“Қабилани маддоҳлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Ханатурика қабиласининг қонуни

1-модда. Қонуннинг мақсади.
Ушбу қонун жамиятда илдиз отиб, тобора гуллаб-яшнаётган маддоҳлик иллатини таг-туги билан йўқотиш мақсадида қабул қилинди. Бу қонун маддоҳликни расман тақиқлайди, маддоҳларнинг фаолиятини тугатишга ижтимоий кафолат беради. Бундан ташқари қонунни бузганлик учун жавобгарлик чораларини белгилайди.

2-модда. Қабилани маддоҳлардан ҳимоя қилиш тўғрисида қонун ҳужжатлари.
Бундай қонун ҳужжатлар нафақат қабиламиз тарихида, балки бутун башарият юриспруденсиясида қабул қилинган эмас.

3-модда. Маддоҳ.
Маддоҳ – эркин фикрлаш лаззатидан онгли равишда воз кечган. Ўз сўзи ва овозига эга бўлмаган одамсимон мавжудот. Чунки унда фикрлаш қобилияти йўқ ёки қотиб қолган. Кўринишидан одамга ўхшагани билан аслида у инсон эмас.Тилидан ҳамд-сано тўқишдан бошқа гап чиқмайдиган, паразитлар туркумига яқин бўлган жонзот. Улар ўзларини журналист ва шоир ниқобига ўраб, асл шоирлик ва журналист деган шарафли номга доғ туширган кимсалардир.

4-модда. Маддоҳликка йўл қўйилмаслик.
Қонун эълон қилинган кундан бошлаб Ханатурика қабиласи ҳудудида маддоҳлик қилиш тақиқланади. Маддоҳликнинг ҳар қандай кўринишларига чеклов жорий этилади. Қонуннинг бу бандига ҳеч қандай истисноли ҳолатлар мавжуд эмас. Бундан кейин оддий эътирофга ҳам маддоҳликнинг бир тури сифатида қаралади.

5-модда. Маддоҳликнинг кўринишлари.
— Ҳар қандай кўринишдаги мақтов;
— ялтоқланиш;
— арзимас ютуқни ушлаб олиб, пашшадан фил ясаш қабилидагидек уни тарқатиш;
— ўзгаларни танқид қилиш орқали маълум бир шахснинг номини улуғ қилиб кўрсатиш;
— бўлар-бўлмасга ватанпарварлик сўзини ишлатавериш;
— танқидчиларни ҳақорат қилиш (бу ҳам қайсидир амалдорга ёқишга уриниш сифатида баҳоланади);
— ҳамд-сано мазмунидаги ҳар қандай санъат асарлари (қўшиқ, шеър, тасвирий санат намуналари в.ҳк.лар);

6-модда. Маддоҳликка қарши жазо чоралар.
Маддоҳлик қилган айбдорга қарши қисқагина қуйидаги жазо чоралари қўлланилади:
— Агар шахс эҳтиётсизлик оқибатида маддоҳлик қилиб қўйган бўлса энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача жаримага тортилади;
— Муқаддам маддоҳлик қилганлиги учун жазо тортилиб, яна ширинсуҳанлик қилган шахслар энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жаримага тортилади;
— Маддоҳликни доимий касб қилиб олган шахсларнинг тили кесиб ташланади;
— Агар маддоҳнинг мақтовлари сиёсий элитага йўналтирилган бўлса, бу — ўта жиддий маддоҳлик, деб ҳисобланиб, айбдор маддоҳ бир умрлик қамоқ жазоси ёки айрим ҳолатларда ўлим жазосига ҳукм қилинади;

Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ! Қонун халқ муҳокамаси учун «Файзбоғ»да эълон қилинсин.

Ханатурика қабиласи оқсоқоли: Тум Бук Чан.

P/S: Эслатма: изоҳ қолдираётганда эҳтиёт бўлинг. Жавобгарликка тортилиб қолишингиз мумкинлигини унутманг.

P/S 2: Муҳокамадан ўтганидан кейин қонунга қўшимчалар киритилади.

Ривожиддин Абдумаликов

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *