Қаҳрамон Қуронбоев: Ҳеч бир ёш эътибордан четда қолмайди.

Шу йил 26 октябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биносида онлайн мулоқот ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат Маслаҳатчиси, Марказий Кенгаш раиси Қаҳрамон Қуронбоев ёшлар томонидан йўлланган саволларга тўғридан-тўғри жавоб бериб борди.

Икки соат давом этган ушбу онлайн мулоқотда тўрт юзга яқин савол келиб тушди ва белгиланган вақт мобайнида етмишдан зиёд саволга жавоб берилди. Ёшлар билан бу каби тўғридан-тўғри мулоқотлар давомли бўлиши, кейинчалик турли ҳудудларга чиқиб, бевосита мулоқотлар қилиниши онлайн суҳбат давомида ҳам таъкидланди. Ёшлар ҳаёти ва истиқболига дахлдор ушбу мулоқотдаги баъзи савол-жавобларни эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

 

Савол: Барчамизга маълум, жорий йилнинг 30 июнида мамлакатимиз раҳбари бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашиб, Ёшлар иттифоқини тузиш ва унинг фаолиятини тубдан яхшилаш тўғрисида, ёшлар ташкилоти янгича тизимда ишлаши кераклиги хусусида ўз мулоҳазаларини билдирган эди. Хўш, Иттифоқ ҳозирги кунда қандай янгича тизимда фаолият олиб бормоқда?

Жавоб: Очиғи, бу савол менга ҳар доим берилади. Бу гапимни аввал ҳам айтганман, яна такрорлайман: ташкилотимиз росмана янги тизимда иш бошлади. Хабарингиз бор, Ёшлар иттифоқи ташкил топганига яқинда юз кун бўлди. Биринчи кундан бошлабоқ ёшларнинг таклиф, фикр-мулоҳазалари асосида иш бошладик ва давом эттирмоқдамиз. Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри, 194 та туман ҳамда шаҳар  Кенгашлари раислари, 10 мингта умумтаълим мактаби, 1500 та лицей ва коллежда бошланғич ташкилот етакчилари бор, аммо уларнинг барчаси ҳам бугунги кун талаби даражасида деб айтолмайман. Шунинг учун Марказий Кенгаш қошида ноябрдан бошлаб ҳар бир таълим муассасаси етакчиларини бир ҳафталик малака ошириш ўқув жараёнларига жалб қиламиз. Аввалбошда вилоят ва туман Кенгашлари раисларини ўқитганимиз каби энди энг қуйи бошланғич ташкилот етакчиларининг ҳам малакасини оширамиз.

Янги тартиб бўйича, етакчилар кимнингдир тавсияси билан эмас, айнан ёшларнинг танлови асосида сайланади. Яқинда айрим олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчилари сайловларида бир ўринга 8-10 та номзод кўрсатилганига гувоҳ бўлдик. Демак, ёшлар ўз етакчиларини сайлашга бефарқ эмас. Ва яна битта нарсани таъкидлашни истардим, Иттифоқнинг ҳар бир тумандаги кенгаши ўз чора-­тадбирлар дастурига эга бўлади. Бу дастурлар ўша ҳудуд ёшларининг ҳаёти ва фаолиятига мос бўлиши керак.

…Авваллари ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун туманларга 150-200 минг сўм маблағ ажратилган бўлса, 2018 йилдан бошлаб бу маблағ ҳар бир туманга 15-20 миллион сўмни ташкил этади. Бу билан биз ҳар бир ёш аъзо манфаатига хизмат қиламиз.

 

Савол: Олий таълим муассасаларида ўқиётган ёшларга иттифоқнинг қандай имтиёзлари бор?

Жавоб: Бу савол ҳам жуда ўринли. Биз бу йўналишга энг асосий ишлардан бири сифатида қараяпмиз. Олий маълумотли ёшларни кўпайтириш ўзимиз учун фойда. Шу боис бошланғич ташкилотларимиз етакчиларини олий маълумотлиларга алмаштирдик. Кўпчилик “Нега етакчиликдан ўрта-махсус маълумот эгалари олиб ташланди?” деган савол билан мурожаат қилади. Бундай саволлар ушбу мулоқот давомида ҳам йўлланди. Бу ўрта махсус маълумотли кадрларни ишдан четлатиш дегани эмас. Биз яхши ва керак кадр бўлса, ўрта махсус маълумотли мутахассисларни ҳам тизимда олиб қоляпмиз. Уларни бутунлай ўзимиздан узоқлаштирганимиз йўқ. Олий таълим муассасаларининг сиртқи бўлимларида тизимда фаолият олиб борган ўрта махсус маълумотли ёшларни ўқитиш масалаларини ҳам кўриб чиқяпмиз.

Шунингдек, ушбу ўқув йилидан бошлаб ўзлаштирган ўқув кўрсаткичи 86 балдан юқори ва Ёшлар иттифоқи тизимида фаол бўлган талабаларга тўлов-шартнома суммасининг 35 фоизини тўлаб беришни ўз зиммамизга олганмиз.

Яқинда бўлиб ўтган тест синовларидан кейин, университет ва институтлардаги қўшимча қабулга амалий ёрдам берилиши сўралган кўпгина аризалар келиб тушди. Биз ҳозир Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги айнан шу масала билан шуғулланадиган комиссияга 35 нафар ёшни тавсия қилганмиз. Уларнинг аризалари яқин кунларда кўриб чиқилади.

 

Савол: Телевидение орқали иттифоқнинг махсус мукофоти ҳақида эшитиб қолдим. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз…

Жавоб: Ҳақиқатан ҳам биз катта танлов – Ёшлар иттифоқи мукофоти бўйича қарор қабул қилдик. Танловга ҳужжатлар 25 октябрдан 25 ноябргача қабул қилинади. Бундан асосий мақсад нима? Мақсад битта – турли соҳаларда фолият олиб бораётган энг яхши ёшларни аниқлаб олиш! Ушбу мукофот 35 та йўналишда берилади. Меҳнатга яраша мукофот деганларидек, мукофот миқдори ҳам оз эмас – энг кам иш ҳақининг 30 баробари қилиб белгиланган. Биз мукофотни топшириш маросимини жуда катта тантана билан ўтказиш ниятидамиз. Насиб қилса, ўша 35 та йўналиш бўйича энг яхши деб топилганларни пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саро­йида тантанали равишда тақдирлаймиз. Ушбу маросимга кўзга кўринган ва турли соҳаларда устоз даражасига етган дарғаларимизни ҳам таклиф этишни режалаштирганмиз. Ва яна битта сирни, майли, очақолай: режаларимиздаги энг асосий масала шуки, ғолиб бўлган ёшларни ўз соҳалари бўйича чет элга бир ой муддатга малака оширишга юборишни кўзлаганмиз.

 

Савол: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва чет мамлакатлардаги ёшлар ташкилотларининг алоқаси ҳақида хабаримиз бор. Турли халқаро ёшлар танловларида ўзбек ёшлари қай даражада иштирок этяпти?

Жавоб: Бир нарсани очиқ айтишим керак. Ёшлар Ёшлар иттифоқини қўллаб-қувватлаётган экан, биз ҳам уларнинг ҳар бирини қўллаб-қувватлаймиз. Ўз истеъдоди ва иқтидорини намоён қила оладиган фарзандларимиз мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган кўрик-танловларга жалб қилинмоқда. Энди халқаро танловларга келсак. Мана, яқинда Сочида ўтказилган ёшлар ва талабалар фестивалида юртимизнинг барча вилоятларидан ёшлар иштирок этиб келди. Ёки Пекинда бўлиб ўтган болалар фестивалини олайлик. Унда ҳам тўққизта вилоятдан саралаб олинган энг иқтидорли ўғил-қизларимиз қатнашиб, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлишди. Мақсадимиз аниқ – бирорта ёш эътибордан четда қолмайди. Биз бутун мамлакат, аниқроғи, бутун ёшлар аудиториясини эзгу мақсад доирасида қамраб оламиз.

Яна бир масала. Президентимизнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлашлари натижасида яқин ойларда юртимизда Халқаро ёшлар ассоциация­сини тузиш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Янгилик сифатида тағин бир нарсани айтишни хоҳлардим. 2018 йилдан халқаро танловларни юртимизда – серқуёш Ўзбекистонимизда ҳам ташкил этамиз.

 

Савол: Ёшлар иттифоқи ахборот технологияларини ривожлантириш борасида қандай ишлар олиб бормоқда? Шу соҳага алоқадор қайси ташкилотлар билан ҳамкорлик қилин­япти?

Жавоб: Биз бу йўналишда илк кунларданоқ муайян ишларни амалга оширишга киришдик. Масалан, Марказий Кенгаш қошида айни шу соҳа – ахборот-коммуникация технологияларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида бўлим ташкил қилинган. Биз бу билан чекланиб қолмасдан, яқинда худди шу соҳада фаолият олиб борадиган ёшларни қўллаб-­қувватлаш марказини ҳам ташкил қилмоқчимиз. Бундан ташқари,  Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан жуда катта ҳамкорлик йўлга қўйилган. Вазирликда бизнинг бошланғич ташкилотимиз иш бошлади. Турли таклиф ва лойиҳаларимизни вазирлик қўллаб-қувватламоқда.

Хабарингиз бўлса керак, айнан шу соҳада яна бир янгиликка қўл урдик. Яъни, Uzmobile алоқа компанияси билан ҳамкорликда “Ёшлар” тарифи ишлаб чиқилди. Бу ҳам ёшларга ахборот технологияларидан фойдаланиш ва бир-бирлари билан алоқа қилишларида қулайлик яратиш мақсадидаги яхши ишлардан деб ўйлайман.

…Яқинда бухоролик бир йигит замонавий компьютерларни ўзимизда – Ўзбекистонда йиғиш бўйича янги лойиҳаси билан бизга мурожаат қилди. Ҳозирда шу масала бўйича ҳам иш олиб боряпмиз.

 

Савол: Синглим аграр йўналиши бўйича мутахассис. Уни ишга жойлаш борасида Иттифоқ қандай ёрдам бера олади?

Жавоб: Очиғи, бизга аграр соҳа бўйича мутахассислар жуда зарур. Иттифоқ қошида Ёш фермерлар кенгаши тузилди. Яқинда ушбу кенгашнинг вилоятларда, туманларда филиаллари ташкил қилинади. Синглингиз шу кенгашда ишлаши мумкин. Ёки бўлмаса, иттифоқ қошида яна учта – балиқчилик, боғдорчилик ва дуккакли ўсимликлар фермерлиги бўйича ҳам кенгашлар тузилади. Шу кенгашларда ҳам фаолият юритиш мумкин. Сиз ўз туманингиздаги иттифоқ кенгашига мурожаат қилинг. Бу масала ижобий ҳал қилинади.

Савол: Чет элда ўқиб ёки ишлаб юрган ўзбек ёшларининг манфаатларини Ёшлар иттифоқи ҳам ҳимоя қиладими?

Жавоб: Жуда яхши савол экан! Қаерда бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон фуқаросими, у бизнинг фарзандимиз. Статистик маълумотларга қараганда, ўзбек ёшлари 17 миллионни ташкил қилади. Ушбу ёшлар қаерда бўлишмасин, Ёшлар иттифоқи ҳар бирининг манфаати учун ҳаракат қилади. Сабаби, бу ташкилот шу мақсадда – ёшларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган.

Чет элдаги ёшларимиз масаласида тўхталадиган бўлсак, бир нарсани айтишим мумкин. Ҳар бир давлатда Халқаро ёшлар ассоциациясининг ваколатхоналари бор. Шу ваколатхоналар орқали биз ёшларимизнинг манфаатларини ҳимоя қила оламиз.

Биз яқинда Хитойда бўлиб, Шанхай ва Пекин шаҳарларида ўзбек ёшлари билан суҳбат қурдик, уларнинг ўқиш ва фаолиятлари билан танишдик. Мана, яқинда Россия Федерациясининг Новосибирск, Санкт-Петербург, Москва, Астрахан каби шаҳарларида хизмат сафарида бўламиз. Ушбу шаҳарларда ўқиб-ишлаётган ёшларимизнинг яшаш шароитлари, иш ёки ўқиш жойларини, кимлар билан мулоқот қиляпти, қаерларга боряпти – ҳамма-ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўриб, мавжуд муаммоларга ечим топиб келиш ниятидамиз.

Савол: Ёш оилаларга, айниқса, ёш оналарга қандай имкониятлар бор?

Жавоб: 2018–2021 йилларда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласида Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқди. Бу борада тизимли ишларни амалга оширамиз. Жумладан, 258 та кўп қаватли уй қуришни режалаштирганмиз. 2018 йилнинг ўзида 2149 ёшни уй-жой билан таъминлашни режалаштирганмиз.

Ёш оилаларга уй беришда, очиғини айтиш керак, аввал баъзи ҳолларда таниш-билишчилик бўлган. Айрим уй соҳиблари ёшлар ташкилотига алоқаси йўқ, ташкилот ҳақида етарли тасаввурга ҳам эга эмас. Аммо энди янги тизимда иш бошлаган Ёшлар иттифоқи ёш оилаларга қурилаётган ушбу уйларни биринчи навбатда иттифоқ фаолиятида қизғин иштирок этаётган ёшларга беришни кўзлаган. Бу дегани, бошқа ёшлар эътибордан қолиб кетади, дегани эмас. Биз имкон борича юртимиздаги барча ёшларни ўз сафимизга қўшамиз.

Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Авваллари агар аёл ўз эридан ажрашган бўлса, уй беришда муаммолар бўлган. Энди ўйлаб кўринг, фарзанди билан ёлғиз қолган аёл ҳам моддий ва маънавий ҳимояга муҳтож, у ҳам оиласини, фарзандини боқиши керак. Айнан шу масалада ҳам биз тизимли ишлар олиб борамиз. Аслида… ёш оилаларда ажралиш­лар сонини батамом камайтириш масаласи бизнинг асосий мақсадларимиздан бири. Бу масалада биз маҳалла фуқаролари йиғинлари ва бошқа жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқдамиз. Бу ишларимиз ҳам, насиб қилса, ўз самарасини беради.

 

Таҳририятдан: Онлайн мулоқот жуда қизғин, жонли руҳда ўтди. Белгиланган вақт доирасидан ташқарида қолган саволлар ҳам ўрганилиб, кўриб чиқилиши қайд этилди. Энг муҳими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига нисбатан мамлакатимиз ёшларининг ишончи, талпиниши кучаяётганидан мамнунмиз. Ўзаро ишонч ва ҳамкорлик бор жойда эса, ҳар қандай муаммо ҳал бўлишини барчамиз яхши биламиз.

 

 

Ҳусан Мақсудов  оққа кўчирди.

yoshlikjurnali.uz дан олинди.

Таҳририятдан: Биз бугун ушбу мақолани кўчириб беришмиздан асосий мақсад,  баҳс мунозара жараёнида иккала тамоннинг ҳам фикрини эшитишдан иборат.  Негаки кейинги кунларда сайтимизда Ёшлар Иттифоқининг фаолиятини танқид қилувчи  бир қатор мақолалар эълон қилинди. Шу боисдан ҳам «Файзбоғ» сайти таҳририяти  Ёшлар Иттитфоқининг раҳбарининг фикр мулоҳазаларидан иборат ушбу мақолани ёритиш орқали  давлатимизнинг ёшларга оид сиёсатини ижроси ва уни такомиллаштириш доир баҳс мунозарани монологдан диалогга айлантиришга  интилади. Зеро бизларнинг барчамизни мақсадлар  муштараклиги бирлаштиради. Пироварддаги умумий мақсадимиз эса Ўзбекистонимизнинг  келажагини том маънода буюк қилувчи кадрларни  шакллантиришдир!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.