Президент сиёсатига қарши бориш… ёхуд солиқ бошқармаси қачон халққа ҳисобот беришни ўрганади?

Яқинда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати бошлиғи Музаффар Назаровнинг шахсий саҳифасида Навоий вилоят солиқ бошқармаси янги бинода иш бошлагани тўғрисидаги хабар улашилди. Пост остида озгина баҳс бўлиб ўтди. Унда мен халқ пулига ўзларингга бино қуриб, камига дунёга жар солаверинглар, деган мазмунда фикр қолдирдим. Солиқчи ака мени солиқ ҳақида билимларга эга бўлмасдан бундай фикр билдирмасликка чақирди, орага Жиззах вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари бўлиб ишлайдиган опа қўшилиб, мени саводсизликда айблаб, туғилаётганимда қандайдир касаликка чалинганимни ишора қилиб ўтди. Қолаверса, бу ишлар шахсан президент кўрсатмасига биноан қилинганини айтиб, мени давлат сиёсатига қарши фикр билдиришда айблади, хуллас, шахсий фикр билдирган одамнинг шахсиятига ўтиш, уни давлат сиёсатига қарши душман сифатида кўрсатишга уринишдек юз йиллик одат яна ўз юзини кўрсатди.

Кескинлик кучайишидан чўчишми, ёки фақат яхши гап эшитишга бўлган хоҳишми, билмадим, пост эгаси изоҳларнинг барчасини ўчиришга қарор қилди. Танқид (ўринли-ўринсиз бўлишидан қатъи назар) ва фикр эркинлигига тоқатсизлик амалдорларимиз қонига чуқур сингиб кетганини тўғри тушунаман. Бироқ орадан бир фурсат ўтиб нега бу гапни яна кўтариб чиқаяпман, фикр билдириш, пост остига изоҳ қолдиришдан мақсад нимадан иборат эди? Гап шундаки, нормал жамиятларда, ривожланган давлатларда давлат идоралари ҳар бир сарф-харажати юзасидан халққа ҳисоб беришга мажбур. Конституциямизда белгилангандек, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир (7-модда), давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади (2-модда). Фикр билдириш эса менинг конституцион ҳуқуқим. Ўша постда фикримни асослар эканман, Навоий вилоятида солиқ бошқармасига 3,2 млрд сўмга қурилган бинога зарурият бор-йўқлиги, балки ундан аввал бошқа модернизацияга мухтож инфратузилмалар таъмирланиб, янгилари қурилиши керакдир, деган гапни айтгандим. Хўш, ҳурматли солиқчилар, янги бино қурилгани ҳақида хабар бераркансиз, давлатнинг, яъни халқнинг шунча пули (Музаффар аканинг иддао қилишича, бу қурилиш мен каби тадбиркор ва солиқ тўловчилар тўлаётган солиқлар эмас, бошқа маблағларга қурилган экан, умуман, манбанинг нима аҳамияти бор) бекорга сарф бўлмагани, аввал вилоят солиқчилари ҳақиқатдан ҳам хароб аҳволдаги, 70-йилларда қурилган мослаштирилган бинода ишлаганини нима учун маълум қилмайсизлар? Бу каби маълумотлар ошкор қилинмас экан, эҳтимол «тепадаги» амалдорлар давлат пулини ўзлаштириш, талон-тарож қилиш учун зарурат бўлмаса ҳам янги бино қуришга қарор қилгандир, деган фикрга ҳар ким бориши мумкин.

Эсингизда бўлса керак, яқинда республика бўйича йўлларни таъмирлаш дастури қабул қилинди. Бизнинг Дўстлик шаҳридаги йўлларнинг аҳволи эса расво. Мутасаддининг айтишича, 30 км га яқин ички йўл капитал таъмирга муҳтож, аммо бор-йўғи 7 км йўлни таъмирлаш учун бутун бошли туманга 900 млн сўмдан сал зиёдроқ маблағ ажратилган. Навоийда битта солиқ идораси қурилишига эса 3,2 млрд!

Менга бюджет тақсимоти, солиқ сиёсати ҳақида маъруза ўқиманг, Музаффар ака! Менга кўзим тушиб турган муаммо ва унинг айни дамдаги ечими қизиқроқ ва муҳимроқ, шунинг учун Ўзбекистоннинг қаерида бўлмасин, катта маблағ сарфланиб бирор бино қурилаяптими, мени қийнаётган ва ўйлантираётган муаммолар кўзимга кўринаверади ва сизга ўхшаганлардан сўрагим келаверади: қайси пулга қурдинглар, ҳақиқатдан ҳам бунга зарурат бормиди?!

Постда охирги мулоҳазам «ҳали шундай замон келадики, давлат бюджетидан сарфлаётган ҳар бир сўмингиз учун халқ олдида ҳисоб берасизлар», деган гап бўлди. Ростдан ҳам! Содир бўлаётган жараёнлар Ўзбекистонда ҳам рисоладаги давлат ва жамият қурилаётганидан дарак бераяпти. Вақти соати келиб нафақат солиқчи амалдорлар, балки прокурориям, вазириям халққа таъзим қилишдан бошлайди ҳар бир сўзини. Президент сиёсатига қарши эканликда айблашлар йўқолиб, халқнинг, ҳар бир фуқаронинг мурожаати, фикрига қулоқ солиш ва улар билан ҳисоблашишга мажбур эканини англаб етади!

Санжар Саид

2 комментария

  1. Salom. Bu mavzuni ijtimoiy taroqlarda ham o’qigandim. Xalqni berayotgan haqiqiy savollari bu. «Nima uchun quruldi, nimaga buncha mablag’ ketti, shuncha pulga arzigulik bo’ldimi?». Bu savollar kimnidir aybsiz ayblash uchunmas. «Haqiqiy korrupsiyachi, poraxo’r, sustkash, odamfurush va tekinxo’rlarni yoqasidan olish uchun (bunday olib qarasa bu illatlar yashash uchun kurash yo’li bo’lib qolgan). Endi yuqorida yozilgandek davlat amaldorlarini tanqidga nisbatan bunday reaksiyasiga kelsak amaldorlarga nisbatan shubxa paydo bo’ladi. «NIMA UCHUN TUG’ULAYOTGAN SAVOLGA TO’G’RI JAVOB BERMASDAN SAVOL EGASINI XALQ DUSHMANIGA CHIQARIB QO’YMOQDA?». Kechirasizlar hurmatli amaldorlar marxamat qilib to’liq hisobotni ommaga ko’rsatib qo’yinglar. Shunda ortiqcha savollar bilan boshingizni qotirmaymiz. Albatta hisobot bilan amaldagi ish bir xil bo’lsa.

  2. «Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
    Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.
    Шавкат МИРЗИЁЕВ,
    Ўзбекистон Республикаси Президенти.

    «БИР КУНЛИК ТЎЙ ЎТАДИ-КЕТАДИ…», ЛЕКИН…

    ЭРГАШ КАРИМОВНИНГ «ЗАМБАРАГИ»
    — Нечта қўй олдингиз?
    — Битта қўзи…
    — Ўнта қўй нима бўлади?..
    * * *
    — «Водопровод» суви керак эмасми? Балки «асфальт» текислайдиган машина керакдир?.. Ўлган бувисига янги кафан, отасига — ароқ заводи, онасига — кампит заводи, синглисига — кийим фабрикаси… сизга эса — замбаракнинг ўқи…
    * * *
    Зукко газетхон бу лавҳалар қайси фильмлардан эканини дарров фаҳмлади. Энг қизиғи, бу фильмлар аллақачон тарихга айланган бўлса-да, ундаги воқеалар бугунги тўйларимиз ҳақида сўзлаётгандек туюлаверади. Нега шундай дейсизми? Негаки, «тўйимиз маҳаллада дув-дув гап бўлсин» деб ҳою ҳавасга берилган Пошшахон бугун исрофу уволдан қўрқмайдиган, тўйдан кейин рўзғори ночорлашиб қолишини хаёлига ҳам келтирмайдиган бугунги айрим аёлларга ўхшамайдими? Ёки ўсал ётган қариндошидан тортиб, куёвнинг божаси, ҳатто «магнитафон жинниси» бўлган кичкинтойларгача сийлаб, «тағин нимани унутдик?» деб турган бурунги кайвонилар бугунгисидан нимаси билан фарқ қилади?
    «Артистлар икки «группа» бўлиши керак…». Фильмда келиннинг тоғаси бу гапни айтган пайтда ҳали кўтарма кранли видеостудия ва шоколод ифорини пуфак қилиб сочадиган ускуналар, тўйхонанинг тўрт томонидаги тўй жараёнларини кўрсатиб турадиган улкан мониторлар кашф этилмаган эди. Ёки 10 жуфт қора «Каптива»дан кортеж тузиб, кўча айланишлар бўлмаган. Ёки тўй оқшомида келин ва куёв алоҳида «вальс»га тушиши, икки-уч соатгина турадиган миллионлаб сўмлик саҳна безаклари, «фотосессия», «видеоклип»лар, одам бўйи баробар дабдабали альбомлару Ҳолливуд кинолари сингари дабдабали дисклар бўлмаган. Агар бўлганида борми, бугунги ёшлар бунданда бошқачароқ «ҳунар»ларни ўйлаб топишармиди…
    Ўйлаб қоласан-да киши, ўшанда Эргаш Каримов замбаракнинг ўқини қаттиқроқ отмаган экан-да — «гумбур» этиб, бу ярамас иллатлар таг-туги билан йўқолиб кетармиди?!
    «ОРЗУ-ҲАВАС» НИҚОБИДАГИ КИБР
    Халқимизда «мушук текинга офтобга чиқмайди», деган ажойиб мақол бор. Ҳамма ҳам бирдек тўй қила олмайди-ку! Айрим бойваччалар фарзандимнинг кўнгли ўксимасин, деб оғзидан чиққанини муҳайё қилишаяпти. «Ўнта «Каптива» нима бўпти, истасанг, ўнта оқ, ўнта қорасини дарвозамиз тагига тизиб қўяман. Энг муҳташам тўйхонада 1000 кишилик базм уюштираман. Гўшт «тиздан», ароқ гўё дарё бўлиб оқади», — дейди. «Қилсам, ўз қизимга, ягона фарзандимга қилаяпман-ку! Элу юрт боламга қанчалик меҳрибон, «орзу-ҳавасли» одам эканимни кўриб қўйсин», — дейди. Ўша куни дастурхонга қўйилган қўю курканинг тандир гўшти, товуғу балиқ, банану киви, ранг-баранг салатлар, турли хил ичимликлар, суюғу қуюқ овқатлар… эҳҳе, буни кўрган одамларнинг оғзи ланг очилиб қолади. Унинг устига Тошкентдан келган, бундайроқ рўзғорнинг бир-икки йиллик харажатини икки соатда ишлаб кетадиган казо-казо санъаткорлар куйлаб турибди. Шу даврада ўтирганингдан сўнг тўй эгасининг ҳурмати учун ўша санъаткорнинг чўнтагига 10-15 минг сўм солиб қўймасангиз, уят бўлади-да. Столинг ёнига келиб, қийшанглаётган ўйинчини ҳам қуруқ қўл билан қайтариб кўринг-чи, қўядими сизни. Мусиқа ва санъаткор овози шунчалик баландки, ёнгинангизда ўтирган киши билан суҳбатлаша олмайсиз-ей. Шовқиндан қулоқ пардаларингиз зириллаб, уч кун гарангдай бўлиб юрасиз.
    «ЭЛЛИККА КИРМАСДАН ИНФАРКТ БЎЛИШАЯПТИ…»
    «Қилса ўз фарзанди учун қилибди, ўзининг маблағидан қилибди, сизга нима?» дегувчилар ҳам топилиб қолиши мумкин. Уларнинг фикрларини инкор эта олмайман. Аммо бундай серҳашам тўйларни кўрган ёшлар ундан андаза олишаяпти-да. Онасига, отасига худди шундай тўй қилиб берасиз, йўқса, тўй бўлмайди, деб шарт қўйишаяпти-ку! Куёвга «эшигим ёнида ўнта қора «Каптива» қатор турмаса, чиқмайман» деб оёқ тираб турган келинчаклар камми? Тўғри, «бир кунлик тўй ўтади-кетади», лекин… тўйдан кейин олинган қарзларни қайтариш қанчалик катта машаққат эканини дабдабабозларимиз нега ўйлаб кўришмаяпти?
    Шу йил 3 август куни бўлиб ўтган мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда Президент ушбу фикрларни билдирди:
    «Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади».
    ОТА ҲАСРАТИ
    Бу фикрга мисоллар жуда кўп. Мана, яқинда нишонлик бир танишим мени тўйга айтди. Кенжа қизини узатаётган экан. Уйига эмас, Қарши шаҳридаги муҳташам бир тўйхонага пешинда келинг, деди. Ҳайрон бўлдим. Қиз чиқараётган киши тўйни уйида, қўни-қўшнини, ёру биродорларини айтиб, ош дамлаб, ўтказарди. Қиз ўз уйидан отаси тиззасига бош қўйиб, рози-ризолик сўраб чиқиб кетарди. Ота эса оқ фотиҳа берарди. Эндиликда бу маросим тўйхонага кўчирилибди. Энди бир ўйлаб кўринг, Нишон қаёқдаю Қарши қаёқда. Қиз чиқарувчи қўни-қўшниси, қавму қариндоши ва дўсту ёрларига автобус ёллаб, Қаршига олиб боради. Тўй тугагач, тағин олиб қайтади. Бундан ташқари ўша тўйхонага камида 250 кишига ижара ҳақи тўлайди. Масаллиғу, мева-чева, нон, қанд-қурс, ичимлик, санъаткор, даврабоши, видео ва бошқа харажатларни айтмайсизми?
    — Нимага керак сизга шунча ташвиш, тўйни уйда, кичикроқ даврада ўтказсангиз бўлмайдими? — дедим ўша танишимга.
    — Қанийди уйдагилар рози бўлишса, — дейди у. — Жон-жон деб базмни хонадонимда ўтказардим, лекин қизим йиғлаб ўтирибди. «Буёғи Самарқанду Бухородан, Андижону Тошкентдан курсдошларим келади, уларнинг кўпчилиги тўйни шинам тўйхоналарда қилган, мен улардан камми?», — дейди. Онаси ҳам, амма-холалари ҳам менга «зиқналик қилиб, кенжа қизингизни ўкситманг» — дейишаяпти. Ҳамма шундай қилаяпти, нима қилай, қанийди шу тўйдар ихчамлашса. Менга ҳам яхши бўларди. Тўйни «рестаран»да ўтказиш учун анчагина қарз кўтардим, уни узиш ҳақида ўйласам, юрагим увишиб кетади. Ростини айтсам, ота сифатида дабдабали тўйни ихчамлаштиришга қурбим етмади.
    КУЁВ РУЛДА, КЕЛИН «РОЛ»ДА…
    Тўй, бу инсон ҳаётининг қувончли онларидир. Одамзод бир кунлик тўй учун бир умр йиғиниб юради. Элга тўй бермоқни шараф, деб ҳисоблашади. Бу халқона ва қадимий қадрият. Лекин шу кейинги пайтларда тўйлар дабдабабозлик билан ўтаяпти. Ҳар йили янги-янги «одат»лар ўйлаб топилаяпти. Мана, қаранг, «Каптива»лар карвонида келин-куёвни шаҳарда айлантиришларга энди кўника бошлаганимизда, куёвнинг рулга ўтириб, келинни ёнига олиб, шаҳарни сайр қилиш одати ҳам «урф»га кирибди.
    — Бу «одат»га мен умуман қўшилмайман, — дейди косонлик ёшлардан бири Элбой Қулманов. — Куёв тажрибали ҳайдовчи бўлганида ҳам тўй кунидаги ҳаяжон, «бахтли онлар сурури», қолаверса, узундан-узун автокарвон салобати уни ҳовлиқтириши, чалғитиши табиий. Бунинг оқибати яхшилик билан тугамаслиги мумкин. Бу каби янгича «урф-одат»ларни ким чиқараяпти? Ёшларми? Ёки беш-тўрт сўм пул ишлаб олиш илинжида тўйлар бўйича хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар ўйлаб топишаяптими? Агар улар ўйлаб топишаётган бўлса, ёшлар уларга кўр-кўрона эргашаверадими?
    Тасаввур қилинг, куёв қора костюм-шим, оқ кўйлак ва галстукда рулда машина ҳайдаб бораяпти. Келин қимматбаҳо ҳарир кўйлакда, турфаранг бўёқлар остида туққан онаси ҳам таниёлмайдиган қиёфада, «бахтиёр сулув» ролида куёв ёнида ўтирибди. «Бахтиёр жуфтлик» йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетишмоқда. Уларни суратга ва видеога олишмоқда. Бу жараён айнан гавжум ва серқатнов шаҳар кўчаларида рўй бераётганига нима дейсиз? Рулдаги куёв бехосдан эҳтиётсизлик қилиб қўйса нима бўлади? Тўй бир лаҳзада азага айланмайдими? Бу ҳақда ёшлар бош қотиришмаса, лоақал ота-оналар ўйлаб кўришса бўлмайдими? Дарвоқе, бугун шаҳарларимиз кўчаларида ҳашаматли от-аравада сайр қилаётган «романтика»га ишқибоз «бахтиёр жуфтлик»лар ҳам кўпайиб қолди. Бу кетишда эрта-индин «романтик»ларимиз вертолётда сайр қиламиз, дейишсаям индамай қараб тураверамизми?
    «ШИКИ-ШИКИ БА-БА…»
    Бу қўшиқни эшитгансиз. Қайси тилдалигини билмадиму, ўзбек тўйларида, айнан келин-куёв базмида бетайин бу қўшиқ бир неча бор янграяпти. Сўзи ва оҳангига мос тарзда йигит-қизлар тебранишаяпти. Бу ҳолатни кўриб, қани ўзимизнинг ўзбекона куй, қани «Тўйлар муборак» ёки халқона оҳангдаги ўзбекча яллалар, дегим келади. Юракларга ором бахш этувчи ўзбекча қўшиқлар йўқми? Бор бўлса, нега ёшларимиз қандайдир «Шики-шики ба-ба» деб айтилувчи, маъноси нима эканини англамай туриб унга рақсга тушиб ётишибди?
    Тўйларимизда она юрт, Ватан, оила, бахт, муҳаббат ва тинчлик ҳақида қўшиқлар айтилса қандай яхши. Ҳам оҳанглари дилни яйратади, ҳам сизни шу азиз ватанга бўлган муҳаббатингизни юксалтиради. Лекин тўйларда санъаткорлар ўзи истаган қўшиқни куйлайверишади. Ҳеч ким уларга » бу қўшиқни айтма, даврага мос эмас» демайди-да. Аслида бу гапларни уларга ким айтиши керак? Тўйни эгасими ёки маҳалла раисими? Ана шундай тартиб ўрнатилмагани учун ҳам тўйларимизда «Соп-сари», «Ойша», «Ёмонсан», «Ёшсан», «Каптива минади замонамиз қизлари» «Чал-чалай, чал-чалай» каби маънавиятимизга зид ва ҳеч қандай маъна-моҳият касб этмаган «қўшиқ»лар айтилмоқда.
    — Телевидение ёки радиода айтилаётган қўшиқлар балки бир сидра «ғалвир»дан ўтказилар, лекин тўйлардаги қўшиқларни ҳеч ким назорат қилмайди, — дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси Мансур Мусаев. — Айрим санъаткорлар айтаётган қўшиқлар бемаза ва бетайин сўзлардан иборат, мусиқаси эса шовқин-суронни эслатади. Санъаткорлар тўйларга мос қўшиқларни саралаб айтишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
    Хўш, бу ҳақда ёшларнинг фикри қандай?
    Қарши санъат коллежи мусиқа назарияси йўналиши ўқувчиси Азиза Эсонова фикрлари билан қизиқдим.
    — Тўйларга таклиф этилаётган қўшиқчилар менинг назаримда санъаткор эмас, балки бизнес вакилларига ўхшашади, — дейди у. — Улар санъатни бизнесга айлантириб юборишган. Бўлмаса, ўз устида ишлаб, халқона лапарлар, яллалар айтишса бўлмайдими? Халқимизнинг маънавий мулкига айланган қанчадан-қанча халқ қўшиқлари айтилмасдан турибди. Уларга қайта жон бахш этиш бугунги санъаткорларимизнинг вазифаси эмасми?
    «КЎРПАНГГА ҚАРАБ ОЁҚ УЗАТ…»
    Яқинда Қарши шаҳридаги тўйхоналардан бирида тўй базмидан қайтган ўртоғимнинг кайфияти сал тушкунроқ эди. Уни гапга солдим.
    — Тўй яхши ўтдими?
    — Дастурхон зўр, кам-кўстсиз, аммо шу артисти ёқмади-да. Шовқиннинг кучлилигидан тўйхонада ўтириб бўлмади-ей. На қўшиқнинг сўзига тушунасан, на мусиқасига. Аммо столда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Роса безатишибди, ўзиям. Қуюғу суюқ овқатларни қўя турайлик, яхна гўшту «тандир»нинг мўллиги мени ҳайратлантирди. Тортнинг катталигини айтмайсизми? Уни қаерда, неча сўмга тайёрлатишди экан? Ўйлаб қолдим, яқинда ўзим ҳам тўй қилсам, шунча нарса қўя оламанми?
    — Ким сенга шундай тўкин дастурхон ёзгин деяпти, одмироқ қилавер.
    — Йўқ, жўра, булар шундай тўй қилади-ю, мен қилмайманми? Қарз-ҳавола қилиб бўлсаям қиламан.
    Ҳа, шунақа, тўйлар кимошди савдоси ўхшаб қолди ўзи. Энди бу йигит чираниб бўлса ҳам тўй дастурхонига ўша бойвачча каби таом тортади, Майни кетма-кет қўяди. Тўй ўтади. Эртага-чи? Унинг ҳоли не кечади? Наҳотки бу ҳақда у бош қотирмайди. Йиллаб йиққан бойлигини бир кунда елдек совуриб юборишнинг оқибатини. Балки у кўрпасига қараб оёқ узатса яхши бўлардими? Нега унга маҳалла раислари ва оқсоқоллар «ҳаддингга қараб тўй қил», дейишмайди?

    «ТЎЙГА БОРСАНГ, ТЎЙИБ БОР…»
    Қишлоқда бир одам одмироққина тўй қилиб, ўғлини уйлантирди. Тўғри, базм тўйхонада ўтди, қавму қариндош, дўсту жўралар йиғилди. Дастурхонга икки хил таом тортилди. Ичимликлар ҳам меъёрида қўйилди. Серҳашам ва тўкин тўй базмларида ўтириб ўрганиб қолган айрим кишилар бироз ранжишди. Ҳатто бир киши рўй-рост айтди ҳам:
    — Ошу шўрвадан бошқа нарса бермайсизларми, гўшт олиб келинг, ароқдан қуйинг, — деди у.
    Шунда унинг ёнида ўтирган кексароқ киши танбеҳ берди:
    — Болам, тўйга қорин тўйғазиш ёки майхўрлик учун келинмайди. «Тўйга борсанг, тўйиб бор», деган нақлни унутдингми?
    — Эй, отахон, тўй эгаси элнинг дастурхонидан еган-ку, энди уям берсин-да зиқналик қилмай, — деди бояги йигит тутақиб.
    Бу суҳбатни эшитиб, ҳайрон бўлдим. Ахир бу икки ёшнинг бахт тўйи, «ошқозон базми» эмас-ку! Тўйга фақат еб-ичиш, ширакайф бўлиш учун бориш айрим кишилар учун одат тусига айланиб бораётгани ачинарли ҳол.
    — Айрим кишилар тўй дастурхонини шунчалик тўлдириб юборишадики, овқат ёки пиёлани қўйишга жой тополмай қоласиз, — дейди Қарши шаҳридаги 35-мактаб ўқитувчиси Гулнора Мўминова. — Бунақа серҳашам дастурхонни мен ёқтирмайман. Ахир тўйга тўйиб, таом ейиш учун борилмайди-ку! Келин-куёвга бахт тилаш, табрик сўзлари айтиш, меъёрида рақс тушиш ёки уларнинг қўлини сиқиб, қутлаш керак. Тўйларимизда эса келин-куёв устидан пул сотиш, гул отиш, катта торт ясатиб, кўз-кўз қилиб кесиш, келин-куёвни алоҳида вальсга тушиши каби одатлар пайдо бўлаётгани кишини ташвишлантиради. Фарзандларимизга ётиғи билан тушунтириш керак, бир кунлик тўйни дабдабабозликка айлантиришдан ҳеч қандай наф йўқ. Фақат «тўй зўр бўлди» деган гап айтилади-ю, бир-неча кундан кейин унутилиб кетади. Ота-онанинг қарзга ботгани, уни узолмай йиллаб қийналишлари қолади.
    — Яқинда пойтахтимизда бир қайнона куёв томон юборган ёпинчиқ мато чет элники бўлмагани учун тўйни тўхтатибди, — дейди Тошкент давлат юридик институти талабаси Нурбек Тошканов. — Эшитиб ҳайрон бўлдим, кошки эди ўша мато келин-куёвнинг бахтли ҳаёт кечиришига кафолат бера олса. У бир парча мато-ку! Шуни деб, бир-бирига талпиниб турган икки ёш бахти саробга айланса-я. Бундай воқеалар жуда кўп бўлаяпти. Гоҳида келин ўжарлик қилиб, алламбало янги одатларни қилишга куёвни ундаётган бўлса, баъзида ҳою ҳавасга берилган куёв ёки ота тўйни ҳаддан ташқари дабдабали қилиб юбораяпти. Бунинг олдини олиш учун энг аввало ёшлар маънавиятини юксалтириш керак. Мен аминманки, маънавиятли, маданиятли ва тушунган йигит-қиз ҳеч қачон дабдабаю серҳашамликка берилмайди.
    ВАЪДАБОЗ «ВАЛЛОМАТ»ЛАР
    Бир бўлажак келин куёвга «шу «Каптива»нинг нима кераги бор, унинг ўрнига бирорта рўзғорга зарур бир буюм олайлик», — дебди. Қаранг, куёв рози бўлмабди-ей. «Мени ким деб ўйлаяпсан, «Каптива» ҳам бўлади, ўша сен айтган буюмни ҳам олиб бераман», — дебди. «Тўйимиз энг катта тўйхонада ўтади, дастурхон тўкин бўлади, артисту раиснинг, видеостудиянинг энг зўрини олиб келаман», — дея мақтанибди.
    Уйга келса, отаси ва онаси бошини хам қилиб турган экан. «сен айтган нарсаларга пулимиз етмайди, болам, тўйни ихчамлаштирайлик», — дейишса, «йўқ, мен келинга ваъда берганман», — деб сўзида қатъий туриб олибди.
    Хўш, бунисига нима дейсиз? Ўзи асли йўқ нарсага катта ваъда бераётган бундай «валломат»лар қайдан пайдо бўлаяпти? Кошки ўзи ҳали тайинли бир ишнинг бошини тутиб, уйга иккита нон кўтариб келган бўлса…
    Президентимиз Шавкат Мирзиёев ижодкорлар билан учрашувда сўзлаган нутқида шундай деган эди:
    «Яқинда ўтган «Камолот» қурултойида мен ёшларнинг оғзини пойладим. Бирорта йигит ёки қиз чиқиб, «Эй, дўстлар, тенгдошлар, биз уйланамиз, турмушга чиқамиз деб ота-оналаримизни ниҳоятда қийнаб қўйдик. Келинглар энди, уларни бундай оғир ташвишга қўймайлик, келажагимизни, миллатимизнинг шаънини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказайлик», деган гапларни айтармикан, деб кутдим. Афсуски, улардан бу масалада ҳеч қандай фикр эшитмадим».
    — Ота-оналаримизни ташвишга қўйишни биз истамаймиз, — дейди ўузор туманидаги Халқобод қишлоғида яшовчи ёш тадбиркор Нигора Нарзуллаева. — Афсуски орамизда дабдабабозликка муккасидан кетган тенгдошларимиз бор. Уларга қарата айтмоқчиманки: «никоҳ тўйи қанчалик камтарона ва чиройли ўтса, икки ёшнинг ҳаёт йўли ҳам шундай чиройли бўлади. Ҳою ҳавасга берилиб, қилинган данғиллама тўй бир кунда ўтиб кетади, у келин куёвга бахту тахт тортиқ эта олмайди. Буни ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг, тенгдошлар».

    БУ «САВДО» ҲАР КИМНИНГ БОШИДА БОР…
    Мақолани ёзаётган пайтимда аёлим ёнимга келиб:
    — Дадаси, тўй кунини қачон белгилаймиз? — деди.
    Шунда ўзим ҳам яқинда тўй қилиб, ўғлимнинг бошини иккита қилиш тараддудида юрганим хаёлимга келди.
    — Тўйни белгилашдан олдин қудалар билан бир гаплашишим керак, — дедим аёлимга.
    — Нимани гаплашасиз, ҳаммасини эл қатори қилаверамиз-да.
    — Тўғрику-я, яна бироз ихчамлаштирсак, мана, масалан шунча нарса бериш керак, деб қаерда ёзиб қўйилган?
    — Эй, шу зиқналигингиз қолмади, қолмади-да, агар берилаётган нарсаларни камайтирсангиз, қудалар «назари паст экан» демайдими? Қўйинг, шу гапларни, ким айтади сизни, фалон жойда ишлайди деб. Унинг устига элнинг тўйидан еганмиз, биз ҳам едиришимиз керак-ку!
    Мана, кўраяпсизми, тўйни ихчамлаштириш бу биргина тўй соҳибларию соҳибаларининг ихтиёрида эмас. Бу катта ижтимоий муаммо бўлиб, уни кенг жамоатчилик, оқсоқоллар, маҳалла фаоллари ҳамжиҳатликда ечиши лозим.
    * * *
    Юртимизда айни тўй мавсуми. Ҳар куни тонгда карнай-сурнай навоси эшитилиб турибди. Халқимизнинг яхши кунлари кўп-да. Илоё, яхши кунлар, тўю тантаналар янада кўпайсин, ҳар биримизни тўйларга етказсин! Фақат тўй-тантанани обрў орттириш, мартабага эришиш, ўзини кўрсатиб қўйиш учун қилмайлик. Исрофу уволни, инсофу диёнатни ёддан чиқармайлик. Бир кунлик тўй ўтади-кетади, лекин… Халқимизда «Кенгашли тўй тарқамас», деган гаплар ҳам бор-да…
    Фахриддин БОЗОРОВ,
    Журналист.
    Тел: 91 960 34 23

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *