Паҳлавон Содиқ: Президентнинг нутқи танқидийлиги ва қамрови жиҳатидан бизнинг кутишларимиздан ошиб тушди.

– Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг нутқидан бир кун олдин хабар топдик. Биз буни онлайн мулоқот тарзида бўлади, деб кутгандик. Аммо биз кутган форматда бўлмаса-да, Президентнинг нутқи танқидийлиги ва қамрови жиҳатидан бизнинг кутишларимиздан ошиб тушди. Ва албатта, давомийлиги билан ҳам. Менинг ўзим нутқни Лондон вақти билан эрталаб соат 5.30 дан томоша қилишни бошладим ва нутқ бошланиши билан Би-би-сининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида унга ҳавола бердик. Ўн минглаб Би-би-си тингловчилари ва муштарийлари Ўзбекистон Президентининг нутқини жонли эфирда томоша қилишди. Шавкат Мирзиёевнинг танқидий чиқишлари янгилик эмас. Президент ҳокимиятнинг барча органлари ва бошқарувнинг барча бўғинлари фаолиятини ўз чиқишларида танқидий таҳлил қилиб келаяпти, аммо 22 декабрь кунги Мурожаат аввалгиларидан ҳам танқидийроқ эди. Бу сафар Президент ўзини ҳам аямади. «Бир хиллар айтиши мумкин, сен 13 йил бош вазир бўлиб ўтириб, шуни билмаганмисан, билганман, лекин жуда атроф чатоқ бўлган», деди Президент нутқ матнидан четга чиқиб. Шавкат Мирзиёевнинг танқидчилари 13 йил давомида ҳукуматга раҳбарлик қилгани ва мамлакатдаги аянчли аҳволга биринчи навбатда унинг ўзи масъул эканини айтиб келишади ва бу ўринли танқид. Президент охирги чиқишида ана шу танқидларга жавоб берди. Яъни якка шахс томонидан бошқарилган ҳокимият вертикалида нафақат парламент, жамоатчилик ёки сайловчи, ҳатто давлатнинг иккинчи рақамли одами бўлган бош вазир ҳам ўз сўзига эга эмасди. Шавкат Мирзиёев мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги жамоатчиликка «мен ана шу бошқарув услубини ўзгартираман», деган муждани беряпти.

Президентнинг ўзи ҳам бунга изоҳ бергандек бўлди. Мамлакатда «тийиб туриш ва мувозанат» тизими ишдан чиққанлигини айтди. Бу Мурожаатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири эди. Ҳокимиятнинг бир идора қўлида жамлангани ва ортиқ бунга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Таъкидлабгина қолмай, ўтирганларга «буни ёдда тутинглар», дея уқтирди. Президент биринчи марта Миллий хавфсизлик хизматини танқид қилди. Ҳозиргача бу идора танқидлардан четда қолиб келаётганди. Танқид МХХнинг туман, шаҳар ва вилоят бошқармаларига қаратилди, аммо умумият-ла, МХХ ислоҳ қилиниши кераклиги айтилди. Бу Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён унинг ички сиёсатга доир энг муҳим баёноти эди. Баёнотни аниқ қадамлар таъқиб этадими, ҳозирда шу муҳим. Сўз ва иш бирлиги муҳим. Бу каби танқидлар марҳум Президент бошқарувининг илк йилларида ҳам янграган, аммо амалиётда мутлақ тескариси бўлган эди. Яна бир муҳим жиҳат: Президент амалдорларни, айниқса, собиқ ҳукумат мулозимларининг кўпчилигини коррупция ва бошқа жиноий ҳаракатларда баралла айблаяпти.

22 декабрь куни мени Би-би-си Жаҳон хизматининг инглиз тилидаги дастурларидан бирига Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ҳақида гапириб бериш учун таклиф қилишди. Бошловчининг биринчи саволи «Ким бу одам, қандай раҳбар?» деган савол бўлди. Би-би-сининг аудиторияси катта ва бу каби савол табиий эди. Мен Шавкат Мирзиёевни ўзим билганимча таърифладим ва у ўзининг ўтмишдошиникидан фарқли бошқарув услубини намойиш этишга уринаётганига урғу бердим. Бу муҳим эди. Чунки ўтмишда Ўзбекистондаги сиёсий бошқарув борасида дунёда жуда ҳам салбий фикр шаклланган. Бу фикрни ўзгартириш учун Шавкат Мирзиёев ҳали бир эмас, бир нечта «Фултон нутқлари»ни қилиши керак бўлади ва бундан ҳам муҳими, қатъий сиёсий иродани намойиш этиши лозим бўлади. Дунё матбуоти сўнгги чорак асрда Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларни кўрмагани боис, Шавкат Мирзиёев қўяётган қадамларни эҳтиёткорлик билан олқишлаяпти. Ғарб журналистлари уларни ҳатто «ғалати ўзгаришлар» деб ҳам таърифлашмоқда. Мана, жаҳон нашрларининг сарлавҳаларидан бир нечтаси: «Ўзбек баҳори келди, аммо ёзгача ҳали кўп бор» («Экономист», 14 декабрь, 2017 йил), «Бир пайтлар ёпиқ ва репрессив Ўзбекистон дунёга очилмоқда» («Нью-Йорк Таймс, 25 октябрь, 2017 йил), «Ўзбекистонга қайтиш: илиқлашув бўладими?» (BBCNews, 22 ноябрь,2017 йил), «Бу Ўзбек баҳорими?» (RFE/RL, 16 июл, 2017 йил). Жаҳон матбуоти ва жамоатчилиги Ўзбекистондаги ўзгаришларни яқиндан кузатмоқда. Ҳозиргача, кўпроқ яхши ният ва яхши баёнотларни кўраяпмиз. Ўзгаришлар бор, аммо ҳали улар муқаррар, орқага қайтмайдиган нуқтага етганича йўқ.

22 декабрь кунги Мурожаати билан Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги жамоатчиликни ўзгаришларнинг самимийлигига бир қадар ишонтирди. Аммо ишонқирамаётган, скептик жамоатчилик ичкарида ҳам, ташқарида ҳам бор. Улар аниқ қадамларни кутаяпти. Масалан, мамлакат қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш, айбсизларни реабилитация қилиш, қийноқларга буткул барҳам бериш, сўз, матбуот ва ифода эркинлигини кафолатлаш, хорижий ва мустақил сайтларга қўйилган тўсиқларни дарҳол олиб ташлаш, сиёсий мухолифатга йўл бериш, дин эркинлигини кенгайтириш, яқин ўтмишда йўл қўйилган хатолар ҳақида баралла гапириш ва уларга сиёсий баҳо бериш. Булар кўп нарса эмас. Инқилоб ҳам эмас. Булар нормал, тараққий қилишни истаган жамиятнинг атрибутлари, холос. Шавкат Мирзиёев ҳам назаримда муаммо борми, ҳал қилиш керак, деган прагматик бир мантиқдан келиб чиқаяпти. Ортиқча пафосга берилаётгани йўқ. Буларнинг ҳаммаси умид уйғотадиган ишоралардир.

Паҳлавон Содиқ,
Би-би-си журналисти, bbcuzbek.com муҳаррири
манба: http://uza.uz

Биринчи изоҳ

  1. Сизларни юртимда кўриш истайман. Ноилож хорижда юрган дўстларим. Манъоли сухбатлар куриш истайман. Ноилож хорижда турган дўстларим. Сизлардай ватанни сева олмадик. Юртда ганимларни сеза билмадик. Маддохликни байрок килиб олиб биз. Хакикатни асло ёза олмадик. Келсангиз гар хозир не келар кўлдан. Шижоат тугаган мардлар хам ўлган. Сизлардай ўглонлар юртдан кувилиб. Фидолик тугаган хакикат сўнган. Гойибдан сухбат кўп курган эдик биз. Сўзлаб ёмонни хўп урган эдик биз. Аллохдан инсофли хукмдор сураб. Дуода кул очиб турган эдик биз. Хорижда юртимдан мазлумлар ўлди. Мазлумлар сабрининг косаси тўлди. Аллохимга етиб оху-нолалар. Чин ўглон ватанга «ХАЛКБОШИ» бўлди. Ишончим комилки якин фурсатда. Умидли хукмлар эълон килади. Бизлардан хам аввал илик кутволиб. СИЗЛАРНИ хокимлар мехмон килади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *