“ОТАНГ БОЗОР, ОНАНГ БОЗОР” ЁХУД МАШИНА ОЛИШ ОРЗУСИ!

Шу кеча кундузда ижтимоий тармоқларда Ўз“АВТОСАНОАТ” АК томонидан ишлаб чиқарилаётган машиналаримизнинг нарх-навоси билан боғлиқ баҳс-мунозаралар, фикр ва мулоҳазалар роса авжига чиққан пайт. Кимнинг хаёлига нима келса ёзмоқда. Айни пайтда мулоҳаза қилса арзийдиган чиқишлар ҳам бор.

Баён қилинаётган фикр мулоҳазаларни ўқиб, Асака заводи қандай орзу-ниятлар билан қурилгани ёдимга тушди. Кечагидек эсимда, тахминан 24-25 йил олдин республика Олий Советининг навбатдаги сессиясида марҳум Биринчи Президентимиз И.А.Каримов ўз нутқи давомида депутатларга қарата тахминан шундай деган эди. “Мана яқинда Жанубий Кореяга бориб келдик, хабарларинг бор. “DAEWO” кампанияси билан келишиб олдик. Эрта-индин Тошкентга унинг Президенти етиб келади. Асакадаги прецеп заводи ўрнида ўзимизни енгил машиналарини ишлаб чиқарамиз. Энди ҳеч ким ариза ёзиб, Ижроқўмга сарғаймайди, навбат кутмайди, ўзимизни машинамиз бўлади”, деб бир неча лаҳза залга тикилиб турди. Биз журналистлар залнинг энг охирги қаторида ўтирардик. Президентимиз “Нима ўзимизнинг машинамиз бўлса яхши, эмасми?”, деб залга тикилди. Ҳамма бирдан қарсак чалиб ўрнидан туриб кетди. “Энди бизга жигули керак эмас. Энг замонавий мошиналаримиз бўлади, тушунаяпсизларми?” деб қўшиб қўйди. Бир неча лаҳза залда ғала-ғовур ва одамларнинг юзида табассум, хурсанд бир кайфият юзага келди.

Президент айтганидек, кореялик меҳмон эртаси куни етиб келди. Ва Асакани бугунги тараққиётига ўшанда катта орзу-умидлар билан тамал тоши қўйилган эди. Хуллас, 1996 йили 19 июлда Асака автомобил заводининг расмий очилиши бўлиб ўтган эди. Ўша пайтда халқимизнинг қанчалик қувонганлигини бугунги ёши қирқдан ошганлар жуда яхши билишади.

Биринчи Президентимиз орзу қилган машина заводи ишга тушиб дастлабки йилларда одамлар имкон қадар яхши ниятлар билан машина сотиб ола бошлади. Адашмасам, кредитга ҳам машина бериш бир муддат йўлга қўйилганди. Лекин, талаб йил сайин ошиб борди. . Бундай харидоргирликдан пул қилиш орзусида атайлаб машина тақчиллигини пайдо қилди. Ва иҳоят қаловини топди… Натижада “шапкачилик”, “сизу-бизчилик” гуллаб-яшнади. Турли баҳоналар ўйлаб топилди. Мени кечиринг орқам оёғингизга тегиб кетди дегувчиларнинг кетмони учди.
Шундан буён “ўйинчию-яллачилар”нинг ошиғи олчи бўлди. Бугун вазият ўзгарди. Адалат билан юзлашиш туфайли унинг тафтидан Ўз”АВТОСАНОАТ” да ҳам музлар эриди. Ва ниҳоят АҚШ доллари ва миллий сўмимизда сотилаётган автоуловлар кўплаб эътироз ва норозиликларга сабаб бўлганидан сўнг унинг сотувини юз фоиз миллий вальютага ўтказишди. Истеъмолчилар бундай хушхабардан жуда қисқа муддатга бўлсада ақлдан озадиган даражада хурсанд бўла олди. Афсуски, Бузоқни югургани сомонхонагача экан. Сўнг эса, харидорларнинг тушига ҳам кирмаган янги ўйин ўйлаб топилди. Минг афсуски, энди бу мусиқага ҳамманинг ҳам ўйнаши анчайи қийин масала эканлиги кундан кунга ойдинлашиб бормоқда.

Асосий масала нархларининг кескин ошиб кетганлиги, бу ҳам етмагандек ҳар ҳафтада нархлар қимирлаган қир ошар деганидек, кўтарилиб бормоқда. Умуман, машина нарх-навоси билан боғлиқ масалага эътибор қаратсангиз, бугун жаҳон бозорида унинг ўзгармас нархда бўлиши ҳам аҳамиятлидир. . (Эҳтимол адашаётгандирман. Буни мутахассислар яхши билади.) Бизда эса хорижга чиқарилаётган машиналаримизнинг нархи билан ички бозордаги баҳо ўртасида дўппини олиб ўйласанг ҳам ақлинг етавермайдиган фарққа рўбарў келасан. Албатта, билганлар мулоҳаза қилади. Ўзимизникиларга бўзлаверади, чидан харид қилаверади деган олтин қоидани яратиб олган кўринади. Янги машина сотиб олиш орзусида юрганлар эса кўзига машинаю, уни сотиб олиш ташвишидан бошқа нарса кўринмайди. Шунинг учун бўлса керак пул топиб, ақл топмаган вой бошим дегувчилар ҳам йўқ эмас. Бирор бир хорижликка машинамиздаги нархларнинг ҳафтада ошиши, бегонага арзону, ўзига баланд баҳода сотилаётганини ҳикоя қилиб берса, у ўлиб қолса ҳам ишонмайди. Дунё иқтисодиётидаги инқирозлар автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналарни қанчалик гангитиб қўйган бўлса, бизни корхонамиз маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб борди. Биз буни турли тахминларга йўйдик. Бугун эса машина билан боғлиқ жуда кўп нарсалар ойдинлашгани сари, машина харид қилиш орзусидаги юртдошларимизнинг боши оғриб, хаёли лойқаланган сувдек тиниб улгурмасдан вазият ўзгариб қолмоқда. Ўз мамлакатингда ишлаб чиқарилган машинани харид қилиш учун қанча сунъий тўсиқ ва муаммоларга дуч келаверсанг ечимини излаб топишга ҳаракат қиладиган саволларинг ҳам кўпайиб кетар экан. Айтишларича хорижда автодўкондан хоҳласангиз нақт, лизинг ёки кредитга узоғи билан ярим-бир соантнинг ичида исталган машинангизни хариб қилиншингиз мумкин экан. Биздаги сарсон-саргардонликни эса етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошларимиз яхши билади. Ана шу оғриқлар билан машина олиш орзусида ҳаракатланади. Сабаби ўзбекона орзу ва орият. Нима бўлса ҳам янги машинани олишим керак, дўшман кўзида … дейди.

Нега шундай деган савол ҳаммани қизиқтиради, агар буни ўз номи билан айтадиган бўлсак, монополистик корхонанинг хурмача қилиқлари, дейиш мумкин. Осмон узоқ, ер қаттиқ етолмайман ёрижон. Машинани ой йиллаб кутолмайман ёрижон. Шапкаси бўлса бўлар сатқаисар ёрижон… деган халқона қўшиқлар оғиздан-оғизга кўчаверади. Бир сурхондарёлик отахон айтган эди. Пули бор нималар қилмайди, пули йўқ нималар демайди деб.
Гадойнинг тўрваси тўлса дам олади. Машинафурушлик билан шуғулланаётганларни ё тўрваси тешик ёки ҳали тўлмаган.

“Истеъмолчи” газетасида берилган мақола баъзи бир мулоҳазаларимизни айтишимизга асос бўлди. Муаллиф келтирилган фикр-мулоҳазалар албатта жавобсиз қолмаса керак. Масала бугун бўлмаса эртага ечим топади. Ҳаммани гангитиб қўйган ҳолат машина савдосидаги нарх-наволарнинг ҳафтада гуллаб яна янгидан куртак боғлашида. Пул ва ҳужжат тайёрлаб келгунингизча нарх бир икки марта ошиши мумкин. Умуман олганда автомобил заводига рақобатчи бўлиши учун дунёнинг кўплаб брнедларининг савдо нуқталарини очса, турли йиғим ва тушунмлардан келадиган даромад шубҳасиз давлат хазинасини тўлдирармиди? Тажриба сифатида ўрганлса талаб ва таклиф тезда натижасини беради. Шунда отанг бозор, онг бозор бўлади. Ажабмас, сўнг, ўйинчи ва даллолларни қозони сувга тушса. Бу ҳам бир орзуда. Айб қилмассиз деган умиддамиз.

Абдуғофур МАМАТОВ, журналист

3 комментария

  1. ҚОҒОЗНИНГ УВОЛИ
    Ақлу заковат, онгу шуур, меҳнату ғайрат соҳиби бўлмиш Инсон том маънодаги соҳиби олам даражасига етгунча не синов ва синоатоларни бошидан кечирмади. Бироқ ҳар қачон эзгулик, яратиш ва некбинлик тарафдори бўлиб қолаверди. Авлодларга юксак қасрлар, илм-фан ютуқлари, дунёни билиш ва англаш воситаларини тобора такомиллашган ҳолда қолдириш билан бирга, хаёт тарзи, даврлар силсиласи, ҳаётда қўл келиши мумкин тушунчаларни ўзидан кейинги авлодларга гоҳ қоятош ё девор суратлари, гоҳ тошбитиклар, мол териларию дарахт пустлоқларидаги ёзувларда тазкира айлади. Бугун биз уларга боқиб, уларни ўқиб нафақат инсоният, жамият балки замин ва коинот тараққиёти, кечаси, бугуни ва эртасини ўрганиб-биламиз, хулосалаймиз, тўғри йўл танлаймиз. Гарчи бугун тезкор технологиялар, ахборотлар ва улар воситалари асри бўлсада, инсониятнинг энг улуғ кашфиётлидан бири коғознинг ихтиро қилиниши бўлди. Негаки, заминда ҳоҳ илм-фан, ҳоҳ бунёдклорлик, ҳоҳ илоҳиёт бўлмасин, барчасининг ривожида шу оддийгина қоғознинг ўрни беқиёс. Нафақат умумбашарят, ҳар биримизнинг тақдирмизда бугунги кунда ҳам у ута муҳим ўрин тутиб келмоқда. Бугунги компьютрлар канчалик афсонавий, улар хотира омборлари қанчалик йирик ва кўпйиллик бўлмасин, коғознинг шахс ҳаётига нечоғ уйғунлашиб, боғланиб кетганини кўриб турибмиз. Инсонни дунёга келганида ҳам, балоғатга етиб, юрт фуқароси бўлганда, маълум маълумот олганидан тортиб сўнгги васиятини битгунича ҳам, ўзи учун бебаҳо ҳисбловчи кўплаб когозлари бўлади.
    Биргина Самарқанд қоғозининг шон-шуҳратини айтмайсизми?
    Буюк аждодларимизнинг табаррук қўллари билан битган ноёб китоблар тўтиё айланиб, эъзозланиши фақатгина олқишга лойиқ.
    Бироқ, бугунги кунда кўп ҳолларда бу ноёб восита – қоғоздан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўйилаётгандай, назаримда.
    Бу кўп сонли, бироқ бемақсад газета-журналлар ёки китоблар чоп этилишида ҳам яққол кўриниб қолмоқда.
    Ўзини мақташ, қилаётган ишини кўрсатиш ва кўплаб маълумотномалару эълонларини оммалаштиришни кўзлаган муассис 20-30, баъзан ҳатто 50 минглаб нусхада чиқараётган босма ОАВ ўзининг асосий вазифасини унутиб қўяётгандай.
    Бу борада таниқли журналист Фармон Тошевнинг сўзларини такрорлагим келади. Бир неча йил илгари Навоий шаҳрида ОАВлари вакиллари учун ўтказилган йиғинлардан бирида бир нотиқ аёл биз мухбирларга ундай шароитлар яратдик, газеталаримиз мунча нусхада чоп этилмоқда дея мақтанганида, журналистика ривожи фақат булар билан эмас, айтилаётган сўз ва кўтарилаётган муаммо моҳияти билан ўлчанади, деганди.
    Бундай ОАВ моҳиятини одатда 1-2 дақиқа ичида бир бор варақлаб, тушуниб етиш мумкин. Ўтказилаётган тадбирлар ёритилиши ҳам қуруқ, қизиқарсиз тарзда берилиб, ОАВни муштарийдан «совутмоқда» холос. Қолаверса, у ўз ихтиёри билан эмас, одатда кимнингдир зуғуми билан обуна бўлган.
    Ўтган йилда бир инсон билан суҳбатлашиб қолдим. У менинг шу соҳада ишлашимни билгач, ҳақли равишда эътироз билдирди:
    -Биз туман марказида яшаймиз. Оилада 4 киши ишлаймиз. Буни қарангки, тўрталамизни ҳам ишхонамиз томонидан бир номдаги газетага обуна қилишди. Ҳар ҳафтада 4та бир хил газета оламиз. Ахир бизга биттаси ҳам етарли-ку! Бунинг устига шу газетадаги маълумотлар таржима қилинган русча сонини ҳам олаётганимизга нима дейсиз? Туман бўйича минглаб тарқатилишини ҳам тушуниш қийин. Эҳтиёж нари борса 1-2та…
    Бугун айрим иқтисодиёт муассасалари, банклар, бозорлар, АЁҚШлар ёки бошқа кўплаб меҳнат жамоалари ёки корхона-ташкилотларда катта маблағлар эвазига обуна бўлиниб, почтадан қандай келтирилган бўлса, шундайлигича ўралиб турган газеталарни кўриб, «эсиз қоғоз!» десангиз, тушуниш мумкин. Ижтимоий-сиёсий нашрлар камдан-кам ҳолларда қўлма-қўл бўлиб ўқилмоқда. Яқин орада кимлардир қизиқ экан, деб кўтариб юрган “Даракчи”, «Бекажон», «Оила даврасида», «Hurriyat» газеталарига кўз тушади, холос. Кўча-кўйда, ножоиз жойларда ётган нуфузли муассислар чоп эттираётаёган газеталарни кўриб, ҳайратланасан, холос… Уларда акс этган қадриятларимиз, улуғларимиз, давлат рамзлари аҳволини кўриб дил ранжийди.
    Ўн минглаб сонли нашрларни чоп этиш учун сарфланаётган тонна-тонна қоғозлар ўзини оқламаётгани аниқ. Чунки қайси газетани варақлама, на бир жўяли таҳлил ё танқид, мукаммал журналистик жанрдаги материал, на бир мустақил журналистик изланишни кўриш қийин. Қаерга қарама қуруқ маълумот, ундай йиғилиш ёки танлов бўлди (Ҳайбаракалла!)қабилидаги, шуниндек, бошқа бир манбадан кўчириб босилган тайёр материал, реклама…
    Дам олиш рўзномалари ҳам аянчли ҳолда. Кўплаб кроссворд, сканворд ва бошқа “ворд” газеталарида изланаётган сўзлар занжири ниҳоятда сийқа. Бундай аксарият газеталарда бир хил сўзлар такрорланаверади. Бу эса ушбу материалларнинг ақл заковат меваси эмас, бир-биридан кўчириш маҳсули эканлигини билдиради.
    Шу ўринда айрим «ясаб-тузар» ижодкорлар «меҳнат» маҳсули бўлмиш бачкана китоблар ҳақида ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдириш мумкин. Бадиий ижодга қўйиладиган талаблар, мукаммаллик, янгиликдан йироқ бундай асарлар китобхон дидини ўстириш, бадиий завқ бағишлаш учунмас, мўмай даромад қилиш мақсадида чоп этилаётгани ҳам сир эмас. Бироқ китобхон ҳам анойи эмас, илк саҳифасини ўқиб-ўқимай бир чеккага улоқтириши турган гап. Растада бир варақлаб, сотиб олмаслиги ҳам мумкин. Бақувват корхона – ташкилотлар раҳбарлари ва яна кимлар билан тил бириктириб, қўл остидагиларга мажбурлаб сотилмаса, бозори касод. Шунингдек, кўрган билганини тўтидай такрорлаб, қайсидир кўрик-танлов учун, ёки хўжакўрсинга бешинчи, ўнинчи тўпламини чоп этаётган «ўқувчи-адиб»лар кўпайиб кетаётгани ҳам кутилган натижаларга олиб келиши даргумон.
    Дунёнинг турли чеккаларида қоғозсиз технологиялар гуркираб ривожланаётган бир пайтда, кўра-била, экологик мувозанатни буза бориб, қоғоз исрофгарчилигига йўл қўйиш инсофдан эмаслиги барчага аён. Бироқ бу борада қачон онгли равишда иш юритамиз!? Ахир қоғоз ҳам сув ва буғдой каби заминнинг бебаҳо неъмати-ку.
    Бахтиёр Темур,
    Навоий шаҳри.
    ҳурматли Каримберди Тўрамурод! Тўрт йилдан бери газета юзини кўрмай келаётан шу мақолани чиқаришга ёрдамингизни аямасангиз!
    Бахтиёр Темур Лангарий

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *