Қаловини топсанг қор ёнар ёхуд танловсиз ер олиш сирлари ҳақда

Менимча бугунги кунда туманлардаги тадбиркорларга ер ажратишга мутасадди амалдорлар ётса ҳам, турса ҳам “яшасин Вазирлар Маҳкамасининг 285 қарори “десалар кераков. Мен нима деяётганимни тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш учун туман ҳокимлигига ер сўраб мурожаат қилганлар жуда яхши билади.

Билмайдиганлар учун айтиб ўтиш лозим: Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 285 сонли қарорига кўра “тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини фақат танлов асосида бериш ҳисобига тадбиркорлик субъектларига тенг рақобат шароитлари яратиш” мақсадида “2016 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун аҳоли пунктларида доимий фойдаланишга майдони 1 гектаргача ва 1 гектар бўлган ер участкалари фақат танлов асосида берилади” деб белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорида кўзланган мақсад аслида таҳсинга лойиқ, аммо амалда ушбу қарор айрим жойлардаги айрим амалдорлар учун турли қинғирликларни қилиш учун яхшигина дастак вазифасини бажариб келяпди халос. Бундай дейишимизга сабаб, мабодо туман ҳокимига тадбиркорлик учун ер сўраб мурожаат қилсангиз, уларда жавоб тайёр турибди. “Туман ҳокимлиги сизнинг ер ажратиш тўғрисидаги аризангизни кўриб чиқиб, сизга қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 285 сонли қарорига кўра “тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини фақат танлов асосида берилиши назарда тутилган. Шуни инобатга олиб биз сизга танловда иштирок қилишингизни тавсия қиламиз”.

Тамом, расмий жиҳатдан бундай жавоб бериш орқали амалдор ҳеч қандай қонун ёки йўриқномани бузгани йўқ, аксинча, у сизга тўлақонли жавоб берган ҳисобланади. Сиз ушбу жавобни олганингиздан кейин, танловга қўйилган ер участкалари рўйхати билан танишасиз. Бу рўйхатда эса тадбиркорлик объектини қуриш учун сарфлашингиз лозим бўлган маблағни умрингизни охиригача қоплай олмаслигингиз 200 фоиз аниқ бўлган, оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ноқулай бўлган ер участкалари мавжуд бўлади.

Ушбу ер майдони одатда 50-150 метр квадратдан ошмаган бўлиб, қурилиши лозим бўлган бино учун на автомобиллар тўхташи учун, на атрофни ободонлаштириш учун, на бир ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун очиқ майдон назарда тутилмаган бўлади. Тўғри, жуда камдан кам ҳолатда тасодифан марказий кўчаларда жойлашган участкаси тушган бўлиши мумкин, аммо сиз бу участкага талабон бўлмоқчи бўлсангиз “бу участка аллақачон танловда ютиб олинган” деган жавоб олишингиз тайин. Аммооо-о, сиз туман ёки шаҳар марказини айланиб кўрсангиз, ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек, қатор қурилаётган тадбиркорлик объектларини кўришингиз мумкин. Ҳайрон бўлишингиз мумкин, ахир қанақасига бу манзилда 285 сонли қарорга кўра ер участкаси танловга қўйилгани йўқ-ку? Бу сиз учун оламшумул ҳолат бўлиши мумкиндир, аммо мансабдаги амалдор учун бу янгилик эмас! Одатда бундай харидоргир ер участкаларини эплаб билганлар олади. Эплаш учун амалдорнинг тилини топиш ҳам осон бўлмаса керак, ахир бечора амалдор сизнинг мушкулингизни осон қилиш учун юқоридаги кўрсатган қароримизнинг 1 иловасидан “Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисида низом”нинг 3 бандида кўрсатилган истисноларни тер тўкиб “топади”.

Қарабсизки яна амалдорнинг “сихи ҳам куймайди, кабоби ҳам куймайди”, муҳими қонун ҳам бузилмайди. Ахир машойихлар бекорга “қаловини топсанг, қор ёнади” деган эмаслар. Муҳими қаловини тўғри топиб билсангиз бас!

Амалдор сизнинг истаган истагингизни рўёбга чиқариб беради.

Шу десангиз энди менам амалдорлардан қорни ёндиришнинг қаловини ўрганмоқчиман, истасангиз келинг туманимизга, биргаликда ўрганамиз, а, лаббай!

Қор ёндиришни қаловини излаб тополмаётган Давлат Назар.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *