Ойбек Алиев:Танқид-бир бирини кўзини кўкартириш дегани эмас

Мен яқинда интернет сайтларининг бирида ,  блогер Б.Қобуловнинг журналистларни танқидий кўрсатувларини танқид қилувчи  «Ўқитувчига осилмаган сен қолувдинг ўзи!» Журналист ўзига тупурганда» сарлавҳали  мақолани ўқиб қолдим.  Мен блогердан фарқли ўлароқ унинг мулоҳазаларини  ҳам,  журналистлар тайёрлаган танқидий репортажни ҳам танқид қилмоқчи эмасман.  Аксинча мақсадим иккала  тамонни  бироз   юмшатиш, таъбир жоиз бўлса, улар ўртасидаги музликни эритиш.  Акс ҳолда мен аминманки, журналист ҳам эртага блогерга раддия билдириб мақола ёзади ва улар асосий мақсаддан чалғиб бир бирини “ғажиш”ни бошлашади. Ваҳоланки,   журналистика соҳасида  бундай ҳолларга гувоҳ бўлганмиз. Оқибатда  журналистлар умумий душманлари бўлган ҳақсизлик ва адолатсизликка қарши курашиш  ўрнига,  бир бирлари билан обрў ва мансаб талашиб ким ҳақлигини аниқлашга киришиб кетганликларини  кўп кўрганмиз,  аслида журналистикани  ботқоқликка элтган сабаб ҳам шу назаримда.  Блогернинг  Танқидда маза таза бўлиши керак, ҳар гал ўқитувчига осилавермасдан қўлингдан келса, банк раиси ёки ДТМ бошлиғидан интервью ол дейиши   бир қарашда асослидай, лекин, масаланинг бошқа томонига бир эътибор берайлик. Ҳурматли блогер!!  Агар, бу танқидни кўчадаги одам ёзса тушунардим, аммо,  сиз энди шу соҳа вакили  бўла туриб журналистикани устидан бунчалар  кулмасангиз?

Ўзи яраси энди битаётган журналистикани яна ярасини тирнаб,  унга туз сепишдан нима наф?  Истасангиз ўзингиз ёзинг ўша танқидни лекин, тегманг ўз йўлини излаб  энди қадам қўйган журналистларга. “ Энди қадам қўйди” деганим албатта,  маъжозий  маънода,  чунки, бизни журналистикада ҳали танқид қилиш маданияти эндигина  шаклланмоқда.

Сизнинг  барча ёзганларингизни албатта қадрлайман,  лекин, асосий гап энди бош кўтараётган ниҳолни қирқиш ҳақида кетмоқда. Ўзингиз ҳам яхши биласиз,  бизнинг журналистика сиз айтгандай танқидни амалга ошира олмаслигини ва бундай танқидни улардан кутмагансиз ҳам.  Мен бу билан уларни оқлаётганим ҳам йўқ,  ҳар тугул жонланиш бор деган мақсадда айтаяпман.  Журналист қачонки, том маънода ўзини  тўртинчи ҳокимият вакили  эканини ҳис этсагина,  сиз айтган танқидларга у қўл ура олади.  Бунинг учун, йиллар давомида журналистикада шундай савия шаклланиши лозим. Кеча бирорта ҳам танқидни амалга оширмаган, “Буни ёзсам нима бўларкан, гап тегмасмиканман?” дея қўрқа писа мақола ёзиб юрган мухбирдан,  бирданига бунчалик  маҳоратни кутиш бефойда. Нега жасорат демадим, маҳорат дедим?  Чунки, шахсан президент танқидга чорлаётган бир пайтда уларни жўяли танқидни амалга ошира олмасликларига аввало маҳоратлари етишмаётгандай фикримча.  Улар танқидни ҳам, ўз ақли билан эмас,  балки танқид қилиш керак бўлгани учун қилишяпди.  Бунда албатта уларнинг заррача айби йўқ, айб ички қўрқувда. Аввал ҳам, уларни ҳеч ким оғзини боғламаган эди. Фақат, » жиннимисан,  нима қиласан танқид қилиб? Қўй бошингни оғритма, нима қиласан ўзингга душман орттириб?»  қабилидаги  ўзаро бир бирини овутишлар  туфайли журналистларимиз   таҳлилий ва танқидий мақолалар ёза олмайдиган,  ҳатто мавжуд воқеликни ҳам саралаб акс эттирадиган  ҳолга келди.  Келинг,  ҳа деб уларнинг  пешонасидан чертавермайимкон берайлик.  Кичик ва жўн танқидлардан аста секин сиз айтгандай бошқа долзарброқ танқидларга ўтилар,  бугун муаммони тор доирада таҳлил қилаётган бўлсалар, эртага уни кенг доирада таҳлил қилишни ўрганарлар. Одамларни ОАВларига бўлган ишончини сўндирадиган нарса ёлғон ахборот беришдир. Президентимиз айнан шуни назарда тутиб, “Ахборот” кўрсатувини танқид қилган ҳолда бундай деган эди: “Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак”. Аммо, ўша танқидий ва таҳлилий материалларда  ёлғон ва туҳмат маълумотларни  ишлатилишига йўл қўймаслик керак.  Ёлғон ишлатилса халқнинг ҳафсаласа пир бўлади.  Албатта, Президент  ҳам танқидни танқид учун қабилида  олиб борилишини истамайди,  танқид ўз  мевасини  берсагина   одамлар  газета ва журналларни,  кўрсатув ва эшиттиришларни  соғиниб кутиши мумкин.  Бириси айтган  гапни,  иккинчиси   инкор этса.  Бундай нохолисона,   асосланмаган танқидлар  халқни  ОАВга  шундоғам кам бўлган ишончини буткул йўқотади.   Сир эмаски, бутун дунё тинглайдиган халқаро радио эшиттиришларда ҳам очиқчасига туҳмат ва кимнидир атайин обрўсизлантириш ҳолатлари бўлиб туради.  Дунё ривожланган деб тан олган давлатларда ҳам  ўзини  мустақил деб ҳисобловчи  ОАВлари  кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, бир бирларига очиқчасига тажовуз қилиш ҳолатларини кузатиш мумкин.  Айниқса, депутатлик сайловлари бўлганида бир номзодга туҳмат қилиб, бошқа номзодни ноғорасига ўйнаш ҳолатларига ҳаммамиз  гувоҳ бўлганмиз.   Хорижнинг тажрибасини ўрганиш, ундан ибрат олиш дегани, кўр кўрона тақлид қилиб андоза кўчириш дегани эмас.  Бизнинг журналистикамиз ўзлигимиздан, миллий қадриятларимизни инобатга олган ҳолда ўз йўлини топсагина мавқеи ошади. Ваҳоланки, танқид бу- бир бирини кўзини кўкартиришдан иборатмас .   Ўзганинг устига мағзава тўкиш эса танқид дегани эмас.

Алиев О.А. ТАТУ Урганч филиали  ўқитувчиси

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *