“Қарсак-2017” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

Яхшилаб қарасанг кўринадиган Салламно қишлоғидаги махсус мухбиримиз маҳаллалараро ўтказилган кўрик-танлов якунлари ҳақида хабар берди:

“Бугун қишлоғимиз катта байрам оғушида. Қалблардаги қувонч, шодлик, эртанги кунга бўлган ишонч кўзлардан барқ уриб турибди. Ҳа, бу биз кутган байрам. Бугун жонажон Салламно маҳалласи узоқ-яқин қишлоқлардан келган меҳмонларни қучоқ очиб кутиб олди. Бу бежиз эмас. Зеро, бизнинг қишлоқ шукроналик ва ҳайрат рамзига айланиб улгурган.

13-бор ўтказилган бу галги танловга 10 га яқин қишлоқдан ашаддий, профессионал қарсакбозлар гуруҳи ташриф буюрди. Жамоалар икки йўналиш бўйича баҳс олиб боришди: “Энг шовқинли қарсак” ва “Синхрон қарсак”.

Қизғин ва муросасиз баҳслар остида ўтган мусобақада ўз маҳоратини бошқалардан кўра яхшироқ намойиш эта олган жамоалар совринли ўринларни қўлга киритишди.

Шундай қилиб, қарсакшунос ҳакамларнинг якуний баҳоларига кўра, биринчи ўрин мезбонлар, яъни Салламно қишлоғининг “Браво” жамоасига насиб этди. Улар чалган қарсакнинг децибели 135 га етган. (Таққослаш учун маълумот: Шу пайтгача бу борадаги рекорд Иненю стадионида қайд этилганди. Ўшанда Бешикташ — Ливерпуль жамоалари ўртасидаги ўйинида мухлислар чалган қарсак шовқини 132 Дб`га етганди)

“Синхрон қарсак” йўналишида ҳам улар энг яхши натижани кўрсатишди. “Браво” жамоаси чалган синхрон қарсакка Бош ҳакам Қойилбек Мойилбеков “Хатто қуш ҳам бундай синхрон қанот қоқа олмайди”, деб таъриф берди.

Иккинчи ўрин Ташаккуробод қишлоғининг “Тасанно” жамоасига, фахрли учинчи ўрин Бешкетдим қишлоғининг “Қарсак дарғалари” жамоасига насиб этди.

Танлов якунида биринчи ўринни эгаллаган “Офарин” жамоасига “Қарсак-2017” олтин кубоги тантанали равишда топширилди.

Файзли қишлоқни гуррос қарсаклар садоси забт этди. Бу шодумон шовқинлар қулоқларда кейинги йилгача қарсиллаб туради…»

Олибқочар Ваҳимаев, “ФайзБоғ” учун махсус.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *