Ойликдан ушланадиган солиқлар Европа стандартида, ойликни ўзи Африка стандартидами?

Яқинда иқтисодчи-эксперт Юлий Юсуповни Ўзбекистонда солиқ ставкалари ва турлари бўйича берилган мақоласини ўқиб қолдим. Унда Ўзбекистон солиқ тўловчилари солиқ фоизлари баландлиги бўйича бошқа давлатларга қараганда энг юқори ўринни банд этгани иддао қилинган. Жисмоний шахслардан ҳам, юридик шахслардан ҳам ундириладиган солиқлар Европа стандарти бўйича ундириб келинмоқда. Баъзи ҳолларда Европа стандартидан ҳам ошиб тушган.

Энди дўппини олиб ўйлаб кўрсангиз, Европа давлатларида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, таълим соҳаларида жуда кўп имтиёзлар берилган. Ишсиз фуқаро учун бериладиган нафақасининг ўзи, Ўзбекистондаги манаман деган ишли фуқаронинг ойлигидан катта. Ўзбекистонда 2017 йил ўртача иш ҳақи 3000 000 сўмга яқин суммани ташкил этибди. У ҳам Тошкентда. Вилоятдагиларнинг ўртача иш ҳақи 800 000-1000 000 сўмни ташкил этади.

Тошкентда ҳамма бош ташкилотлар жойлашган. Уларнинг ходимларига бериладиган мукофотлар, вилоят, туман (шаҳар) ташкилотлари ходимларига анқони уруғи. Пойтахт ходимларига бериладиган мукофотларни санаб ўтсам: ойлик мукофот, чораклик мукофот, йиллик мукофот, байрамларда мукофот, устамалар. Эҳ-ҳе, санаб адоғига етолмайсиз!

Ҳурматли экспертларимиз иш ҳақини пойтахтдаги ўлчов билан эмас, вилоят, туман (шаҳар) лардаги ўлчов билан ўлчаганларида яхши бўларди. Бунинг учун кўп ҳам профессор бўлиш шарт эмас. Қисқа қилиб айтганда, қачон туман (шаҳар) лардаги бюджет ходимлари иш ҳақисига эътибор қаратилади. Ёки бу ўлкада ҳамма пойтахтда яшайдими?

Дарвоқе, яна бир гап — қачонгача ойликдан ушланадиган солиқлар Европа стандартида, ойликни ўзи эса Африка стандартида қолаверади?..

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *