ПОРАХЎРЛИК ТАКТИКАСИ

Жаҳон футболида позицион ҳужум, қарши ҳужум, қанотлар ва марказ орқали ҳужум, прессинг орқали тўпни олиб қўйиш каби турли тактикалар ҳамда “4-4-2”, “4-5-1” каби ҳоказо схемалар бор.

Охирги пайтда Марказий Осиёда ўзига хос ва ўзига мос, дунёни лол қолдирадиган, мустақиллик душманлари ва ватангадолар кўролмайдиган бир тактика чиқди-ки, футбол мутахассислари уни идрок қила олишмаяпти.

Ҳатто унга ном ҳам бера олишмаяпти. “Бу қандай футбол? Бу қандай тактика?” – дейишдан нарига ўта олишмаяпти.

Футбол соҳасида мутахассис бўлмасам-да, “зато тинчлик!”чилар томонидан хаспўшланаётган бу тактиканинг асл моҳиятини дарров англадим. Шунинг учун ҳам унга тез ном ҳам топдим.

“Жамоа тарихидаги энг кучли таркиб” намойиш этаётган бу тактика лўнда қилиб айтганда “порахўрлик тактикаси”дир.

Бу тактика “тўлайсан-ўйнайсан, тўламайсан-ўйнамайсан”, “мураббийга ёқасан-майдонга тушасан, мураббийга ёқмайсан-майдонга тушмайсан” каби схемалар орқали ўйналади.

Кўпчилик бу тактикани жамоага олибсотар олиб келди, деб ўйлайди. Аслида эса порахўрлик тактикаси бу юрт футболида анча илгари, таҳминан 7-8 йил аввал илдиз ота бошлаган.

Миллий футболнинг футболга қизиқмайдиган, савдо сотиқдан бошқа дарди бўлмаган, миллий ғурури ва онги йўқ, шуурсиз ва ориятсиз бир бойларга топширилиши мана “оламшумул” тактиканинг илдиз отишига асосий сабаб бўлди.

Бу жараённинг кульминацион нуқтаси шу бўлди-ки, савдогар олибсотарни футбол жамоасига бош қилиб қўйди. Ишқибозу журналистларнинг эътирозу фиғонларини ака-ука баҳодирлар бир тийинга олишмади ҳамда порахўрлик тактикасини энг юқори чўққиларга олиб чиқишда давом этишди.

Натижа эса ҳаммага маълум: миллат миллий футболдан безиб бўлди, стадионларга кирмай қўйди. Бу юрт футболи шу даражада ҳароб бўлди-ки, ўйинларни стадионларда эмас, трибуналарсиз оддий майдонларда ҳам ўтказса бўладиган ҳолга келиб қолди. Чунки футболда илдиз отган порахўрлик тактикаси туфайли жамоалар ўзаро келишиб ўйнашга ўтиб олишди.

Уруш пайтида бу юртга келиб қолган бошқа миллат вакиллари маҳаллий аҳолини шу ажойиб ўйинга ўргатиб, унга қизиқтиришган бўлса, шу юртда улғайиб, каттакон бўлган бойлар ўз халқини футболдан совутишди.

Чунки бу миллат бойларида халқ ғами, миллат дарди йўқ, миллий онг ва орият йўқ. Уларда шу хислатлар бўлганида футбол жамоасига олибсотарни бош қилиб қўйишмас эди.

Ориятсиз ва онгсиз бойлар “муборак”!

Савдогар ва олибсотарлар “муборак”!

Улар яратган порахўрлик тактикаси “муборак”!

Бобомурод АБДУЛЛА

Биринчи изоҳ

  1. Бу олибсотарларни тренери билан қўшиб, 5 йил муттасил Қизилқум (ёки Мирзачўл)да қовун (ёки пахта хам бўлаверади)эктириб, ҳосилини тердириш керак! Шундагина пешона тери билан пул топиш, қадрият ва ҲАЛОЛ меҳнат каби тушунчаларни англаб етишади !

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *