Президентга мурожаат: Ноҳақ қамалганларни озод қилинг! (Имзо тўпланмоқда)

Диний айбловлар билан қамоқда ётганларнинг аксари ноҳақ қамалгани сир эмас. Қуйида уларни озод этишни илтимос қилиб президентга мурожаат тайёрладик.

Мурожаатга бир неча кун давомида имзо йиғиб, кейин уни Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига жўнатиш ниятидамиз. Унга имзо қўйишда исм-шарифиингиз ва яшаш жойингизни кўрсатсангиз, кифоя. Бунда Ўзбекистон ичидагилар туман, шаҳар ёки вилоят номидан ўзи истаганини (Тошкент шаҳри, Шофиркон тумани, Андижон вилояти тарзида), хориждагилар эса яшаб турган шаҳри ва давлатини ёзадилар.

Қўйилган имзолар муайян вақт давомида мурожаат матни остига киритиб борилади.

——————————————

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович Мирзиёевга
бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари номидан

МУРОЖААТ

Ҳурматли Президент Шавкат Миромонович!

Президент лавозимида фаолият бошлаганингиздан буён сизнинг бошчилигингизда Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Сиз халқимизга сўз эркинлигини берганингиз, халқнинг дардини эшитиш мақсадида виртуал қабулхона очганингиз ва келиб тушган аризалар асосида тегишли чора-тадбирлар кўраётганингиз таҳсинга сазовордир. Халқимиз бу ижобий ўзгаришларни сидқидилдан қўллаб-қувватламоқда.

Қолаверса, мамлакатдаги барча таъсир кучига эга бўлган муассаса ва идоралар, жумладан миллий хавфсизлик хизмати, прокуратура, суд, милиция, сиёсий партиялар, депутатлар, сенаторлар ва маҳаллий ҳокимият амалдорларининг ишларига мунтазам танқидий ёндашаётганингиз юртимизда катта ўзгаришлар бошланганлигининг далилидир.

Ушбу кенг қамровли ислоҳотлар туфайли илгари ҳуқуқлари поймол бўлган кўплаб фуқароларимизнинг ҳуқуқлари тикланаётгани қувонарли ҳолат. Аммо бир тоифа инсонлар ҳали ҳануз бу ислоҳотлар оқимидан тўлиқ баҳраманд бўлмаяптилар. Булар – диний сабаблар билан ноҳақ ёки адолатсиз қамалган фуқаролардир.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, сизнинг ташаббусингиз билан 16 минг киши «қора рўйхат»дан чиқарилди. Бу машъум рўйхатдаги ҳар бир инсоннинг камида 5 нафардан қариндоши бор деб ҳисобласак, сиз камида 80 минг кишининг қалбига шодлик олиб кирдингиз. Ушбу 80 минг киши энди давлатимиз, жамиятимиз ва сиз бошчилигингизда олиб борилаётган сиёсатни ўзига дўст деб ҳисоблай бошлаганини тахмин қилиш мумкин.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, сиз селектор мажлисларингизда суд-хуқуқ тизимидаги адолатсизликлар ҳақида доимо гапириб келасиз. Хусусан, 2017 йил, 7 декабр кунги мукофотларни топшириш маросимида қилган нутқингизда: «Судлардаги адолатсизликларни мен ўзим яхши биламан», деб айтдингиз. Худди шунингдек, Халқаро Пресс-клубнинг 2017 йил, 30-декабрдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмита раиси ўринбосари Гавҳар Алимова: «Ўтган йиллар давомида мингларча фуқароларимиз ноҳақ айбланган», деб эътироф этди.

Яқин ўтмишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси билан айбланиб қамалганларнинг аксари мутлақо айбсиз ва адолатсиз тарзда қамалган фуқаролардир. Кўпчилигининг ишлари жиноят-процессуал қонунчилик нормалари қўпол тарзда бузилиб, уларга чин маънодаги адвокат берилмасдан ўтказилган.

Биз «уларнинг ҳаммаси айбсиз», деган даъводан йироқмиз. Диний сабаблар билан қамалганларнинг айримлари қанчадир миқдорда айбдор бўлиши ҳам мумкин, лекин улар ҳам қайта адолатли суд қилиниши лозим деб ўйлаймиз.

Халқаро майдонда ҳам Ўзбекистонга қарши илгари сурилаётган айбловларнинг энг юқорисида диний ва сиёсий сабаблар билан қамалган маҳбуслар масаласи тилга олиниши ҳеч кимга сир эмас.

Муҳтарам Президент Шавкат Миромонович!

Биз, қуйида имзо чеккан Ўзбекистон фуқаролари, сиздан бу тоифа маҳбуслар ишларини адолатли тарзда қайта кўриб чиқиш, ноҳақ қамалганларини эса озод қилиш ҳақида кўрсатма беришингизни сўраб қоламиз.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда: “Ким бир жонни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади”, дейди (Моида-32). Шубҳасизки, зулм билан қамалганларни озод қилиш мазлумлар ва уларнинг яқинларига ҳаёт бағишлашнинг бир кўринишидир.

Ислом дини – сайёрамиздаги энг динамик цивилизациядир. Келажакда дунё сиёсатида ислом ва мусулмонларнинг салоҳияти фақат ортиб боради. Ўзбекистон – кўп жиҳатдан мусулмон дунёсидаги энг салоҳиятли давлатлардан биридир, лекин ҳали бу салоҳият ўз ифодасини тўлалигича намойиш қила олгани йўқ. Биз 1.7 миллиардлик мусулмон дунёсида сиз муҳтарам Президентимизни энг юксак таъсир доирасидаги шахслардан бири сифатида кўришни истаймиз! Сиз Ислом Уммати ва дунё ҳамжамиятини ҳаракатга келтирувчи салоҳият соҳиби бўлишингизни ҳоҳлаймиз! Ишончимиз комилки, бу йўлдаги қадамларнинг энг аввали – қамоқда қолаётган диний маҳбусларни озод этиш ва янги давлатимиз шаънини бу оғир юкдан халос этишдир.

Сизга юксак ҳурматимиз ва камоли эҳтиромимизни билдириб,

Имзо чекувчилар:

1.

4 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *