга киришди. Машқларга бир-икки назар ташлади-ю, тезгина соатига қараб сўз бошлади.

– Анъанавийликдан қочиш керак, иним. Шеърларда фақат ҳиссиёт, фақат туйғу. Нуқул муҳаббатни куйлаб шеър ёзаверсангиз, ёзаверсангиз, мулоҳаза қилишга, ўйлашга ундайдиган шеърларни ким ёзади, ахир?

“Ажойиб нутқ бўлди-да ўзиям!” – йигитчанинг энсаси қотди.

“Бопладимми? Сен теракчанинг зумда шохингни синдириб қўйиш қўлимдан келади. Жа, бўйлари осмонга тегай деб турувди-я. ҳа, эссиз-а!” Муҳаррир муғомбирона илжайиб турарди.

Бироқ талабгор ростдан ҳам чатоқроқ чиқиб қолди.

– Биринчидан, шеър инсоннинг юрагига муаммони эмас, гўзаллик, эзгулик тушунчаларини олиб кириши керак, тушундингизми, домла? Иккинчидан, мен абадий ва адабий мавзуларда шеър битаман…Ҳай, ҳай, ҳай! Бу талабгорни оёғини осмондан қилиш осон эмасга ўхшайди-ёв!

– Учинчидан, – йигитчанинг оҳанги билан давом этди Ўткирович, соатига тезгина қараб олиб. – Сиз ва сизга ўхшаган “ижодкор”лар кечқурун уйқусираб чала-чулпа шеър ёзиб, эрталаб таҳририятга югурасизлар. Сариқ чақага арзимайдиган сатрларингиз ҳали шеър бўладими, йўқми? Олдин шуни ўйлаб кўрмасдан, ҳалитдан абадият ташвиши тушиб қолибдими?

– Энди… генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас, деганларидек, мен абадий яшаб қоладиган шеърлар битишни орзу қиламан.

Аммо бизнинг муҳаррир темирни қизиғида босадиганлар хилидан. Бу “аскар”чанинг жавобини тезда бермаса, абадият учун жангга кириб кетишдан тоймайдиганга ўхшайди.

– Унда ҳозирча сизга рухсат, аскар! Шеърларни яна бир-р-р ўқиб, кейинги келганингизда жавобини айтарман.

“Аскар” ҳеч нарса бўлмагандек бемалол ўрнидан турди-ю, мағрур чиқиб кетди.

Болта Ўткирович ҳикоянавис! Неча ойдан буён битмай ётган ҳикояни тонггача амаллаб битирди-ю, эрталаб ишга кела солиб муҳаррирга киритиб юборди.

– Сизни бошлиқ чақиряптилар!

Котиба қизнинг хонада томдан тараша тушгандек шанғиллаган овози хаёллар уммонидаги Ўткировични қалқитиб юборди.

– Тинчликми? – аранг сўради у.

– Нотинчлик… Нега у кишининг ўғлини хафа қилдингиз?

– А?

 

Вазира ИБРОҲИМОВА,

ЎзДЖТУ талабаси

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *