Озод Аҳмадович ўз касбини яна ўзгартирди…

Бундан бир ойча муқаддам Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков “Ёшлар” телерадиоканалига директор этиб тайинланди.

Тан олиш керак, бу хабар кўпчилик учун томдан тараша тушгандек бўлди. Ижтимоий тармоқларда роса-а “чайналди”, обдон муҳокама қилинди. Бир гуруҳ “шок”ка тушган журналистлар турли истеҳзо ва пичинг оҳангидаги фикрларни билдиришди. Ҳар ҳолда бутун бир бошли телерадиоканалнинг қўшиқчи қўлига топширилишини бирданига ҳазм қилиш қийин кечди.

Бошқа бир гуруҳ некбин “озодчилар” эса гуррос қарсаклар уриб, ажаб замонлар келгани ҳақида кўзда ёш билан, тўлқинланиб гапирдилар: “Ана энди “Ёшлар”ни шу киши “одам” қилади, боплайди”, деб ўйлашди, ёзишди.

Яна бир гуруҳ одамлар эса “Бу трамплин, у Маданият вазири бўларкан”, деган гапларни айтишди. Хуллас, айтилмаган гап, билдирилмаган тахмин қолмади ҳисоб.

Орадан 1 ой ҳам ўтмади. “Озодбек Назарбеков “Ёшлар” телерадиоканали директорлигидан кетди”, деган хабар сайтлар оралаб яшин тезлигида тарқалди. Турли мемларнинг урчиганини айтмайсизми?! Холисона айтганда, бу хабар қўшиқчининг обрўсига яхши таъсир қилмагани аниқ.

Хўш, бу вақтда қўшиқчи нима қила олди? Қизиқсиз-а, бир ойда нима ҳам қила оларди?! “Ёшлар қабулхонаси” деган лойиҳа қилди. Кимдир билди, кимдир эса йўқ…

Умуман олганда, Озодбек қўшиқчи, ижодкор, эркинликка ўрганган одам. Галстук тақиб, 09.00 дан 21.00 гача кабинетни “гуллатиши” жуда қийин масала (бу ёқда тўй “сезони”, концертлар… У яхши пул топиб ўрганган. Телевидениенинг арзимас (албатта у учун) пулига бола-чақа боқиб бўладими?!). Қолаверса, “Ёшлар” нинг ҳам “тарози”га қўйилган ўзига яраша “оғир тошлари” бор… Кўчириш, силжитиш, янгилаш..эҳеее…

Унинг эплаб кетишига, потенциали етишига кўпчилик шубҳа билдирди. Мана, оҳир-оқибат тахминлар ўзини оқлади. “Тахт”ни Мадамин Сафаровга топширди. Ўзининг ақли ва қурби етадиган продюссерлик лавозимига ўтибди. Тўғри танлов.

Дарвоқе, янги директор ҳақида. Уни таниганлар билимли, тиришқоқ ва яхши журналист, деб билади. Маълум бўлишича, Мадамин Сафаров “Ёшлар” мактаби тарбиясини олган. “Ёшлар” радиосида чиниқиб, “Ўзбекистон” телеканалида пишиб етилган. Шундай сўнг, унга Тошкент телерадиоканали топширилди. Тан олиш керакки, у “ўлик” канални “тирилтирди”. Одамлар кўришни бошлади. Тилга тушган кўрсатувларга бош-қош бўлди: “Сайёр камера”, ҳокимлар билан жонли мулоқотлар ва бошқа танқидий-таҳлилий кўрсатувлар. Демак, шу йигитнинг каналда ўзгаришлар қилишига ишонса бўлади. Демак, кунда-кун ора ош пиширишни ўргатадиган кўрсатувлар камайишига умид қиламиз. Демак, … қани, фол очмай, кузатайлик-чи…

Дўстларим, энди битта гап-да: Халқимиз бекорга “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин”, деб гапирмайди. Ҳамма ишни ўз одами, ўз эгаси қилгани маъқул. Ақли етмайдиган ишларга ўралашиб қолган бандаи ожиз сарсон-саргардон улоқиб юраверади. Вақт, умр, имкон увол… Буни хофиз ака ўз вақтида тўғри тушуниб етди, чамаси. Шунисига ҳам раҳмат!

Хуллас калом, Иван Васильевич, йўғе, Озодбек Аҳмадович ўзгарган касбини яна ўзгартирди. Озодбек Назарбеков энди Бош продюссер! Бахайр бўлсин!

Хушёр Бек

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *