Ошкоралик келганини ҳали ҳис этмаганлар ёхуд «у нега ҳоким?»

Денов шаҳридаги фоҳишахоналар ҳақида ёзгандим. Денов тумани ҳокимига эса бу ёқмабди.

***
Кеча ўша, ишдан олиниши кутилаётган синф раҳбари билан телефон орқали гаплашдим. Бу аёлни туман ҳокими чақириб олиб, негадир фермерлар билан бир хонада у билан суҳбатлашибди… Сўз орасида “ўша интернетда ёзганларни топаман ҳали, ўзим биламан уларни нима қилишни” – деб дағдаға қилибди…

Савол: нима қилар экан? Бу савол мени ўта қизиқтираяпти! Жамиятнинг асосига, пойдеворига жиддий ҳамла қилиб келаётган, ёшларимизнинг руҳини чиритаётган иллатни ошкор айтишга уринган одамни ҳоким қай тарзда “ўзи билмоқчи” экан? Ва… энг муҳим савол – нега бундай одамлар ҳокимга душман экан?

Янада муҳим савол: ҳоким ўша постни ўқиб, унинг мазмунини тушундимикан? Унда кўтарилган муаммо ва… тушунчаларни илғадимикан? Ёки ўқимаганми? Коллеж ўқувчилари гуруҳ бўлиб бузуқхонага кетаётгани манзараси этини жимирлатмасмикан? Жимирлатмаса – у нега ҳоким?!

Ҳоким деганда камчиликларни яширадиган эмас, аксинча, уларни излаб топиб, бартараф этадиган одамни кўз олдимга келтираман мен шахсан. Инчунун, камчилигу иллатларни унга кўрсатиб берадиган одамларни ўзига дўст тутадиган одамни. Мадомики ундай одам бўлмаса – у нега ҳоким?

Янги ҳаётга кириб келаётган ўсмирларимиз – эртанги кунимиз эмасми? Улар ҳозирданоқ маънан нобуд бўлаётган бўлсалар, миллатимизнинг эртанги куни борми? Миллатнинг эртанги куни ғамини ейиш нималигини билмаса – у нега ҳоким?

Ошкоралик ўзимизнинг фойдамиз эканлигини ҳали тушуниб етмаган бўлса — у нега ҳоким?

Шу юрт, унинг келажаги, ўсиб келаётган янги авлод ҳаммамизники эмасми? Барчамиз бир бўлиб унинг ғамини ейишимиз керак эмасми?

Муҳаммад Шакур

3 комментария

  1. 25 йиллик ўқитувчи сифатида айтаман- директор ва синф раҳбар албатта жазо олади, ҳоким жойида қолади, ВА БУ ҲАЛИ ДАВОМ ЭТАВЕРАДИ!!!! 26 йилда ўқитувчи- эринмаган «одам» оёқ кийимини артадиган нарсага айланиб улгурди, қисман ўзи айбдор, қолганига МАҲАЛЛИЙ ҲОКИМИЯТЛАР!!!!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *