Ойбек Алиев: «ОПТИМИСТ БЎЛАЙЛИК!»

Ҳамкасбларим  баъзан мени “Сен ғирт пессимистсан, нуқул муаммолардан гапирганинг гапирган, нолишдан бошқа ишинг йўқ” дея айблашади. Балким сиртдан  қараганда шундай туюлиши мумкиндир. Аммо мен пессимист эмас, реалистман! Муаммоларга дуч келсам,  кўз юмиб ўта олмасам, виждоним қийналса нима қилай?.

Бир кун ўйланиб қолдим, жоним, ҳаётим, ишим  ўзимга ҳам керак, қолаверса, ҳали уйланмаган бўлсам, нимага керак бунчалик ўзимни азоблаш? Хуллас, ўзимни оптимистлардек тутишга ва ҳатто,  жамиятдаги муаммоларга  танқидий кайфият билан эмас, ўзгача назар билан қарашга ҳаракат қилдим. Мен таълим соҳасини одами бўлганим учун кейинги пайтларда интернетда, ўқитувчиларга бўлган муносабат муаммосига  эътибор қаратдим.

Эринмаган одам борки, ўқитувчининг давлат органлари тамонидан асосий вазифасига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилиш амалиётини қоралашга уринмоқда. Ҳамма, ўқитувчини текин мардикорга айланганини, бу – мажбурий меҳнат эканини ёзишдан чарчамаяпди. Ахир, бу – мардикорлик эмас, ҳашарку. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светлана Ортиқова ҳам, бу ҳолатга ўз муносабатини билдириб, қуйидаги сўзларни айтган эди: “Сиз билан биз яшайдиган ернинг юзини сиз билан биз тозаламасак, ташқаридан келган одам тозалаб берадими? Тошкентда чиқинди ташийдиган махсус автомобиллар тўлиб кетиб, чиқиндиларни ташишга улгура олмаяпти. Тозалаш ишларини ҳам кимдир қилиши керак-ку”. Унинг, ушбу гаплари учун, ҳамма писсимистлар, интернетда уни росаям пўстагини қоқди. Аммо унча бунча ишда эмас, айнан узоқ йил прокуратура соҳасида ишлаган ,  Сенат раисининг ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатаётган инобатга олсак,    бу хоним   ўйламасдан гапирмаса керак?  Балким  унинг гапида ҳам оз бўлсада жон бордир, фақат, унга оптимистик кўз билан қараш  керак. Мана  Халқ таълими вазири бундай ишларни тарбиявий аҳамиятга эга эканини қайд этдику!

Мана масалан, оддий мисол: Олий таълим муассасаси(ОТМ)ни зўрға битказган талаба, орадан кўп ўтмай,  «эплаб» вилоят ҳокимлигида нуфузли  мансабга ўрнашади. Биринчи навбатда  ОТМ раҳбариятига қўнғироқ қилиб, кўп қаватли уйлар атрофини тозалашни буюради. Ахир  бир пайтлар,  унга “Сен одам бўлмайсан” деб баҳосини қўйиб бермай, охири «танкасини» сурганидан сўнг  анча қийнаб  зўрға  зачетини қўйиб берган  домлаларига ўзини ким бўлганини кўрсатиб қўйиш учун ҳашарга чиқишга мажбур қилади.  Пессимистлар бунга дод вой қилади.  Аслида эса, бунинг бебаҳо тарбиявий аҳамияти бор. Биринчидан, инсонлар онгида китоб билан ҳаёт доим ҳам мос кела олмаслиги, билимни яхши ўзлаштира олмаган инсонлар ҳам «қаловини топса»  ҳаётда ўз ўрнини топа олиши ва ҳатто ўзини ўқитиган ўқитувчисига вақти келиб буйруқ бера олиши мумкинлигининг исботи.   Иккинчидан, халқда бир гап бор: ёлғиз ва ночор одамларга ёрдам бериш савоб. Кўп қаватли уйларда кимлар яшайди?  Асосан, эридан ажралиб, эрсиз қолиб кетган ёлғиз аёллар.  Ёки  умрида бир сотих ерни чопиб кўрмаган квартирасининг катталигидан  уй ишларидан бошқасига вақт тополмаган беҳад банд одамлар яшайди, одатда.    Уларнинг уйи атрофини тўлиб кетган ахлатлардан ўқитувчилар тозалаб бериб ўрнак кўрсатмаса бошқа ким қилади? Мана, бунинг тарбиявий аҳамияти!

Тунов кун, уйимизга МИБ (мажбурий ижро бюроси) ходимлари билан биргаликда мактаб ўқитувчилари билан биргаликда  келишди. Таниш  ўқитувчиларимдан  “Нима қиляпсизлар?” деб сўрасам, «биз газ ва электр ҳисоблагичларни кўрсаткичини қайд этиб борамиз» дейишди. Ғирт, пессимист қўшним нолий бошлади: “Яна сизларми? МИБ чиқибам  сизлар қутилмадингизми?”.  Аммо ўйлаб кўрсангиз ,  бу ҳолат ҳалигача  МИБ  давлат органларининг  ишончига ўқитувчиларчалик кира олмаган далолат беради.  Қолаверса, МИБ прокуратура ҳузурида бўлишига қарамасдан, ҳамма одамлар ҳам уларни юмшоқ муомала билан кутиб олиб, уйини ланг очиб бераётгани йўқ, ўқитувчига эса, ким ҳам йўқ дер эди?

Яна бир мисол: яқиндадан бошлаб,  ўқитувчиларни профилактика инспекторлари билан биргаликда тунги  навбатчилик қилиш, кўчада бемаҳал, бемақсад, саёқ юрган одамларни тартибга чақириш механизми ҳам ишлаб чиқилди.  Бундай навбатчиликларнинг жорий этилишидан нолиш эмас, фахрлансак арзийди. Ахир ўқув юртидан ташқарида ҳам жиноятчиликка қарши курашишда  ўқутувчиларга билдирилаётган юксак ишончнинг белгисику!

Кўрдингизми?

Қанча  ишларни бажаришда  ўқитувчидан бошқага ишониб бўлмайди.

Шунчалик, оптимистик руҳга чўмдимки, ўзим билмасдан беихтиёр йиғлаб юбордим.

Тўғри ўқитувчиларимиз сурункали равишда айрим ҳокимлардан дакки эшитар, лекин йилда бир марта бўлса ҳам  “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни алоҳида байрам сифатида нишонлаб уларни  осмонларга чиқариб мақтаймизку.  Очиғини айтиш керак бунақа байрам дунёнинг ҳамма давлатларида бор эмас.   Ҳатто, маоши Бош вазир, мақоми император даражасига кўтариб қўйилган Японияда ҳам бундай байрам йўқ.  Азбаройи, ишонинг бунинг барчаси ўқитувчига бўлган улкан ҳурмат ва ишонч туфайли!
  Хуллас, пессимистлар ўйлагандай булар  –  фожеа эмас,  балки, биз ҳеч бир ишни ўқитувчидан бошқага ишона олмаслигимиздан, бунинг учун , ҳаммамиз бунга шундай оптимистик қараш билан баҳо берсак, кифоя!

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.