ОВИР борида пул ишлаб олиш керак!

Давлатимиз ҳокимиятидаги ягона демократик ислоҳотчи – президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, 2018 йил охирида бекор қилиниши белгиланган  чиқиш визаси (ОВИР)ни олиш учун Самарқанд вилояти Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат этдик.

Мисол тариқасида: Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманидаги Миграция бўлимида ОВИР расмийлаштириш имкони бор. Аммо Тошкентдан 300км узоқликда жойлашган Самарқанд вилоятида ҳолат қандай?

Самарқанд вилоятида доимий рўйхатда бўлган 2,5 млндан ортиқ аҳолига фақат битта манзилда ОВИР расмийлаштириш мумкин, хужжатлар эса ҳафтасига фақат уч кун, у ҳам бўлса кунига тўрт соатдан қабул қилиниши белгиланган. Бунинг натижасида қабул кунлари Миграция бўлимида жуда узун навбатлар вужудга келмоқда. Навбат ва сарсонгарчиликлар бор жойда албатта таниш билишчилик ва мансаб суистемоли бўлади.

Самарқандда «оддий» одамларга ОВИР неча кунда берилаётганлигини биласизми?

Эл қатори навбатда туриб ҳужжатларимизни Миграция бўлимига топширдик ва 15 кундан сўнг натижаси бўйича мурожаат этганимизда: «ОВИРингиз тайер эмас, бир ой ўтса келинг» — деб жавоб берилди. Ҳолат юзасидан ўзини Жасур деб таништирган масьул ходимнинг айтишича ОВИР 15 кунда берилиши қонун билан белгиланган бўлсада, кўп ҳолларда «қўшимча текширув» талаб қилинар ва ҳозирда бир ойда «Тошкентдан жавоб» келаётганини иддао қилди. Бир ой ўтиб ОВИР учун топширилган паспортни қайтариб олганимизда фирибгарликлар очилди: Қўлимизга бир ойдан сўнг топширилган паспортдаги ОВИР 15 кун олдин берилган экан.

Бошка фуқароларнинг ОВИР стикерини текширганимизда худди шундай ҳолат — ОВИР 15 кун ичида берилган, лекин Миграция бўлими ходимлари фақат бир ойдан сўнг паспортларни эгаларига тарқатган.

Коғозда 15 кундаю, хаётда бир ойда!

Мана сизга уюштирилган навбат ва сарсонгарчиликлар! Ҳолат юзасидан Миграция бўлими раҳбарияти билан учрашишнинг ҳам иложи бўлмади. Сабаби, Самарқанд вилояти Миграция ва фуқароликни расмийлашштириш бўлимида раҳбарият қабули ҳафтасига атиги икки кун экан холос. Бу ҳолат мансабдор шахсларнинг ўз моддий манфаатини кўзлаб уюштираётган сарсонгарчиликдан бошқа нарса эмас. Хорижий давлатларда, қийинчиликларга чидаб, иқтисодиётимиз учун миллиардлаб АҚШ доллар миқдорида фойда келтираётган одамларни ахмоқ қилиш адолатдан эмас. Самарқанд вилояти Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидаги «оддий» одамларнинг сарсонгарчиликларнини қуйидаги видеода ҳам кўришингиз мумкин.

Ҳар замонга — бир замон!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шарофатлари билан бу сарсонгарчиликлар ҳам тарихга айланиб қолмоқда. Унгача, ОВИР борида пул ишлаб олиш керак!

Мирзо Субханов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *