ПИНҲОНА ЯХШИЛИКНИНГ ОШКОРА ҲАЛОВАТИ….

Отам ўқитувчи эди. Ўқувчиларига ёрдам беришни жуда яхши кўрар эди. Аммо отам яхшиликни пинҳона, ҳеч кимга билдирмай қиларди. Сизга отам билан боғлиқ бир ҳодисани гапириб бераман. Бир неча йиллар аввал мактаб боғини кезиб юриб отам булоқ ёнидаги дарахтлар орасидан келаётган йиғи товуши қулоғига чалинибди.Секин овоз келаётган томонга юрса, ўзининг синфидаги ўқувчилардан бири йиғлаб ўтирган экан. Ўқувчининг афт-ангоридан моддий аҳволи ҳаминқадарроқ оила фарзанди экани сезилиб турган экан. Отам болакайнинг яқинига бориб:

— Нима бўлди, ўғлим, тинчликми? Нега йиғлаяпсан?- дея сўрабди.
— Ўртоқларим ўйнаяптилар. Қўлим мажруҳ бўлгани учун мени ўйинларига қўшмаяптилар,- дея жавоб берибди ўқувчи йиғламсираб.
— Қани, мен билан юр-чи,- деб отам болани етаклаб уни ўйинларига қўшмаётган ўртоқлари томон юради.Отам болаларга бу ишлари яхши эмаслигини, қўли ногирон ўртоқларининг ўрнига улар ҳам бўлиб қолиши мумкинлигини, ҳар бир одамнинг ўзига хос бир кемтиклиги бўлишини айтиб, болакайни ўртоқларининг ўйинига қўшиб қўяди. Сўнг ўқитувчилар хонасига келиб, доктор оғайнисига қўнғироқ қилиб вазиятни англатади. Доктор ҳам жарроҳлик амалиёти йўли билан болакайни даволашини, муолажа харажатларининг бир қисмини ўз ҳисобидан қоплашини айтади. Қолган қисмини эса отамнинг ўзи тўлайдиган бўлибди. Боланинг оиласи билан бу ҳақида гаплашгани амакимни жўнатади. Чунки отам ёрдамини ҳаммага кўз-кўз қилишни истамайди. Бола ўқитувчиси олдида ўзини қарздор ҳис қилиши мумкинлигини ўйлаб, бу ҳолатда ўзи четда туришни кўзлайди. Мактабдан боланинг уй манзилини олиб йўлга тушган амаким, манзилга келганида нохуш ҳолатга тушади. Уй жуда эски ва кичкина кулбага монанд экан. Деворлари нураб, тўкилиб ётган уй эшигини чалибди. Уст-боши униққан, йиртиқ-ямоқ кийимли бир аёл эшикни очибди. Амаким ундан бир қўли мажруҳ боласи бор-йўқлигини сўраб, жавобдан ўзига керак хонадонга келганини билади ва аёлга:
— Мумкин бўлса, ичкарида гаплашсак. Сиз учун муҳим масала юзидан келгандим, — дейди. Аёл хижолатли алпозда амакимни уйга таклиф қилади. Амаким уйнинг ичкариси ташқарсидан ҳам баттар хароб аҳволдалигини кўриб, юраги орқага тортиб кетибди. Биргина хонадан иборат кулбанинг бир бурчагидан ошхона сифатида фойдаланаркан. Бошқа томони эса ётоқхона, меҳмонхона вазифасини бажарар экан. Амаким истиҳола билан сўзга кирибди:
— Мени саховатпеша бир инсон сиз томонга жўнатди. Ўғлингизнинг соғайишига ёрдам беришни истаяпти у. Ўғлингизни жарроҳлик амалиёти билан даволашга рози бўлсангиз бўлди, барча сарф-харажатларни ўша инсоннинг ўзи қилади.
— Шу замонда ҳам бундай яхшилик қиладиган одам бор эканми? — аёл ҳайрат ва ишончсизлик билан амакимга қарабди.
— Ҳа, яхши инсонлар бор, хоним. Сиз ишонинг…
— Майлику-я, фақат мен эримдан бир оғиз сўраб кўрайда…
— Бўпти. Ундай бўлса мен сизга телефон номеримни қолдираман. Албатта мента қўнғироқ қилиб, жавобингизни айтасиз…
Бир-икки кундан сўнг боланинг оиласи амакимга қўнғироқ қилиб, жарроҳлик амалиётига рози эканликларини айтишади. Амалиёт муваффақиятли ўтиб, болакай дарддан, маҳзунликдан халос бўлади. Айни пайтда ўша болакай номдор жарроҳ-доктор сифатида элда обрў қозонган.
Бир куни телевизорда намойиш қилинган бир дастурда “Менинг жарроҳ бўлишимга сабаб бўлган инсондан миннатдорман. Агар шундай инсон бўлмаганида ҳозир таниқли шифокор бўлолмасдим ва ҳозир бу дастурга машҳур жарроҳ сифатида таклиф қилинмаган бўлардим. Ўша инсон сабабли менинг ҳам ҳаётдаги ягона мақсадим инсонларга ёрдам қилиш, яхшилик қилиш бўлиб қолган. Ҳар йили уч-тўрт ёрдамга муҳтож беморга ўз ҳисобимдан беминнат ёрдам қиламан, даволайман, жарроҳлик амалиётини ўтказаман. Уларнинг миннатдорона қиёфаларидан шунақанги бахт, ҳузур, хотиржамлик топаманки, бу туйғуларни миллардлаб доллар туҳфа этолмайди!” деди.
Ўша кезда отамнинг севинч-ва ғурурдан кўзига ёш келганини кўриб, инсонларга яхшилик қилиш, эҳтиёжмандларга ёрдам қилиш неқадар улуғвор ва роҳатбахш амал эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Турк тилидан Умида Адизова таржимаси

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.