Ошпарастлар, ассалом!  

Ҳеч ош еб, тўймайдиган халқмиз-е! Яхшиям ҳар бир хонадонда ҳафтасига камида икки марта ош қилинади. Эркаклар-ку, чойхонада ҳам ош ейди ва иложи бўлса кунига ош талабида. Шунданми “Ўлдираса ҳам ош ўлдирсин”, “Пулингдан бир пулинг қолса ҳам, ош е, кунингдан бир кунинг қолса ҳам, ош е”, деган мақолу иборалар тўқилган! Шу мақоллар орасига “Шарманда қилса ҳам, шу ош шарманда қилади”, деб янги мақол қўшиб қўйсак ҳам бўлар-а!? Интернетда тарқаган текин ош қайғусидаги оломоннинг видеоларини кўрдингизми? Бай-бай-бай! Уларни кўриб, “Нима бало, халқимиз ош кўрмаганми”, деб юборасан! Бу ташкилотчиларнинг хом иши, қолаверса, одамларнинг текин таомга бўлган интилиши маҳсули, десак ҳам хато бўлмади. Кечанинг тренд мавзуси – Ўзбегим фестивали ва у ерда ош билан ўрнатилган рекорд хусусида ким қандай фикрда? Келинг, ўқиб кўрамиз!
**
Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг «Ўзбеклар ош устида бирлашганларидек бирлашганларида эди…»деган ҳикматларини биламиз. Гиннеснинг рекордлар китобига Паловхонтўрамизнинг киришига салмоқли ҳисса қўшган ошпазларимизнинг касб-корларига хазинаи ғойибидан барака ато қилсин.
Бироқ, бу сафар ош бизнинг маънавий оламимиз қай даражада табақаланганлигини кўрсатувчи кўзгу бўлди.
Нигора Умарова
**
Уйга келсам, келинингиз бугунги фестивалдан улгу олиб палов пиширибди. Оч эдим. Лекин егим келмади. Ҳар бир гуруч кўзимга одам бўлиб кўринади. Камига бири тарвуз, бири банан сўрайди. Хуллас, иштаҳа бўлмади.
Бир хотин икки бош узум кўтариб олган.
Шунқор Чориев
**
Ош емай ҳар бало бўгурлар!..
Тьфу… Кўришни ўзи жирканчли…
«Афанди ош қипти…”, деганлари мана шу!
Шуҳрат Шокиржонов
**
Армоним бор! Энди мен келажак авлодимга нима дейман. “Мен шу ошдан ея олмаганман”, дейманми?
Саидакрам Абдураҳмонов
**
Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ очдир!
Саид Комил Холхўжаев
**
Эрталабки ҳавотирим ўринли бўлиб чиқди.
Уят! Шарманда! Шу талашаётганлар аниқ шу нарсага муҳтожлар эмас, фақат унга тегмай қолса «лох» бўлиб қолади, келдими, олиш керак. Навбат ҳақида эшитмаганмиз, янгилик эмас. Оммавий равишда навбат маданияти тушунтириб борилмас экан, шундай шарманда бўлиб юраверамиз. Эртага дунё ТВ ларида бу кадрлар чиқса нима деган одам бўламиз?!
Кўрмаганларга ўхшамай ўлсин ҳаммаси!
Ман таклифнома бўлишига қарамасдан ҳатто бормадим ҳам. Чунки таҳмин қилгандим шунақа аҳвол бўлишини.
Дилшод Одилов
**
Тўғриси…. Агар шу ҳолат бугунги ош маросимида бўлган бўлса….тилим ожизу хайрон қолди…. Нахотки, халқ бунчалар ўзини очкўз тутса…. Ҳамма ёқ Оллоҳга шукр тўкин-сочин, ҳамма нарса етарли бўлса… Худдики, бошқа кўрмайдиган каби…. Яхшиямки, ош тайёрланиш жараёнида тартиб ва тўсиқлар қўйилгани… Яна одамлар ўзича норози бўлгандилар…Тўппа-тўғри килган экан… Бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар олдида ҳам жуда уятли ҳолат… Қани бу ерда маданият,тартиб-қоида?! Худди қўйиб юборилган пода мисоли…
Nellie Fleur
**
— Зазу, энди ОШ ҳақида қўшиқ айт! Фақат у одамларни кўнглини қитиқлаб ташлайдиган бўлсин!
Кеча ошга бордим мен,
Ош еёлмай қайтдим мен…
Яшавор, Зазу!!!
Фурқат Алимардон
**
Бутун дунё кўз ўнгида овқат талашиб шарманда бўлгандан, яна кирилл алифбосига қайтиб, шарманда бўлган енгилроқ эди!
Абдулло Охунжонов
**
Бугунги рекорд ва умуман Олмалиқда бўлган репитициядан кейин айрим одамлар шунча масаллиққа кетган сарф-ҳаражатни фалонча эхтиёжмандга бериш керак эди, исроф, увол, яна бир нималар деб ёзганларини ўқидим. Ҳар ким ўзича ҳақ. Лекин мен бошқачароқ фикрдаман. Ҳар ҳолда ошпазларимизнинг бу уриниши қувонарли. Чунки тайёр бўлган ошни ўзимизни одамлар, халқ, етим-есирлар еяпти. Фақат улар айтган ўлчамга кўра яшасак, ҳали-бери «Рекордлар китоби»га кирмас эканмиз-да унда?!. Тўғри, бундан бошқа усул билан ҳам кириш мумкин. Лекин бу ерда энг муҳими, ўзимизнинг ОШ билан рекорд қайд этиляпти. Бутун дунё, агар билмаганлар бўлса, ошни танийди, реклама бўлади. Агар айримлар айтганидек муносабат асосида ҳаракат қилсак, бундан ҳам кўпроқ маблағ сарфланаётган футболни ёки яна бошқа маданий тадбирларни ҳам тўхтатиб қўйишга тўғри келмайдими?! Шунинг учун бугунги рекорд билан жараёнга масъул барча ошпазлару ташкилотчиларни табриклайман!
Муслим Мирзажонов
**
НТВга қўйсанг ҳам ОШ, РенТВга қўйсанг ҳам ОШ, «Маданият ва маърифат»даям ОШ, «Болажон»ни бурасанг ҳам ОШ…Умуман, интернетни ўчириб қўйсанг ҳам ОШ….
Майли, ош бўлсин ҳаммага. Мени ранжитгани бошқа нарса!
Шуууунча харажат қилиб ОШ дамлабсанлар, наҳотки 2-3 та хорижий сўзни бир-бирига уриштириб, одамга ўхшаб таржима қила оладиган таржимон тополмадиларинг!? Нима, тажрибали, профессионал таржимонннинг нархи от билан туя бўлармиди?
Ҳалиги Гиннесми-пиннесми деган ташкилотдан ташриф буюрган меҳмон боғдан келса, таржимон умуман саҳрои кабирдан келаяпти-ку….
Ўткир Қаламтебратар
**
Гап ош ейишдамас ов! Ўзбек ош емабдими!? Гиннес рекордини ўрнатган ошдан еганман, деган шахсий тарихни яратишда! Талашса, талашибди-да! Эп кўрган эплабди!
Айбга буюрмаймиз-да энди… Ўзи халкимиз софдил. «Она қорниданам талашиб тушади», «Тор қоринга сиғишиб, кенг ҳовлига ҳам кўўўпчилик сиғишга ҳаракат қилади», «Бир кўрпада талашиб, тепишиб катта бўлади», «Бир лагандан ош ейди», «Бир ёқадан бош чиқаради»… Иборалар далолат берадики, ҳамма нарсани талашиб-тортишишни яхши кўради. Демак, айблайдиган, уят туядиган жойи йўқ. (Манимча)
Мавлуда Тошпулатова
**
Парадокс: Ҳатто ош ҳам бизни бирлаштирмаяпти…
Шукуржон Исломов

Хушёр Бек тўплади.

15 комментариев

  1. Манимча бу ошни уруш буладиган жойда пиширилганда хам оломон бунчалар ёпирилмас эди. Эссииииииизззз. Ишкилиб бу кадрларни бошка давлатлар курмасин шарманда. Бу ошлиги учун талаш эмас текинлиги учун шунча талаш. Бир биринггни устунгга чикиб кетганча бориб озрог пулингга еб куякол чойхонада бемалол ёнбошлаааааб. Яхшиям хар кадамда чойхона афсус афсус

  2. А в это время в Кашкадарье учителей и медработников «добровольно» гоняют на хлопок!!!

  3. Man uyaldim tarqab ketgan videolarni ko’rib , nahotki xalqimiz shunchalikka borsa…
    Odamlar Hindlarni lo’li xalq deganlarini eshitganman, xind filmlaridigi manzaralar ham buni isboti aslida.
    Bizchi? Biz o’zbeklar butun dunyoga madaniyatimiz ma’naviyatimizni targ’ib qilishga, o’zimizni naqadar buyuk yurt vakillari ekanimizni bod-bod takrorlashga urinamiz-u . Ammo kechagi O’zbegim Osh tadbirida yuz bergan ishlar bizlarni o’sha lo’li xalqlardanda qashshoqroq ko’rsatmayaptimikin…?
    Qiziqda, o’zimiznikilar ovqat talashib bir-birini ustiga chiqib ketay desa-yu , o’zimiz ularni videoga olib tarqatsakda, yana uyalsak… Yana chet eldagilar ko’rsa nima deb o’ylashadi deb qayg’uramiz, mulzam bo’lishdan, obro’imiz tushishidan qo’rqamiz…
    Menimcha avval yaxshi o’zimizni har tomonlama tarbiya qilmog’imiz darkor!
    Yaxshi ham bormabman oshga , odam ko’p bo’ladi deb bormagandim, o’ylaganimdan ham ko’proq bo’libdi.

  4. Hamma bayram saylda ur-yiqit bo’ladi. Qachon bo’lmagan!!!! Tekin desa kalla tashaydi odamla. Tashkilotchilar giness osh tayorlashdi. Buncha odam kelishini hechkimni tushigayam kirmagan.

  5. Биласизми, яхшими ёмонми шу мани халким. Биламан куп нарсала мангаям ёкмиди, нафратланаман баъзан. Лекин узбек шунака деёлмиман. Лекин бу видеолани таркатиш, хадеб уят, шарманда деяверганимиз бн бекорга хамма ёкка ёйганимиз колади. Худди хамма бир бирини этагини кутарвотганга ухшиди. Уяламан. Масалан, уйида бирор оила аъзоси ёмон иш килса, хаммага таркатадими иккинчи килмасин деб? Кетини ёпади нима киб бусаям! Тугрими!? Ё куни кушни, бутун шахарга акам ё укам ё опам шармандааа деб жар соладими!? Эл юрт качон бир бирини жигардек курса шунда обод булади манимча…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *