Партияга номзод депутатга етти тавсия

Обиджон Латипов «Сизнингча депутат қандай бўлиши керак?», деган саволни ўртага ташлади. Тавсия беришдан олдин менга «депутат» сўзи ёқмаслигини айтиб ўтаман. Менимча, биз иложи борича совет меросидан қолган атамаларни янги номларга ўзгартириб бораверишимиз маъқул. Шакл ўзгалиги баъзан таркибни ҳам ўзгартиради, бу тафаккурда ижобий силжига туртки бўлиши мумкин. Мен тавсия қилган ном: «Парламент аъзоси» ёки «Олий Мажлис аъзоси», «Республика ёки «маҳаллий кенгаш аъзоси».

Демак, парламент аъзосига тавсияларимнинг айримлари қуйидагича:

1. Парламент аъзоси ўзида бутун парламент ғоясининг инъикоси бўлиши керак. «Парламент нима?» деган саволга унинг акси орқали жавоб топиш мумкин:

Парламент — бу диктатура, тирания, авторитар, тоталитар яккаҳокимликнинг мутлақ зиддидир. Диктатура бутун бир давлатни, миллатни якка шахсга ёки тор гуруҳ манфаатларига бўйсўндириш дегани. Диктатурада қарор қабул қилиш маркази битта бўлади. Ва, у марказ жамиятдаги турли туман манфаатлар, қарашлар, ижтимоий гуруҳлар, ўтганлар тарихи, келгуси авлодлар меросини ўзининг тор ғаризаларига қурбон қилиб ташлайди. Парламент аъзоси давлат тизимида бирон бўғиннинг мувозанатдан чиқиб, яккаҳонлик кучаяётгандан огоҳ бўлиб туриши лозим: бирон тор гуруҳнинг, бирон бошқарув бўғинининг иқтидори ортиб, бошқа гуруҳларнинг ҳақлари поймол бўлишига, заифлашувига олиб келмаяптими?

Парламентнинг асоси эса – кенг маслаҳат, яъни кенгаш қилиб жамият фойдасига қарорларни қонун шаклида чиқаришдир. Парламентда хилма хил манфаатлар ва қарашлар ўзаро тўқнашади ва барча учун максимал манфаатли, мувозанатли келишувлар шаклланадиган жойдир. Парламент аъзоси айнан шу тамоилни шахсан ўзида ва фаолиятида мужассамлаши керак.

2. Тўғрилик (integrity) — парламент аъзосининг асосий ҳислатидир. Бунга ҳалоллик (унинг акси – ғирромлик, қаллоблик), холислик (акси – тарафкашлик), ростгўйлик (акси –ёлғончилик), субутлилик (акси – ваъдага бевафолик), қунт (акси – юзакилик), адолат (акси – зулмкорлик), жонкуярлик (акси – худбинлик), хушфеъллик (акси – бадхулқ), ишчанлик (акси – дангасалик). Шунингдек унутмаслик керак: софдил бўлиш камлик қилади, у жамоатчилик кўз олдида ҳам софдил, ҳалол шахс бўлиб кўриниши ҳам лозим. Бирон иш қилмасин, сўз айтмасин, ёзмасин атрофида халқнинг ёзиб олувчи минглаб камералар ўраб олганини унутмаслиги керак. Хатто шахсий ҳаёти ҳам бундан мустасно бўлмайди. Чунки халқ сиёсатчининг тўғрилигини ҳаётий ифодасини кўришни хоҳлайди ва бу — табиий хоҳиш. Бунинг номи – репутация.

3. Парламент аъзоси ёки номзод Ўзбекистоннинг ва ўзбекларнинг энг асосий, энг оғриқли ва энг долзарб муаммоларнинг учтаси, бештаси ёки еттитасини белгилаб олсин. Бунинг учун оддий халқ, тадбиркор, деҳқон, зиёли, амалдор, эксперт, оддий солдат, катта генерал, ишчи, директор, ўқитувчи, талаба, ишсиз, мухожир ва бошқалар фикрлари билан қизиқиб кўрсин, атрофини кузатсин, қаттиқ қичқириқларга кар бўлмасин ва унсиз нолаларни эшита олсин. Албатта муаммолар жуда кўп, аммо улар орасида шундайлари борки, улар ечим топса бошқалари йўқ бўлади. Ундан ташқари, инсон ҳуқуқиларига алоқадори энг устувор масала бўлиши керак.

Парламент аъзосининг муаммолар ва ечимлар кўринишида ўз кун тартиби бўлиши керак. Шу кун тартиби одамлар онгига ва қалбига етиб борадиган оддий сўзлар билан нутқи тайёр турсин, вақти билан унинг сифати янгилаб туришига аҳамият берсин.

4. Парламент аъзоси ўз профессионализми устида доимий ишлаб бориши керак. Қадимги ва замонавий илғор парламент тажрибаларини ўрганиши лозим. Сиёсатшуносликнинг мумтоз адабиёти, машҳур сиёсий нутқлар, ғоялар билан таниш бўлиши, ҳамда энг янги фикр, қарашларни кузатиш унинг савиясини оширади. Ва, жуда муҳим: ўзбек парлментаризмининг чақмоқдек яшнаган онларини билиб, қадрлаши лозим (масалан, 7-сессия).

5. Парламент аъзоси эҳтиросини жиловлаган ҳолда танқидларга онги очиқ ва тутуриқсиз дашномларга эса юраги ёпиқ бўлиши лозим. Танқидларни эшитиш керак, ким томондан бўлмасин, рақибларданми ёки дўстлардан. Танқидни эшитмай туриб ривожланиш имкони бўлмайди. Шахсий ҳужумлар, ҳақорат, иғво ва туҳматлар ёғилиши табиий деб қаралсин. Уларга жавоб — беътиборлик ёки ақлли ҳажв. Айблов ўринли бўлса, уни холис қабул қилиш ва ундан керакли хулосалар ўрганиш лозим ва буни яширмаслик — мардликдир, буни халқ тўғри қабул қилади, у самимийликни яхши ҳис қилади.

6. Парламент аъзоси қонунчилик ижодини қонунларнинг ижросини назорат қилиш билан боғлиқликда олиб боради. Бунинг учун атрофдан маълумотлар йиғиш ва парламент сўровномалари билан мунтазам ишлаши керак. Қонун-қоидаларга ўзгариш киритишни атрофдаги воқелик белгилайди. Демак, парламент аъзосининг амалий формуласи: қонунчилик ижоди – ижро назорати – қонунчилик ижоди (қонунни тўхтатиш, ўзгартириш ёки янгисини таклиф қилиш).

7. Парламент аъзоси учун парадоксал ҳақиқат: кўпчилик ҳамиша ҳақ бўлавермайди. Оммавий онг гуруҳ динамикаси, эҳтирослар манипуляцияси, чиройли ясалган ёлғон маълумотларга асир тушишга мойил. Шунинг учун ўта эҳтиёткорлик билан парламент аъзоси омманинг хулосаларига олиб келувчи фикр оқимини танқидий кузатсин, ва худди шунингдек ўзидан ҳам бепарво бўлмасин. Омма ич-ичидан оддий нарсаларни истайди, у адолатни, моддий ва маънавий эҳтиёжларнинг қондирилишини истайди. Мана шу истаклар баъзан енгил-елпи хато ечимларга муҳаббат қўйишга ундайди. Парламент аъзоси омманинг асл эҳтиёжини англаб, адолатли ва самарали ечим таклифларни ташвиқот қилади. Мураккаб муаммоларда оммавий онгга қул бўлмаган зиёли, билимдон шахслар кўмаги сўралади.

Жамшид Муслимов

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.