Отарчининг баҳоси фалон миллиону ижодкорники..?

Куни кеча Фарғонада бўлиб қайтдим. Эркин Воҳидов боғини айланиб юриб, атрофи шиша девор билан ўралган «Волга»га (машина) кўзим тушди. Ёнимдаги дўстлар «Эркин ака миниб юрган машина бу» дейишди. Азбаройи қизиққанимдан яқинроқ бориб қарай бошладим. Эътиборимни машина тумшуғи тарафда ўрнатилган ёзувли тахта тортди, кафтимни пешонамга соябонлаганча диққат билан ўқий бошладим: «СЕВИМЛИ ШОИРИМИЗ БУ ГАЗ 24 НИ 1976- ЙИЛ ЧОП ЭТИЛГАН «МУҲАББАТНОМА» ТЎПЛАМИНИНГ ГОНОРАРИГА ХАРИД ҚИЛГАН!»

 

Бир тўпламнинг гонорарига битта машина! Бу афсона эмас, факт! Бугун билан солиштирганда… Яширмайман, «Ёш куч» журнали ўтган йили битта шеърим учун 70000 гонорар берди. Бу ҳақиқатдан қувонарли ҳолат бугунги замонда! Лекин гап мавзу ўзаги бошқа ерда — ижодкор яхши яшаши учун ўзини бизнесга урсинми?! Масалан, бозорда ишлаганман, арава ҳам тортганман, бошқалар ҳам бундан мустасно эмас. Бу майли, лекин уларнинг ижоди, енгил баҳоланиши қачон тугайди? Газета-журналлар, нашриётларга қачонгача ялиниб ёки умридан, соғлигидан, орзуларидан кечиб ёзган китобини олиб бориши, елкасигача қарзга ботиб чоп эттириши давом этади?! Агар бозор иқтисодиётига ўтган эканмиз, нега ижодкордан ёзувларини қонуний шартнома йўли билан сотиб олишмайди?! Нега шоир ё ёзувчи битта гонорарига ҳеч йўқ бир ҳафта яшай олмайди?! Бурунги йиллар шундай бўлмаганмиди?! Мустабид йилларда буни имкони бўлган экан, эркинлик даврида бемалол амалга ошириш мумкин-ку!

Ҳақиқий ижоднинг нархини қарангу ясама диппис-таппис қўшиқнинг баҳосини қаранг!

Муаммо матбуот тизимининг бюджетидами?! Шундай бўлса, қачон якдил тизимга тушади?! Қўлдан келганча қалам ҳаққи бериб турганлар бор, лекин бу «ўлма эшагим арпа ейсан», дегандай гап! Адабиётимизнинг ғариблашиб бораётганининг асосий сабабларидан бири айнан шу! Жуда кўп дами ўткир ижодкорларни биламан, ҳаммаси ўзини бошқа соҳага уриб кетган. Натижада иқтидори ўлган. Бу таъма ё иддао эмас! Заҳматига яраша ҳақ олишга ҳуқуқи бор ҳар кимнинг. Яхши қалам ҳақи олганида ҳозир мен яқиндан билган дурустгина ижодкорлар бошқа ишга уриб кетмаган, ижарама ижара дайдиш у уёқда турсин, кўчаларда ётиб юрмаган ё эй, боре деб чет элга ишлашга кетиб қолмаган бўларди.

 

Адашмасам, қалам ҳаққи ҳақда қарор қабул қилинди-ёв. Амали учун яна 20 йил керакми?!

Жонтемир Тоштемиров

 

Биринчи изоҳ

  1. МАХСУЛОТНИ БОЗОРБОП КИЛИБ ИШЛАБ ЧИКАРСАНГИЗ ХАРИДОРГИР БУЛГАНИ КАБИ, ИЖОДИНГИЗНИ ОММАБОП ЗАВКЛИ ВА ТАЪСИРЛИ КИЛИБ ЯРАТИНГДА. БЕМАЗА КОВУНГА ХАМ ЮКОРИ НАРХ БЕЛГИЛАНАВЕРСА, БИРОВ УША КОВУНГА КЕЙИНЧАЛИК УМУМАН КАРАМАЙ КУЯДИ. ПУЛ КЕРАК БУЛСА ЯХШИ ИЖОД КИЛИНГ. БОШКА КАСБДАГИЛАР ХАМ ЯХШИ ИЖОДКОР БУЛА ОЛМАСЛИГИНИ ТАН ОЛИБ, ШОИРЛИК ВА ЕЗУВЧИЛИКНИ ВАКТИДА АКЛ БИЛАН ТАРК ЭТИШГАН. ДАНГАСА ВА ХОМТАЪМАЛАРНИ КУПЧИЛИГИ ЭСА ХАЛИ ХАМ ИЖОДДАН (кобилиятсизликдан) ТУХТАША ОЛИШМАЯПТИ.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *