Қаҳрамон Асланов: Исломда аёлнинг ўрни

Исломда аёл кишининг ўрни деганда, нафақат четдан баҳо берадиганлар, балки мусулмон биродарларимиз ҳам “уйда ўтириш, бола боқиш, овқат пишириш” дейиш билан чекланадилар.

Аммо эътибор беринг, Қуръондаги жуда кўп пайғамбарлар (масалан, Нуҳ, Иброҳим, Юсуф, Мусо, Исо..) қиссаларида аёлларнинг воқеаларнинг марказида бўлганликларини кўрасиз, саодат асрида жамиятда жуда фаол бўлган аёллар бор. Эридан шикоят қилиб, пайғамбаримиз (сав) остонасига ётиб олган аёл ҳақида ҳам, Умарга қарата “Сен ким бўлибсанки, Аллоҳ чегара қўймаган маҳрга чегара қўясан” деган аёл ҳақида ҳам, ҳатто жангларда қатнашган аёллар ҳақида ҳам эшитганмиз. Ҳазрати Ойша (р.а) маълум даврда сиёсий зиддиятда асосий фигура бўлганлар – ноҳақмидилар, йўқми, бошқа масала, аммо ҳеч ким унга “сен аёлсан, аралашмай, уйда ўтир” деган фикрни айтмаганини таъкидлаш керак.

Бутун дунёга устоз бўлган олимларнинг ҳам камол топишида уларнинг оналари муҳим аҳамият касб этгани ҳақида ҳам кўп эшитганмиз. Бир қанча мавзуларда аёлнинг эркакдан фарқли экани ҳақида фикрлар келади, аммо бу уларнинг тенг эмаслигини англатмайди.
Кейинчалик, ўша мусулмон мамлакатларда ҳам аёлнинг ўрни фақат харамларда “учтама тўртта бўлиб олишиб чақчақлашадиган, ўйин кулги қиладиган, бола туғиб берадиган” даражага тушиб қолгани кўпроқ мусулмонларнинг айбидир.

Мисол учун, агар аёл мавзусидаги пост ёзилса ёки аёл муаллифнинг фикрлари чиқса, унинг аёл эканига урғу берадиган, мунозаралардан қувишга ҳаракат қиладиган, аёлнинг айнан аёллик хусусиятини марказга қўядиган мусулмонларни кўп кўраман. Балки ўша саодат йилларида ёки юртимизда илм-фан тараққий топган асрлардаги эркакларнинг савияси жамиятда аёлларнинг зехнини, фикрларини қабул қила оладиган, уларни ҳимоя қила оладиган даражада юқори бўлгани учун аёллар фаол бўлган, биз жамиятда аёлларни кўтара оладиган салоҳиятимиз йўқлиги учун уларни уйга қамаётгандирмиз?

Ислом эмасмиди, аёлларга мулк сифатида қараладиган жамиятда уларни ижтимоий фаол қатлам сифатида кўтарган? Энди эса, гўёки, тескариси, айнан Ислом аёлларни уйга қамайдигандек хулоса чиқиб қолмоқда.

Аслини олганда, бу ерда муҳим бир жиҳат бор. Бугунги кунда аёлларнинг ислом шартлари асосида жамиятда фаол юришлари, қатнашишлари учун баъзи тўсиқлар борки, натижада аёлларнинг уйда ўтиришлари бу ҳолатда ечим сифатида юзага келади. Эътибор беринг, айнан ечим сифатида, тарғибот ёки мафкура сифатида эмас. Маълум шароитларда қандай ҳаракат қилиш учун берилган ечим ҳеч қачон инсонларнинг интилиши керак бўлган вазият ўлароқ намоён бўлмаслиги керак, менимча. Бу ҳолатнинг “Исломнинг аёлга бўлган муносабати” ўлароқ акс этиши эса, умуман нотўғри. Бу исломнинг аёлга эмас, маълум шарт шароитларга бўлган муносабатидир.

Жамиятда аёлларнинг фаол бўлишлари борасида шароитлар яратиш, тўсқинликларга барҳам бериш ҳақидаги мунозаралар кўпроқ бўлиши керак, аёлни уйга қамаш, уларни жамиятдан четлатиш ҳақида эмас. Ахир «Нисо» (Аёллар) сурасида Аллоҳ фақат бола тарбияси ёки овқат пишириш ҳақида сўз юритганмидики, Аёл деганда хаёлимизга фақат шу мавзулар келсин?

Қаҳрамон Асланов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.