Қашшоқ кўпайса, машшоқ кўпаяди…

Кўрсатувда математик боладан раққос устун қўйилгани катта шов-шув бўлди. Одамлар ажабланди, норози бўлди.

Мен эса ўша ажабланган одамлардан ажабланаман. Нега? Чунки, бу кўрсатув бизга кўзгу бўлди, аксимизни ўзимизга кўрсатди. Одамлар ўзларининг қандайлигини кўриб ажабланишмоқда. Ахир, бу бизнинг ҳақиқий юзимиз-ку! Сиз норози бўлганингиз тилда холос, амалингиз рози эканлигингизни кўрсатиб турибди. Болангизнинг илми учун сарф қиладиган пулингиз артистларга сарф этадиган пулингиздан бир неча баробар кўп! Тўй учун 10-20-30 минг доллар ишлатганларни эшитдим, фарзандининг таълими учун мактабдан ташқари минг-икки минг доллар ишлатган оилаларни эшитмадим. (Бор бўлса керак, лекин анқонинг уруғидек кам бўлгани учун мен эшитмадим.)

Контракт нархи баландлигидан нолиган одамларнинг нечтасини кўрдим, аммо артистларнинг қимматлигидан нолиган одамларни умуман кўрмадим, эшитмадим.

Атрофга қаранг, ҳамма томонда артистлар: телевизорда, радиода, газетада, тўйда, келин-саломда, рекламада, ҳакамликда (жюри), тадбирларда… Маслаҳат берадиганлар ҳам, муҳокама қиладиганлар ҳам, кийинишни, ҳаттоки овқат пиширишни ўргатадиганлар ҳам артистлар… Нега? Чунки бизга ана ўшалар керак, шуларнинг ҳаёти бизга қизиқ, кийиниши қизиқ, очилиб қолган жойи қизиқ, фикри қизиқ, иши қизиқ, ҳаттоки шуларнинг «ити» (кучуги) қизиқ. Артистларни номма-ном биламиз, олимларимизни, ихтирочиларимизни билмаймиз, танимаймиз. Шерали Жўраевни билмайдиган ўзбек борми? Бор бўлиши мумкин, у ҳам бўлса энди туғилган чақалоқ – эрта-индин у ҳам таниб олади. Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Тамарахонимларни биламиз. Ўша даврда ўтган академикларимизни билмаймиз. Олимлар билан уларни солиштиришнинг ўзи хато, лекин, юзимизни очиб бериш учун айтдим. (Юқорида номи келтирилган одамларга шахсий адоватим йўқ, уларнинг обрўсини тўкмоқчи ҳам эмасман, ёмон ибораларни ҳам ишлатмадим).

Четдан катта-катта телевизорлар кўтариб келаётганларни кўрдим, китоб кўтариб келаётганларни кўрмадим. Ваҳоланки, математикага оид (ва шунга ўхшаган) китоблар уларда ҳам кўпроқ, ҳам арзонроқ, ҳам сифатлироқ. Бизга раққосларни, артистларни кўриш учун телевизор керак, ўқииш учун китоб керак эмас. Телевизор, радио, газета, Интернет нашриётларимиз артистларнинг ҳаётини ёритади, уларни ибрат қилиб кўрсатади. Агар Стив Жобс ёки Илон Маск биздан чиққанида эди, улар дунёга танилмай ўтиб кетишарди. «Мабодо, адашиб чиқиб қолишса», демоқчи эдим.

Шунинг учун ажабланманглар, дўстлар. Бу бизнинг ҳақиқий юзимиз, бизга раққослар керак, математиклар эмас!

Бекзод Аҳмадали

22 комментария

  1. Korsatuv ijodkorlariyu hakamlari saviyasiz odamlar ular birovga baho bergandan kora uyidagi polojeniyani togrilasin qiziga ahloq tarbiya bersin zar qadrini zargar biladi bular kimning qizi raqoosayu ogli qaysi mashshoqni uslitelchisi ekanligini muhokama qiladigan odamlar.Matematikaga bahoni Al Horazmiy va Beruniy bobomlar berib ketib bolishgan bular orqasidagi bir narsasini artsin..

  2. Яшанг одам шундай огрикли нуктани оммага хавола килаябсиз, баьзилар нетда куриниш киламан деб булар булмас расмларди олиб чикади. Албатда кутарган масаласи макола эгасини канакалигини билдиради.

  3. Bu ko’rsatuv «ijodkorlari» xammasida na saviya va na madaniyat bor. Bir sonini ko’rgandim matematik bola xisob kitob qilayotganda ikkala boshlovchi bir nimalar deb bir birini go’yoki xazil tariqasida ermak qilib bolaga xisoblashga xalaqit berishgandi. Ularni nazdida bu «neobichniy stil» bo’lsa kerak

  4. Хаммасиданам кура Болани кунгли синди енг ёмони шу. Хаётга кизикиши билимга интилиши колмади. Бир курсатувни деб….

    1. А нега синади, жа оширвормелар. Жангда голиб бор ва маглуб бор. Ушани болага чиройли тушинтириш кере холос.

Изоҳ ёзиш мумкин эмас!