Қашқадарё ўқитувчилари мардикорми?

Ҳозирги кунда ўқитувчилар хақида кўп ва хўп гапириляпти. Ҳаммамиз ҳам мактабда ўкиганмиз. Шахсан мен ўқиган даврларда ўқитувчиларни обрўси жуда баланд эди. Ўқитувчимизни кўзига тик боқа олмасдик. Уларга хавас билан боқиб, катта бўлганимда ўқитувчи бўлишни орзу қилардим. Тақдир тақозоси билан бошқа касбни бошини тутишга тўғри келди. Майли, ҳозир гап мен тўғримда эмас, ўқитувчилар ҳақида.

Нима учун ҳозирги кунда ўқитувчиларимизни обрўси йуқ, деган савол кўпчиликни қийнаб келяпти. Нима учун ўқитувчиларимизни ҳеч ким, ҳатто ўқувчилар ҳам менсимаяпти? Агар ўзим яшайдиган Қашқадарё вилоят мисолида олсам, таълим тизими ислоҳ қилинмас экан, вилоят, туман амалдорлари ўкитувчиларни ободонлаштириш ва ўқитувчиларга алоқаси йуқ бошқа ишларга мажбурлар экан, уларнинг обрў-эътибори бунданда баттар бўлиши аниқ. Вилоятга Тошкентдан қайси бир вазир келадими, президентимиз келадими, бир ой олдин ўқитувчиларимиз қўлида супурги ва белкурак билан кўчада. Тўғрисини айтсам, халқимиз кўчада ўқитувчиларни кўриб, Қашқадарёга Тошкентдан қайси вазир ёки Президент келишини бир-биридан сўраб-суриштиришга тушиб кетади. Шу даражагача етган.

Туманимизда қурилган янги намунали уйларни ободонлаштириш, ювиб-тозалаш ҳам мактаб ўқитувчиларини зиммасида. Энди тасаввур қилинг, ўқитувчилар ўша намунали уйда яшайдиган ўкувчисининг уйини супурса, полларини ювса, ҳовлисини ағдариб гул экса, кўчасини супуриб сув сепса, ўкувчининг ота-онаси қўлини чўнтагига тиқиб, ўқитувчиларга иш буюриб турса… Бу билан биз ўқитувчилардан яна нимани талаб қилишимиз мумкин? Таълим сифатини, ўкувчиларни ўзлаштириш даражасини ўқитувчилардан талаб қилишга хаққимиз борми?

Аслида биз фақат ўзимизни алдаб келяпмиз, бюджет ходимлари ҳеч қанақа мажбурий меҳнатга жалб этилмаяпти, деб. Келинг, сизга охирги кўрганимни айтай.

Президентимиз Шавкат Миромоновични Қашқадарёга 2018 йил январ ойида ташрифларидан олдин, ўқитувчиларимиз 15 кун қўлларида супурги ва белкурак билан кўчаларда ишлаб келишди. Қайсидир ўқитувчини ўзи чикди. Чиқмаганларидан мажбурий равишда мардикор ёллаш учун пул йиғиб олинди.

Халқ таълими вазирлиги қаёққа қараяпти, кимни назорат қилаяпти, Худо билади. Агар назорат ва эгалик қилолмаса, қўлидан келмаса, мактаб, боғчаларни ҳокимликлар ихтиёрига ўтказган маъқулмикан. Бундай вазирлик ўқитувчиларга ҳам керак эмас, менимча. Битта нонхўр камаярди. Чунки Халқ таълими вазирлигидан текширишга келган валломат фақат қоғозбозликни билади. Ўқитувчи қаерда ер чопди, қаерни супурди, қаерни тозалади сўраш вазирликни етти ухлаб тушига ҳам кирмайди.

Дарвоқе, шу қоғозбозлик ўқитувчиларни юрагига тушиб кетган, десам менга тўлиқ ишонаверинг. Бир-бирини такрорлайдиган, расмиятчилик учун тўлдириладиган қоғозлар ҳаммаси. Фақат ўкитувчиларни вақтини ва асабини эговлагани қолади. Кези келганда шуни айтиб ўтиш керакки, таълим тизимидаги айрим қоғозга ёзилмаган қонун-қоидаларни эшитсангиз, кулишингизни ҳам, йиғлашингизни ҳам билмайсиз. Агар ўқитувчи бир чорак давомида синфдаги ўкувчиларни бештасидан ортиғига 3 ёки 2 баҳо қўйса, ўзини билими етарли ҳисобланмасмиш ва устама иш ҳаққи олишга нолойиқ ҳисобланармиш. Бу ўлчов Халқ таълими вазирлигидан оғзаки қўйилган талаб экан. Энди ўзингизни ўқитувчини ўрнига қўйиб кўринг. Нима, ўқитувчи еб-ичмайдими, кийим киймайдими, бола-чақаси йуқми, тўй қилмайдими? Бу қонун-қоидадан кейин қайси ақли расо ўқитувчи ўқувчиларга ёмон баҳо қўяди? Шунинг учун бизда синфдан-синфга қолиш, деган нарсалар йўқолиб кетди. Чунки ўқувчилар ўқимай қўйди. Шунинг учун ўқувчилар ҳам мактабга, ҳам репититорга қатнайди. Репититорлар ҳам осмондаги юлдуздан кўпайиб кетди.

Яна бир муаммо борки, ўқитувчиларимизни қийнаб келмоқда. Ҳозир бир ставка дарс 20 соатни ташкил қилади. Бир ставка дарс учун тўланадиган иш ҳақи 700 000-800 000 сўмни ташкил қилади. Табиийки, ҳамманинг ҳам кўпроқ ойлик олгиси, ставкаси кўп бўлишини ҳоҳлайди. Ўқитувчида рўзғор, бола-чақа йуқми? Яъни бу — ўқитувчининг ўз устида ишлаши учун вақти бўлмайди, дегани. Халқ таълими вазиридагилар шу 20 соатни 12 соат қилиш тўғрисида бош қотирсалар яхши бўларди. Ана унда ўқитувчиларимиз уз устида ишлаши, ўқувчилар билан кўпроқ шуғулланиши ва энг муҳими, дарсни сифатига эътибор қаратган бўлишарди.

Ўқитувчилар Халқ таълими вазирлигидан шу кунгача инсофни кундузи чироқ ёқиб тополмаган, лекин Худо ҳоҳласа президентимиздан таълим соҳасидаги янгиликларни сабрсизлик билан кутмоқдалар.

Янги Кун

5 комментариев

  1. Яхши фикрлар. Молия вазирлиги ходимларини бугатавермасдан ставка соатини кайта куриб чикиши керак!!! Ахир мухтарам Президентимиз хам молия тизимидан каттик норози эканлигини эътироф этдилар-ку! Ходимларни ёппасига ишдан бушатиш — ислох эмас!!! Яна бир огрикли жихат бор: синфдаги укувчилар сони. Молия маблагни тежаш максадида синфларни кискартиради, натижада синфлардаги укувчилар сони кескин ошиб кетди. Синфларда 40 дан зиёд укувчилар укишини тасаввур киляпсизми, 40 ДАН ЗИЁД ! Мана молиячиларнинг маблагни ТЕЖАШИ. Мана нима учун Президентимиз улардан норози. Улар келажак авлод таълимига болта уриб, шунинг эвазига ИКТИСОД килишади. Буни нима дейиш мумкин, билмадим….

  2. Кай бир мамлакат укув-изланиш
    Ва укитиш ,хатто укувчиларига бепарво булар экан, энг мухими хакикий билим берувчи устозлар кадрланмас экан бундай миллат нафакат олдинга яъни юксалишга юз бурмайди балки таназзулга юз тутади,
    Бу нарсани 27 йиллик сиёсат зимнида гувохи булдик ва натижани куриб турибмиз.
    (Укитувчи эмасмиз)
    Лекин хар бир миллатга илм зарур ва илм берувчи устозларни кадрига етиш зарур
    Керак булса,
    Устоз укитувчиларга ота оналардан хам купрок ваколатлар бериш лозимдир.
    Хозирги махшур кишилар хохи рахбар хохи бошка бир соха етакчиси булсин….сураб курилса,
    Укувчилик пайтидаги укитувчисидан еган шаполокни эслаб хурсанд булиб юрган булади.

  3. Соат ставкасини пасайтириш керак!!! Шу амалга ошса буни моличдаги ислохот деса булади.
    Синфдаги укувчи сонини кескин камайтириш керак. Ва албатта чаласавод, янгиликка интилмайдиган, компьютер саводхонлиги йук, интернетдан фойдалана олмайдиган, яъни танбал укитувчилардан кутулиш керак.

  4. Хозир коллежларни е»монлаш одат тусига кирди. Савол: коллеждаги укитувчилар таьлим сохаси эмасми ? Нега булмаса халигача коллежда металлом режаси бор. Яна обонлаштириш, куча супурги, уйма уй юриш коллеж укитувчилари зиммасида. Мактаблар тартибга келиб колди. Коллеж укитувчисини ким эшитади

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *