Президент Фармони нега ижро этилмаяпди?

2017 йил 5 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги  Фармони шубҳасиз ёшларга оид давлат сиёсатини  такомиллаштириш борасидаги олдинга ташланган энг муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ушбу Фармонда ёшлар ўртасида ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, уларни тадбиркорлик фаолиятини бошлашига қулай имконият яратиб бериш, қўллаб қувватлаш  мақсадида икки ой ичида туман марказлари ва шаҳарларида  Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш назарда тутилган эди.

Кластер нега йўқ? Айбдор аниқ ёшлар иттифоқи эмас!

Бироқ Президентнинг ушбу 5106- сонли фармони  қабул қилинганига  8 ой бўлди ҳамки ,  лекин республикамизнинг бирон жойида ёшларнинг тадбиркорлик кластерларини ташкил қилиш юзасидан  аниқ чора тадбирлар ишлаб чиқилганлиги, ёки ишлаб чиқилаётгани хусусида  на  давлат органларидан,  на  ёшлар иттифоқидан жўяли  маълумот олиб бўлмади.

Ҳолбуки  ушбу Фармонни  18 бандини ижросини таъминлаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамаси  томонидан  “Ёшлар  тадбиркорлик кластерларини ташкил этишга доир ташкилий  чора тадбирлар тўғрисидаги” қарори  кечикиб бўлсада,  аниқроғи 2017 йил 16 октябрда қабул қилди. Мазкур  қарорга мувофиқ республика туман марказлари ва шаҳарларида юридик шахс ташкил этмасдан ёшлар тадбиркорлик кластерларини  ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи “Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисидаги низом” тасдиқланди,  ҳамда кластерлар  фаолиятини бошқариш функциялари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳарлар кенгашларига юклатилди.  Бироқ  ушбу қарор асосида ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари ўзлари ҳар қанча истаган тақдирда ҳам тадбиркорлик кластерларини ташкил қилиш имкониятига эга эмаслар. Шу боисдан ҳам ёш тадбиркорлик кластерларини  йўқлиги учун иттифоқчиларни айблаш истагимиз йўқ!  

 

Президент Фармони ва ВМ қарорини бекор қилган фармойиш

 

Чунки Вазирлар Маҳкамасининг  “Ёшлар  тадбиркорлик кластерларини ташкил этишга доир ташкилий  чора тадбирлар тўғрисидаги” 834-сонли қарорининг учинчи бандида  Ўзбекистон ёшлар иттифоқига  “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда кластерларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг бўш турган ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқига бепул бериладиган биноларига жойлаштирсин” дея кўрсатма берилган.  Худди шунингдек   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5106-сонли  Фармонининг 12-бандида ҳам  “республиканинг барча туман ва шаҳарларида синов тариқасида 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимининг жорий этилиши муносабати билан бўшайдиган коллежларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли кенгашлари ихтиёрига беғараз ўтказиш” назарда тутилган эди.

Амалда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 октябрдаги “Бино ва иншоотларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашилари текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириладиган ўрта махсус, касб ҳунар муассасалари ҳақида”ги  1214- сонли фармойишида эса   коллежларнинг биноси фақат текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилиши белгиланди.  Менинг назаримда ушбу фармойиш Президентнинг 5106-сонли  Фармонига ва Вазирлар Маҳкамасининг 834-сонли қарорига нафақат зид, балки балки уларни ўзига хос тарзда инкор ҳам қилади.  Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамаси  томонидан  “Ёшлар  тадбиркорлик кластерларини ташкил этишга доир ташкилий  чора тадбирлар тўғрисидаги” қарорига биноан тасдиқланган   “Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисидаги Низом”нинг тўртинчи бандида кўрсатилгандай “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари кластер фаолият кўрсатадиган даврда кластерларни тезкор бошқариш ҳуқуқи асосида жойлаштириш учун белгиланган тартибда тақдим этилган мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва ижарага бериш ҳуқуқига”  эга бўлиши мумкин. Аммо юқорида кўрсатилган фармойишга кўра ёшлар иттифоқининг туман кенгашлари ўзларига  ажратилган коллежларнинг бино ва иншоотларини ва ер майдонини тасарруф қилиш ҳуқуқига эга эмас. Ҳозирда ажабланаларли, янада аниқроқ айтсак абсурд ҳолат пайдо бўлди.  Ёшлар иттифиқининг туман кенгашлари  ўзларига ажратилган  коллеж биноларда омонат ўтирган бўлса, улар қандай қилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга ишлаб чиқариш майдонини тўловсиз ижарага бериши мумкин.  Вазирлар Маҳкамасидаги мутасаддилар, депутатлар наҳотки ушбу абсурд,  ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайдиган ҳолатни пайқамаяпдилар.

              Бир бирига умуман зид бўлган Фармон, Қарор ва Фармойишни  кимдир аниқ равшан тушунтириб бера оладими? Мен ушбу саволни ёшлар иттифоқининг мутасаддиларига берсам фақат елка қисиб, “биз нима ҳам қала оламиз” дейдилар, халос!   Мен уларни айбламоқчи эмасман, аммо ёшларимизни манфаатлари ҳимоя қилиш Ёшлар Иттифоқининг энг муҳим вазифаларидан бири эмасми? Мен таажубдаман !

Тадбиркорлик кластерини ўзгача тушунадиганлар

Бундан ташқари ёшлар иттифоқининг туман кенгашлари “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кластерлардан ташқарида тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш ҳамда янада ривожлантириш учун ер участкалари рўйхатини шакллантириш бўйича буюртманомалар тақдим этиш”и  “Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисидаги Низом”нинг олтинчи  бандида  кўрсатилган. Бироқ  ҳали асосий кластернинг  ўзи йўқ бўлса,  ёшлар иттифоқи қўшимча  ер участкалари ва бўш турган давлатга тегишли биноларни ёш тадбиркорларга сўраб чиқиши менимча бу умуман фантастика. Яқинда ёшлар итифоқининг бир туман кенгашини раисига ёшларнинг тадбиркорлик кластерларини ташкил қилиш учун туманда нима ишлар қилиняпди, деган  савол мурожаат қилсак, кенгаш раиси бизга ташкил қилинадиган тўгараклар ҳақида маълумот бераётганини жуда ҳам  ташвишли ҳолат. Бу ҳолат ёшлар иттифоқидаги айрим ходимлар ўз ташкилотининг фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар билан умуман таниш эмаслигини ёққол кўрсатади.   Менимча шу боисдан ҳам ёшлар иттифоқининг биронта маъсул ходими тегишли идора ва ташкилотларнинг олдига ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг кўламда  жалб этиш ва уларни рағбатлантиришда муҳим вазифани бажариши режалаштирилган кластерларни ташкил қилиш хусусидаги мужмалликлар масаласини кўндаланг қилиб қўйгани йўқ. Қўймайди ҳам, негаки ёшлар иттифоқи шу пайтгача ўз фаолиятида  фақат мактаблар  билан чекланиб қолаётганини ўта ачинарли аҳвол.   Ёшлар иттифоқи  назарида балким,  ёшлар орасидаги ишсизлик муаммоси,  тадбиркорликка ёшларни жалб қилиш масаласи қуруқ гаплардан иборат мажлисларда чиройли қилиб расмга тушиб ўзларини кўз кўз қилса, гўёки ўз ўзидан ечими топиладигандай.

 

Ёшлар тадбиркорлик кластерини ташкил қилишга ким қарши?

 

Хақиқатдан ҳам Ёшлар тадбиркорлик кластерини ташкил қилишга ким қарши? Нега Президент Фармони ижросини таъминлаш учун маъсул мутасаддилар, одатда Президентнинг нутқларидан кейин «кўзи очиладиган» депутатлар нега жим? Ҳар бир масала учун Президент тўхталмагунча иш битмаса, муаммо ўрганилмаса улар нимага керак? Ишонаверинг мабодо эртага Президентимиз Ёшлар кластери масаласига яна бир бор тўхталсалар борми, казо казолар, журналистлар буниям компаниябозликка айлантириб юбориб, оғизларини тўлдириб гапира бошлайдилар! Бугун эса жим! Худди бу муаммони кўтарсалар мансабидан айриладигандек, хайф сизларга !

Жуда кўплаб ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш имкониятини берувчи лойиҳа туғилмасдан ўлимга маҳкум этилишига барча тамошабин. Сал ўтмасдан бу лойиҳа унут бўлиб яна бошқа  лойиҳа ишлаб чиқилса ажаб эмас!

 

Нима қилиш керак?

 

Биринчи Президентимиз тамонидан олға сурилган ва хеч ким инкор этолмайдиган “аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган тамойил бор.  Бу тамойилдан келиб чиқсак, агар ёшларимизга   замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратилса, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш ва уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашишни реал ишлайдиган  тизимли механизмини шакллантирсак — энг катта муаммо  ёшларни бандлигини таъминлашга замин яратилади. Моддий жиҳатдан таъминланган ёшларимиз  жиноят йўлларига кириб кетмайдилар, уларда  ўз билим ва тафаккурини ошириш учун китоб ўқишга,  ўз малакасини ва тажрибасини ошириш учун  ўз устида ишлашга имконият пайдо бўлади. Тан олиш керак қорнини тўйдириш муаммоси бор одам, тирикчилик илинжидаги югур югурлардан бўшамаслиги бу исбот талаб қилмайдиган аксиоманинг ўзи!  Наҳотки буни Ёшлар иттифоқидаги мутасаддилар, жойлардаги ҳокимлар тушуниши шу қадар қийин бўлса.

Қолаверса ҳозирги кунда ёшлар иттифоқининг туман кенгашлари жойлаштирилган коллежларда ёшлар иттифоқидан ташқари деярли барча туманларда мактабгача таълим муассасаларининг туман бўлимлари жойлаштирилди. Айрим туманларда эса коллеж ётоқхонаси ўрнида болалар боғчалари ташкил этиш режалаштирилганидан ҳам хабар топдик. Устига устак  ушбу биноларда  ҳалигача коллеж ўқувчилари ҳам ўқимоқда.  Бу кетишда аста секинлик билан жимгина кимлардир тугатилиши режалаштирилган коллежларнинг ҳудудларида шахсий коттежлар қуришни бошласа ҳам ажабланмаймиз!

Менимча зудлик билан жойларда ёшлар иттифоқининг туман, шаҳар кенгашларига ажратилган коллежларни барча бино ва иншоотларини, ер майдонларини тўлиқ тасарруф қилиш ҳуқуқини бериб Президент Фармонини бажариш керак .  Бу коллежлар базасида ёшларимизнинг маданий ва бизнес марказини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, агарда ҳар бир туманда битта коллежни туман ёшлар иттифоқига тўла тасарруф этиш ҳуқуқи билан берилса,    ушбу коллежнинг бино ва иншоотларида, шунингдек ҳудудида  “Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисидаги Низом”ида кўрсатилган ҳар бир тадбиркорлик фаолиятини бошлашни истаган ёшларимизга 50  квадрат  метр ишлаб чиқариш майдони бепул ижарага берилса, бизнинг ҳисоб китобларимизга кўра  камида 800- 1000 нафар ёшларимиз доимий иш ўрнига эга бўлишлари мумкин.

Агар қабул қилинаётган қарорлар ва Фармонлар амалда ижро этилмаса, у  бир чақага қиммат оддий қоғоз парчаси бўлиб қолаверади. Шу боисдан ёшлар иттифоқи ёшларимизнинг манфаатига хизмат қилувчи қонуний ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш учун жонбозлик кўрсатиши, ёшларимизнинг манфаати ҳимоя қилиш учун курашиши лозим.  Бунинг учун самарасиз,  баландпарвоз тадбирлардан, мажлисбозликдан  воз кечиб, амалий ишлар қилишга, ёшларимиз  манфаатларини ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга асосий эътибор қаратилса яхши бўларди.

Президент фармонини ижросини таъминлаш учун депутатлар, жойлардаги ҳокимият вакиллари, прокуратура органлари ҳам сал кўзларини очиб, ҳайбаракаллачиликка чек қўйиб,  ёшларнинг муаммолари билан ҳисобот учун эмас, уларни  бартараф этиш учун танишсалар, тадбиркорликка энди қадам қўяётган ёшларни оғиздагина эмас, амалда ҳам қўллаб қувватлашса, ишонаверинг кўзланган мақсадга – мамлакатимизнинг иқтисодий  қудратли давлатлар сафига қўшилишига эришамиз, ёшларимизнинг  қодирлигини уларнинг ёниб турган кўзлари  кўрсатиб турибди!

 

Давлатназар Рўзметов