«Палов-туризм» системаси ҳақида икки оғиз ёҳуд Дубайда ҳам палов пиширишганмиди?

Бир муддат олдин миллий таомимиз — палов тайёрланиш миқдори бўйича гиннес рекордлар китобига кирди. Буни кимдир хайриҳоҳлик билан қарши олган бўлса яна айримлар аёвсиз танқид қилишди. Мана орадан бир неча ой ўтиб яна бир гуруҳ ошпазлар, раҳматли Хожибой Тожибоев таъбири билан айтганда, «қўшнисидан паст эмаслигини кўрсатиш учун унинг уйидан уйини икки қарич баланд қилиб, устига оқ байроқ илиб» қўйишга ҳаракат қилишни бошлашди. Улар энди «янги марраларни» забт этиб, 9 тонна палов билан тарихга кирмоқчи бўлиб туришибди. Ўтган галги рекорд вақтида уни қўллаб қувватловчиларнинг асосий дастаги бир гап бўлди: «Бу рекорд Ўзбекистон номини дунёга танитади, натижда юртимизга туристлар оқими кўпаяди.» Бир қарашда мантиқли фикрга ўхшаб туюлади. Ростан ҳам шундайми?

Шу рекорд хақида баъзи бир Россия каналларию, веб-сайтларидан ташқари бошқа бирор нуфузли газета ёки канал ёзгани, хабар бергани хақида эшитмадим. Ундан ташқари ўша рекорддан кейин ўтган вақт ичида юртимизга ташриф буюрган туристлар сонининг сезиларли ортгани хақида хам бирор жойда
гапирилмади. Демак, натижа кутилганидек сезиларли бўлмаган.

Шу ўринда бир икки мулохазаларимни билдириб кетсам: бир неча йилдан бери четда яшаётган инсон сифатида айтишим мумкинки, дунёнинг турли бурчагидан келган инсонлар Африканинг Чад, Нигер, Эритреа ёки шунга ўхшаш майда давлатларидан хабардор бўлиши мумкин, лекин минг афсуски, бизга «қаерликсан?» деб савол берган
хорижликка ҳар сафар узундан узоқ тушунтиришга мажбур бўламиз. Сабаби, бизнинг мамлакатимиз хақида кўпчилик ҳаттоки эшитмаган ҳам. Шундай экан 7 миллиарддан ошиқ дунё ахолисининг ярмидан кўпроғи ҳаттоки номини ҳам
билмайдиган давлатни танитиш учун биргина рекорд
паловнинг ўзи камлик қилади, чамамда.

Икки йилдан кўпроқ вақтдан бери Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) яшайман ва ишлайман. Ҳеч кимга сир эмаски, бу давлат туристик ва туризмни давлат сиёсати даражасида кўрадиган, йилига энг кўп сайёхлар ташриф буюрадиган мамлакатлардан ҳисобланади. Бу кичкина мамлакатнинг бунчалик
муваффақиятига эса, албатта сайёҳлар учун яратилган шароитлар жудаям катта рол ўйнаган. Мисол учун, БАА да сайёхлар учун шундай тизим жорий этилганки, бу мамлакатга ташриф буюрган сайёх имкони борича кўпроқ маблағини сарфлаб кетишига ҳаракат қилади. Бу эса ўз навбатида айнан ўша тизимнинг бош мақсадидир. Бу йўлда дунёдаги «энг» бўлган жуда кўп нарсалар барпо этилган. Мисол учун, дунёдаги ЭНГ катта аквапарк, ЭНГ баланд бино, ЭНГ катта савдо маркази, дунёда ягона 7 юлдузли меҳмонхона ва ҳоказо. Ундан ташқари бу мамлакатга келаётган сайёхларни ортиқча безовта қилмаслик учун ҳужжатлар тизими хам жуда қулай йўлга
қўйилган. Яъни ҳужжатлар фақатгина бу мамлакатга киришда ва чиқишда текширилади. Ичкарида эса
бутунлай эркинлик (ўтган йиллар давомида
фақатгина бир марта полиция ҳужжат сўраганини эслай
оламан, холос).

Энди худди шу ҳолатни ўзимизда таққослаб кўрамиз: айтайлик, ўша рекордчилар айтаётгандай, юртимизга туристлар оқими ортди хам дейлик, лекин ичкарида унга яраша инфратузилма бўлмаганидан кейин уларнинг келишидан нима наф? Улар меҳмонхонадан ташқари яна қайга пул сарф қилишади? Ўз мамлакатидан учиб келишда сайёҳлар одатда ўзларининг маҳаллий авиакомпанияларидан фойдаланишади. Демак, бу томондан фойда олишдан умидни узиш мумкин.

Маълумот ўрнида, БААнинг маҳаллий икки авиакомпанияси — «Эмирейтс Айрлайнес» ва «Эттихад Айрлайнес» дунёнинг энг яхши ва нуфузли авиаташувчилари қаторида туради. Бу мамлакатга ташриф буюраётган йўловчиларга «киракашлик» қилиш ҳам асосан шу икки маҳаллий компания зиммасида. Яъни давлат бу томондан хам фойда оляпти. Юртимизга келган сайёхлар мамлакат ичига киргандан кейин қайга
боришади? Улар учун махсус ташкил этилган бирор ўзига хос маскан борми? Бухоро, Самарқанд ёки Хоразмга бориш хақида гапириб оғзимга уришга шошилманг. У ерга боргани билан асосий барибир томоша объектлари барчаси очиқ осмон остида ва кўриш текин бўлган тарихий обидалар. Турист
фақатгина овқатланиш, сувенирлар харид қилиш ва автобус учун йўл кирага (агар уни ҳам келишдан олдин келишиб тур фирмага тўлаб келмаган бўлса) пул сарф қилади. Чунки бошқа пул ишлатиш мумкин бўлган, дунёнинг тўрт томонини кўриб бўлган сайёҳнинг эътиборини тортиши мумкин бўлган жойнинг ўзи йўқ. Биздаги овқатланиш нархлари (ҳатто ресторанларда ҳам) бошқа мамлакатларга солиштирганда анча арзон туради. Шу сабабли ҳам келган сайёх сафарининг аввалида маҳаллий қора бозоримиздан айирбошлаган озгина сўмни ҳам тугата олмай ортига қайтиб кетади.

Хуллас ҳаммага маълум нарса ҳақида ортиқча тўхталиб ўтиришга хам хожат йўқ. Сайёҳларни жалб этишга уринишдан олдин шунга
мос шароит барпо этилиши керак.

Хулоса ўрнида, сўнгги пайтларда юртимизда турли ўзгаришлар, муаммоларни очиқ айтиш ва уларни ҳал этишга уринишлар давомли тарзда амалга оширилиб
келиняпти. Кўряпмизки, ҳали юртимиз ичида қилиниши керак бўлган кўплаб ишлар бор. Уларнинг миллатнинг эртанги куни, ривожланишида тутадиган ўрни хам қандайдир рекордлар мутахассисларини бир неча ой ичида икки марта бир хил ҳунар билан безовта қилишдан кўра мухимроқ, назаримда. Шундай экан номимизни тарихга мухрлаш учун фақатгина палов тайёрлаш эмас, бутун мамлакатни ҳар томонлама юксалишига ҳиссамизни қўшиш орқали ҳаракат қилиш анчайин оқилона қарор бўларди. Чунки ҳали энди пойдеворигина қурилган уйни чиройли кўрсатиш учун унга бўёқ чапланмайдику, тўғрими?

Юқорида ёзилганлар туризм соҳасида мутахассисликка эга бўлмаган оддийгина фуқаронинг шахсий фикрлари эди, холос. Мен дунёда туризм бўйича биринчи ўринда бўлган БААда яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароси сифатида ўз фикрларимни сизлар билан баҳам кўрдим. Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз: «паловхўрлик» билан туризмни ривожлантира оламизми?

Дониёрбек Каримов

6 комментариев

  1. Нима учун хамма — паловни узбеклар жуда яхши куришади деб уйлайди ? Нима , Америкада паловни яхши куришмайдими ? Нима , Америкада узбеклар йукми ?

Изоҳ ёзиш мумкин эмас!