ОЙДИННИСО: «Яна сени қўмсаб йиғладим»

Ибтидонинг интиҳоси бор,
Тугайди-ку бошланган ҳар не.
Нега менинг кўнглимда баҳор
Давом этаверар, тинмайди.

Деразани ёпиб ташлайман,
Бекинаман парда ортига.
“Эй ҳис, бир зум тин!” деб чидайман,
Димиққан уй зарда-додига.

Бир жарангдор куй янглиғ офтоб
Юрагимга ботар ярқираб.
Гуллайверар қайтадан истак,
Оқаверар ҳислар шарқираб.

Ураётган юрак эмас, йўқ,
Кўксим тўла қушлар сайроғи.
Вужудимга кирар бостириб,
Баҳорларнинг беором боғи.

Кўзни юмиб санайман, минглар,
Миллионлар қуволмас ўйни.
Гўё олам узлуксиз тинглар
Шовиллаган баҳорий куйни.

Гулбаргларни узаман бир-бир,
Санайман: “Севади, севмайди”.
Дунёда бир шу буюк иш бор,
Қолган бари туюлар майда.

Яшаш эмас, севиш бор мудом,
Ҳар толаму ҳар заррам сезги.
Ҳечам севиб тугатолмадим,
Тугатарми ё мени севги?

**********************************

Сен қайларда эдинг, бахт қуши,
Ахтардингми иссиқ ўлкани?
Иссиқ-совуқ қоришиқ тушди –
Титрадингми бунга келгани?

Дон тердингми, кўнгил йиғдингми,
Овландингми бирор сайёдга?
Орзуларга кириб-чиқдингми,
Қамалдингми бирор-бир ёдга?

Шунча узоқ учдингми, ғариб,
Шунча узоқ кечиккунингча?
Келгунингча мени ахтариб,
Ямоқ юрагимга қўнгунча.

Сен қайларда эдинг, бахт қуши?..

********************

Куртаклар кўз очди қишки уйқудан,
Баҳор ҳар заррани уйғотди осон.
Олам ҳаприқмоқда соҳир туйғудан,
Сен қачон уйғонасан?

Ахир ҳаддан ошиб эсмоқда сабо,
Юрагимни майин сийпалаб ўтди.
Кўзларингни очгин, бер унга сазо –
Сенга ўхшагани журъати етди.
Соҳилларни ювди озод тўлқинлар –
Покиза ҳақиқат қўшиғин айтди.
Қирғоқларда мудраб ётган ўйларим
Яна ўз манзили – сен томон қайтди.

Боряпман ёдингга кирмоққа, уйғон,
Кўксимга дилёмғир ёғмоқда кўкдан.
Уйғоқликдан ором олсин дилу тан,
Таскин топсин безовталикдан.

***************************

Мен сени соғиндим!
Сен кимсан ўзи –
Кўнгилни муттасил зориқтирганим?
Мен сени севаман!
Сен кимсан ўзи –
Эй, мени ўзимга йўлиқтирганим?

Сен кимсан?
Ҳар лаҳза кутаман сени,
Қамишман – най бўлмоқ менга қаноат.
Сен эса кифтимга ортиб дунёни,
Дунёлар устида қоқтирдинг қанот!

Юрсам, сенга юрдим шахдам одимлаб,
Дилимда хиргойи, кўзда ҳайқириқ.
Ҳар лаҳза бир орзу чорлади имлаб,
Ҳар лаҳза ўртади мумтоз айрилиқ.

Чорласам, ёнимга довонлар келди,
Нафасим дунёни тебратди, эссам.
Яна сени эслаб, борлигим билдим,
Яна сени қўмсаб йиғладим –

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *