«Отаўғил шифокор»

Мактабни ҳам ўқиб-ўқимай битирган қаҳрамонимиз ота-онасининг қистови (ва албатта молиявий кўмаги) билан институтга ўқишга кирди. Ота-она, қариндош-уруғлари шифокор бўлгани учун бу бола ҳам шу соҳада ўқишга “ҳукм” қилинганди. Келинглар, шу ерда қаҳрамонимизга шартли бўлса ҳам исм қўйиб олайлик, йўқса “бу бола” деявериб ,бошларингизни оғритиб юбормай. Яна сизлар ўйламанглар “Бу ҳажвия бўлгани сабаб исм ҳам кулгули бўлади-да”, деб. Йўқ, мен қаҳрамонимизга олийжаноб исм танлаб қўйганман — Отаўғил! Қалай, зўрми?

Қисқаси, мана шу Отаўғил (Яна унутиб қўйманглар отасининг ўғли бўлгани учунгина эмас, қаҳрамонимизнинг исми шунақа) мактабда ҳам тузукроқ ўқимаган, еттита харфли исмини ёзишда саккизта хато қилар эди. Мактабда у жанжаллашмаган ўқувчи қолмаган, бирда-иккида мактаб қоровули билан ҳам ёқалашиб кўрган. Яхшиям, мактабни битириш вақти келиб қолди, яна бир-икки йил ўқиса, ўқитувчиларни ҳам қувлаб беобрў қилармиди…

Айтсам ишонмайсизлар, Отаўғил шаҳодатномани қўлига олгандан сўнг энг кўп хурсанд бўлганлар шу ўқитувчилар бўлди. Шахсан мактаб директори ўз ҳисобидан чойхонада палов билан “Отаўғилдан қутилиш маросими”ни қилиб берганини-ку, айтмай қўя қолай.

Отаўғилнинг шаҳодатномасидаги аъло баҳоларни кўриб, дарров хаёлингиз бошқа томонга кетди-я? Уялмай айтаверинг. Ўйлаяпсизки, ё Отаўғилнинг отаси ўқитувчиларнг томоғини “мойлаб” қўйган, ёки мен Отаўғилни ёмон ўқиганликда ноҳақ айблаяпман. Адашасиз, бу ишга отаси аралашмаган ва мен ҳам сизларни алдаганим йўқ. Сабаби оддий, ўқитувчилар ўзаро келишиб, фақат биз азоб чекиб қолаверамизми, шаҳарга бориб беш-олти йил институтдагиларни ҳам эговлаб келсин-да, дея барча баҳоларини ижобий қилиб беришди. Мактаб директори Отаўғилнинг отаси билан учрашганидан кейин костюми чўнтагидан бир даста пул топиб олгани мутлақо тасодиф.

Отаўғил ҳам шаҳодатномадаги баҳолардан руҳланиб: “Ўқисам, фақат Тошкентда ўқийман”, дея халта-хуржунни кўтариб, йўлга тушди.

Қаранг-да энди, шунча исму-шарифини бехато ёзадиганлар қолиб, шошилганда ёзмайдиган ручка кўтариб, имтиҳонга кирган Отаўғил синовдан ўтиб турибди-ку! Ўзи, бу бола йўли очиқ бола-да! Ёзуви ҳам шифокорларнинг ёзишига ўхшаб “ҳуснихат” усулида (яна ким билади дейсиз, балки ёзуви шифокорларникига ўхшагани учун имтиҳондан ўтиб кетгандир?!).

Бошида бироз ҳаяжонланди, курсдошлари ҳамма нарсани билса-ю, битта шу олақарғага ўхшаб, ҳеч нарсани билмай ўтирса, уят-да ахир!

Бахтига ўқишлар бошланиб-бошланмай пахта теримига олиб кетишди, шу бўйи қишки семестрга яқин қайтиб келишди. Кейин билса, қолган курсдошлари ҳам бундан аъло эмас экан. Курсдаги энг аълочи бола Қўрғоналининг қолганлардан устун томони бошқотирмаларни бехато еча олади, қолганлари шу Отаўғил каби бошқотирма еча олмайдиган болалар.

Аммо-лекин, шу ота-онаси бор бўлсин, тез-тез “кўксалом” йўллаб туришади. “Кўксалом” нима эканини тушумадингизми? Демак, институтда ўқимаган экансиз, ёки ўқиган бўлсангиз ҳам “кўксалом” бўлмаган пайтларда ўқиб олган экансиз. Билмасангиз билиб олинг: «Кўксалом» дегани — бу асосан боласи ўқишда ўқиётган оталар жўнатиб турадиган салом тури бўлиб, қуввати Франклин деган одамнинг расми кўплиги билан ўлчанади.

Вақтни тез ўтишини қаранг, ана-мана дегунча, етти йил ҳам ўтиб кетибди . Мана сўнгги имтиҳонлар ҳам бошланди. “Кўксалом” қудрати билан курсдошлари қатори аста-секин марра томон кетаётганди… шу бир ўқитувчи бор, ёши ўтиб қолган, жуда қайсар , умрида қўлига маошидан ортиқча пул ушламаган, шунга келганда “Франклин”ни ҳам бурни пачоқланди-ку. Отаўғил ҳам етти йил шаҳарда юриб анча тажрибаси ошиб қолмаганми, ўзини ҳар усулга солиб кўрди, бўлмади.

Бу ерда иш чиқмаслигига кўзи етгач, дам олиш куни ўқитувчини уйини мўлжал олди. Боришдан аввал атайин икки ҳафта соқолини олмади, дазмолланмаган уст -бош кийди, энг асосийси қуруқ қўл билан, бечораларга ўхшаб “ўқитувчи йўқлар”га борди. Бошида баҳо қўйиб бермагани учун ўқитувчисини мақтаб кўкларга кўтарди, кейин бирин-кетин қишлоқда қолган муштипар онаси, баджаҳл отаси ва кўролмайдиган қўшниларини эсга олди. Нима эмиш, агар Отаўғил қишлоғига дипломсиз кириб борса, баджаҳл отаси уриб майиб қилар экан-у, муштипар онаси бу азобларга чидай олмай, касал бўлиб ётиб қолар экан. Алалоқибат ичи қора қўшниларининг мазах қилишларига чидай олмаган Отаўғил ўз жонига қасд қилар эмиш.

Мен сизларнинг кўнгилларингизни бузмаслик учун бу ерда юмшатиб айтяпман, агар бу айтганларимни Отаўғилнинг ўзидан эшитганларингизда, сизлар ҳам унга қўшилиб йиғлаган ва баҳо қўйиб бериши учун ўқитувчисига ёлборган бўлардиларинг. Қаранг, астойдил уч соат йиғлаганди бағритош (бу сўзнинг иккинчи маъноси “пораолмас”) ўқитувчи ҳам эриди, чўнтагидан янги дастрўмолини чиқариб, аввал ўзининг кўзларини артди, кейин Отаўғилнинг юз-кўзларини артди-да:

— Йиғлама, болам, қани энди ихтиёр менда бўлса, уч эмас тўрт ҳам қўйиб берар эдим, аммо сен бир баҳога ҳам нолойиқсан. Ҳеч бўлмаса, қассобликка ўқиганингда ҳам майли эди, ахир сенга баҳо қўйсам, эртага беморлар тақдири хавф остида қолади. Виждоним йўл қўймайди, — деди.

Отаўғил мана шу ерида ҳўнграб юборди, астойдил устозининг кўксига бош қўйиб, айтиб-айтиб йиғлади, санаб-санаб йиғлади. Беармон кўнглини бўшатиб олгач, ўқитувчисининг дастрўмолини юзига босиб, ҳиққиллаб сўз бошлади:

— Энди, устоз, менга қассобликни раво кўрганингизни ўзи катта шараф! Аслида мен қассобликка ҳам, гўрковликка ҳам ярамайман; ўликни кўрсам қўрқаман, қонни кўрсам қусаман. Ўзимни ҳам бирор амбулаторда медбрат бўлгани виждоним йўл қўймайди. Фақат, шу етти йил Тошкентда юриб, уйга дипломсиз кириб борсам, муштипар онам, баджаҳл отам, ичиқора қўшниларим юзига қандай қарайман? Мен уларга қандай тушунтираман, дунёда ҳали ҳам сиздек одамлар қолганлигига? Ҳеч ким ишонмайди менинг сўзларимга. Менинг яшаб қолишим сизнинг қўлингизда, илтимос, менга шу баҳо тушмагурни қўйиб беринг, қишлоққа бориб дипломни муштипар онамга, баджаҳл отамга, ичиқора қўшниларимга бир қатор кўрсатаман-да, сандиққа солиб қўяман, — деди.

Мана сўзнинг қудрати! Мана кўзёшнинг қудрати! Шундай тошбағир (“пораолмас”) ўқитувчи ҳам лаққа тушди-ку!

Балки, мен бу ерда тўлиқ очиб беролмаётгандирман, балки ёзаётганим ҳажвия бўлгани сабаб у ерда бўлган юракэзар монологу-диалогни сизларга айтиб, кўнглингизни бузгим келмаётгандир. Келинглар, сизларга бир мисол келтирай: Ҳаммамиз ҳам ёшликда ҳинд киноларини кўрганмиз ва кино тугаганида кино қаҳрамонига ачиниб, кўзимиз йиғидан қизариб, йиғлаганимизни бошқалардан яшириб чиқиб кетганмиз. Ана кўрдингизми, ўқитувчи ҳам ўша ҳолатга тушди ва Отаўғилга қараб:

— Майли, ижобий баҳо қўйиб бераман, аммо, сен бу соҳада ишламасликка қасам ич, — деди.

Энди у ёғини билмадим, “йиғлаганимни бошқалар кўриб қолмасин” дедими, ёки шилимшиқ шогирдидан тезроқ қутилиб телесериал кўргиси келдими, бу ўқитувчининг шахсий иши. Аммо муросага келиб, шундай дегани тарихий факт!

Отаўғил ҳам вазиятдан фойдаланиб, қасам ичишни бошлаб юборди-ку. Ўзиям узундан-узоқ қилиб, хеч кимнинг хаёлига келмаган сўзларни қофиясини маъносига келтириб, қасам ичди-ки, агарда халқ оғзаки ижодиётида “қасамбозлик” деган янги бўлим очилса, Отаўғил фойдаланган сўзлар орқали анча “теша тегмаган” қасамларга бойиб олган бўлар эди.

Мен сизларга қасамни ҳаммасини айтмайин-да, сўнгги финал қисмини айтиб бера қолай:

— Шулардан келиб чиқиб, атрофдаги дов-дарахтлар гувоҳлигида тантанали қасам ичаман-ки, медбрат бўлиб ишлайдиган бўлсам, ғиждонсиз порахўрга айланиб қолай, деб Отаўғил бирсўз!

Мана, шу воқеага ҳам кўп йиллар бўлди, ҳозир Отаўғилни кўрсангиз танимайсиз, туман марказий шифохонасида битта бўлим шунга қарайди. Ахир, ота касбда буларга табиблик. У ёғини сўрасангиз, етти пушти шу ҳунар билан тирикчилик қилган-да. Боболари фолбинлик қилиб ўтган бўлса, момолари кинначилик билан номи чиққан.

Майли, ҳикоямизни шу ерда тугатаман, агар гапларимга ишонмаган бўлсангиз, биз томонларга бир келиб шифохонага кирсангиз, Отаўғилни кўриб кетасиз. Манзилни сўраяпсизми, жудаям содда экансиз-ку, Тошкентдан чиқибоқ, тўғри келган туман шифохонасига борсангиз, сизни “отаўғиллар” қучоқ очиб, кутиб олади.

Акмал Набиев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *