Ўқитувчи ва шифокорларнинг тўловлари қаёққа ғойиб бўлмоқда?

Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги мактаб ўкитувчилари ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақидан ушланган электр энергияси учун тўловлар уч ой кечикиб истеъмолчи ҳисоб рақамларига ўтказилмоқда. Август ойига келиб ҳалигача фақат май ойида ушланган пуллар истеъмолчилар ҳисоб рақамига бориб етган холос. Туловларнинг кеч бориб етиши натижасида ўқитувчи ва шифокорлар электр энергияси учун қўшимча равишда пул тўлашга мажбур бўлмоқдалар.

Охирги бир йилдан бери давом этиб келаётган бу ҳолат нима сабабдан рўй бераётганлиги ва бунга ким айбдор эканлигини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Туман Мажбурий ижро бюроси расмий вакили ҳам ойлик иш ҳақидан ушланган пулларнинг кеч етиб бораётганидан хабардор эканлигини, лекин бу муаммо Бюро фаолиятига дахлдор эмаслигини билдирди.

Бугунга келиб Самарқанд тумани халқ таълими бўлими ва туман тиббиёт бирлашмасида жами 5500дан ортиқ ходим ишлайди.

Туман молия бўлими раҳбарининг берган маълумотига кўра, ўқитувчи ва шифокорлардан элетр энергия учун ушланган пуллар кейинги ойнинг тўртинчи санасидан кечиктирмасдан энергосотиш корхонасига тўлиқ ўтказиб келинмоқда.

Молия бўлимининг берган статистик маълумотига кўра, туман ўқитувчи ва шифокорларидан электр энергияси учун бир ойда тахминан 200 млн сўмга яқин маблағ ушланар экан.

Иш ҳақидан ушланган пулларнинг кечикиб ўтқазиши натижасида 400млн сўмга яқин маблағ энергосотиш корхонасида доимий равишда тақсимланмаган маблағ сифатида туришини ҳисоблаш қийин эмас.

Ўқитувчи ва шифокорлардан ушланган пулларнинг уч ой ўтиб кеч абонент ҳисоб рақамига ўтаётганлиги Самарқанд тумани Халқ таълими бўлими ва Туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчилари томонидан ҳам тасдиқланди. Аммо, ҳар иккала бош ҳисобчи ҳам бу ҳолат сабаблирини асосли тушунтириб бера олмадилар. Уларнинг иддао қилишларича, бунга техник сабаблар айбдор ва бу қачон бартараф этилиши номаълум экан.

Бугунги кун ҳолатига Самарқанд тумани ўқитувчи ва шифокорлардан июн ва июл ойи ҳисобидан электр энергияси учун ушланган пуллар энергосотиш корхонасига ўтказилган, лекин абонент ҳисоб рақамларига тақсимланмаган.

Нима учун на Халқ таълими вазирлиги ва на Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз ходимларининг бир йилдан бери давом этиб келаётган муаммоларига бефарқ бўлмоқда?

Энергосотиш корхонаси юзлаб миллионлик тақсимланмаган пуллардан қандай манфаатдор бўлиши мумкин?

Бундай муаммо бошқа туманларда ҳам мавжудми?

Тегишли давлат идораларининг қуйидаги ҳолатга эътибор қаратишини хохлаймиз.

Мирзо Субханов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *