Отамнинг ўгитлари

Кимнинг ўғлисан?

Болалик пайтларимизда ўзим тенқур болалар билан кичкина кичкина ўтиришлар қилиб турар эдик.  Мактабдан кела солиб чойимизни апил- тапил ичиб молимиз борми, қўйимиз борми уларни ўтлатгани яйловга олиб чиқардик. Молларни ўтловга қўйиб ўзимиз хумордан чиққунча ўйин ўйнар эдик.  Кеч маҳали подани олиб уйга қайтардик. Бир куни биримизникида,  эртага яна биримизникида ўтириш қилардик,  дарс тайёрлардик. Бир куни навбат менга тегди. Болалар кечқурун бизникига келишди. Отам раҳматлик келаётган болаларни бирма бир зимдан кузатиб ўтирган экан. Болалар салом бериб ичкарига ўта бошладилар. Отам уларнинг саломига алик олар экан:
-Баракалло болам,  сен кимнинг ўғлисан? -деб сўрар эди.
Болалар ҳам  «мен фалончининг  ўғлиман»  дея  отамнинг саволига жавоб беради.
Эрталаб барвақт уйғонган отам ҳар кунгидай мени чойга уйғотди.
-Болам фалончининг ўғлидан эҳтиёт бўл. Иложи бўлса у билан дўстлашмаганинг маъқул деди.  Мен ҳайрон бўлдим.Чунки у билан яқин дўст эдимда.
Ордан йиллар ўтди,  беғубор болалик, ўқувчилик даврлар ортда қолди.
У дўстим ёмон одамларга қўшилиб қамалиб кетди. Қамоқдан чиқгач ҳам одам бўлмади.   Тавба  дейман ўзимга ўзим отам башоратчимикан?
Ҳовли олма қўшни ол

Қўшни қўшнининг бозори. Қўшнингни сотиб ол каби мақоллар бежиз айтилмаган экан. Мен йигитлик пайтларимда иморат қурадиган бўлиб қолдик. Эл қатори бизга ҳам жой ўрни беришди. Ишни бошлаб юбордим. Фундамент қилиш арафаларида ишимни кўриш учун отам келди. Жой ўрнини атрофларини синчиклаб кўриб чиқди.
-Дуруст,-деди отам. Насиб қилсин болам янги иморатларда тўйлар қилиб, униб ўс. Бу қўшниларинг ким экан?- сўради отам.
Мен бир томоним фалончи , бир ён қўшним фалончининг ўғли деб отамга тушунтирдим. Отам бир пас жим қолди.Кейин бошини чайқаб қўйди.
-Нима ота ёқмадими?- сўрадим мен.
-Чап ён қўшнинг сал нобопроқ болам олдиндан билганимда сенга жой ўрнини бошқа жойдан олиб берган бўлар эдим. Энди зарари йўқ,-деди отам афсус билан.

Орадан йиллар ўтди.  Иморат битди.  Боғимизга дарахтлар ўтказдик, улар мевага кирди.
Ўрик, олма дарахтлари чунонам ўсдики, ҳатто бизнинг боғдаги мева дарахтлари қўшнининг боғига, унки бўлса бизнинг боғимизга шохлари ўтиб турар эди. Ўриклар ғарқ пишган пайтлар. Бир куни менинг болаларим қўшнинг ўригини бизнинг боға ўтган жойидаги ўрикларини еб туришганини қўшни кўриб қолади. Менинг ҳам ишдан келишим. Қўшни болаларни сўкиб турган экан. Мени кўриб орқасига қараб кетди. Мен болаларига “бу қўшнимизнинг ўриги унга тегманглар ана ўзимизники борку” дедим.  Шунда кичкинойим:
-Дада ахир бу ўрик бизнинг боғда турибдику,-деди.
-Шохи бизнинг боғимизда бўлгани билан у қўшниники ,-дедим уларга тушинтириб.
Мавридини топиб қўшнидан узр сўрадим.
Эртасига ишдан келсам кичкинтойим олдимдан чиқиб:
-Дада, дада қўшнимиз ўригини чопиб ташлади.Ўрик ўлди,-деди йиғламсираб. Устимдан муздек сув қуйилгандай бўлди.Чиқиб қарасам ўрикнинг ўша бизнинг боғга ўтган катта шохи йўқ. Қўшнининг боғига боғдевордан бўйнимини чўзиб қарадим.  Чопиб ташланган ўрикнинг шохасида пишган- пишмаган мевалари ер билан битта бўлиб ётарди.  Беихтиёр отамнинг айтган гаплари эсимга тушди.

Отам ҳақиқатдан ҳам авлиё экан.

Лафз

Машина оладиган бўлдик.  Эски бўлсада машинанг бўлгани яхшида. Бир дўстим миниб юрган “москвич” машинасини сотадиган бўлди. Бориб кўрдик тузуккина. У ер бу ерларини таъмирлатса яна бир икки йил минса бўлади. Пулини келишдик. Олдиндан ўн минг «заклад» ҳам бердим.  Машина меники энди. Эртага қолган пулини жамлаб олиб келаман.

Уйдагиларга айтдим. Улар ҳам роса қувонишди. Айниқса отамни қувонганини айтмайсиз. Отам қанақа машина,  кимдан олдинг деб сўради.
-“Москвич 412” . Фалончининг машинаси дедим.
Отам ўйланиб қолди.Сийрак сақолини силаб:
— Чакки қилибсан болам. У одам лафзида турмайди. Сенга машинани бермасов,-деди ўйланиб.
-Лафз қилди.Олдиндан ўн минг заколат ҳам олди,-дедим.
Эрталаб пулни олиб борсам ҳалиги дўстим ўйланиб турибди. Мени ташқарида совуққина қаршилади ва қўлимга пулни чиқариб берди.
-Энди дўстим айбга йўйма,  хотиним машинани сотмайсан деди, ўзинг биласан хотинларни феълини,-деди ўзини айбсиздай кўрсатиб.
-Зарари йўқ жўра, зарари йўқ,- дедим мен ҳафсалам пир бўлганини сездирмай.Шу пайт отамнинг айтган гапларини  эсладим.
Уйга қайтиб келар эканман отамга, болаларга нима дейман деб ўйлаб борар эдим.
Эртасига бозор эди. Бозорга тушиб шу пулга дўстимникидан ўн чандон яхшироқ машина сотиб олдим.
Икки уч кундан кейин эшитсам ҳалиги дўстим машинани ўн минг қимматига бировга пуллаганини билдим.
Юрагим оғринди. Одамлар нима учун лафзидан қайтади.Отам вали экан дейман ўзимга ўзим.

 

Тарбиянинг таъсири

Ўқувчилик йилларим. Отам ҳар куни турли хил мавзуларда тарбиявий таъсири кучли ҳикоялар, ривоятлар айтиб берарди. Сўзларини улуғ шоирларнинг шеърларидан айтиб исботлаб ҳам қўярди. Айниқса хорамдан ҳазар қилиш, бировнинг ҳақига ҳиёнат қилиш энг катта гуноҳ бўлишини айтишини канда қилмасди. Мен отам айтаётган бу гапларни жон қулоғим билан эшитсамда, аммо ўша пайтлар уни мағзини чақолмасдим албатта. Вақт ўтган сайин ҳаёт тажрибаларим ортиб,  отам айтиб берган ўша ҳикматларни ҳаёлимда қайта қайта жонлантираман.
Бир куни отам ўзининг менга берган тарбиясини таъсирини билиш мақсадида, синаб кўриш учун бир ҳийла ўйлаб топади. Мактабдан келишимга қараб уйнинг даҳлизига битта ўнталик сўмни ташлаб қўяди, ўзи бўлса бекиниб аста кузатади.
Мен мактабдан келиб тўғри ҳовлидан даҳлизга кирдим. Даҳлиздан хонамга кириб сумкани қўйиб кийиниб чиқдим. Пулни бўлса кўрганим йўқ. Чиқишда пулни кўрдим. Ўнталик.Пулни қўлимга олиб уёғ буёғини томоша қилдим. Кўзим чақнаб кетди. Чунки бундай катта пулни қўлимга ҳам олмаганманда. Пулни ўша жойда турган кўрпа- тўшак тахламининг орасига тиқиб қўйдим. Кейин чой ичишга ўтирдим. Отам бир пасдан кейин даладан келган киши бўлиб ёнимга чўклади.
-Келдингми болам ,-деди аста ювошлик билан.
-Ҳа ,дедим.-мен нони кавшаб.
-Ўкишларинг яхшими, неччи баҳо олдинг?.
-Беш,- дедим гердайиб.
Отам бир пас ўтириб бир нима эсига тушгандай чўнтагини пайпаслай бошлади.
-Ие битта ўнталигим бор эди тушиб қолибдими. Отам чўнтакларини тўнтариб кўра бошлади. Йўқ
-Ота мен даҳлиздан битта ўнталик сўм топиб олдим,-деб кўрпа- тўшак тахламини орасидан ўша топиб олган пулни отамга олиб келиб бердим.
-Ҳудди ўзи, раҳмат болам.
Бир куни мактабдан келсам отам турмушга чиққан катта опам билан гаплашиб ўтирган экан. Гурунг мен ҳақимда экан Уларга билинтирмай аста қулоқ солдим.
-Ҳали уканг хом. Ўинқароқда осмонга қараб юради,оёғини остини кўрмайди. Даҳлизга киришда ташлаб қўйган пулини кўрмади. Чиқишда олди. Сўраганидан кейин пул топдим деб чиқариб берди. Шунисига ҳам шукур тарбия сал-салдан таъсир қиляпди,-деди отам.

 

Болтабой Мухаммад Қурбон

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *