Онадан ҳеч бир фарзанд жиноятчи бўлиб туғилмайди.

Сурхондарё: Қинғир ишнинг бир кунда чиққан қийиғи

ёхуд ёшлар билан якка тартибда ишлаш механизмини ривожлантирмасак, натижа ҳақида ўйламак ҳам бўлади!

28 ноябрь. Ярим тун. Шўрчи тумани қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шохрух Бойматов(исм-шариф ўзгартирилган) ўғрилик жиноятини содир этди. Ҳуқуқ тартибот органларининг тезкорлиги сабаб, қилмишнинг қирқинчи куни кутиб ўтирилмади. Ўша куниёқ қонунбузар номи аниқланди.

Ҳолат юзасидан хабар топган Ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши раиси Оҳун Умаров тонг оқармасдан Шўрчи туманига йўл олди.

Шохрух билан ёлғиз суҳбатлашди. Кечаги куни, орзулари, нима сабабдан ушбу ишга қўл ургани ҳақида сўради. Суҳбат дўстона руҳда кечди.

— Ачинарли ҳолат. Қилинган бир дона жиноят ҳам биз учун ортиқча. Бу жиноятнинг асл сабаби — оила, маҳалла, ҳамда таълим муассасасидаги ёшлар етакчисининг эътиборсизлиги деб биламан. Ёшларимизнинг ҳар бири билан алоҳида ишласак, руҳий далда бермасак, эзгу мақсадимизга эриша олмаймиз, — деди ушбу коллеж ўқувчилари билан бўлган учрашувда Ёшлар етакчиси.

Очиқ мулоқотда туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари ҳамда ҳамда туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, ҳамда коллежнинг барча ўқувчилари иштирок этди.

Онадан ҳеч бир фарзанд жиноятчи бўлиб туғилмайди. Масъулиятни бугун ҳис қилмасак, эртага келажак ҳеч биримизни кечирмаслиги мумкин.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи республика бўйлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича тизимли ишларни олиб боришда давом этади.

https://www.facebook.com/kuranbaev.k

Симтўр ортидаги аянчли тақдир ҳикояси…

— Қанийди, бу кунларнинг барчаси қўрқинчли туш бўлса-ю, уйғонганимда навқирон давримга қайтиб, ҳаммасини ўзгартира олсам. Нодонлигим туфайли саодатли жамиятнинг бекаму кўст фуқаролари қаторига қўшилмаганимдан афсус чекаман. Ахир, менда ҳам бахтли инсонлар сафида бўлиш учун етарлича имкон бор эди-ку?
Аммо, ёруғлик, асл ҳидоят ўрнига, “Ҳизб ут-Таҳрир” деган ўлат, охири жарликка қулатадиган қинғир сўқмоқ домига тушдим. Ҳақ йўлдаман деб, бутун борлиғимдан айрилганимни кеч тушуниб етдим, алданганимни, бутун ҳаётим барбод бўлганини англадим,- дейди андижонлик Ботир Умидов (исм-шариф ўзгартилган). — Ота-онамдан айрилдим. Соғлигимни йўқотдим. Шу кунгача, нега мен озодликдан маҳрум этилдим, ахир мен ҳеч нарса қилмадим-ку деган саволни ўзимга бериб, виждонимни алдаб, яқинларимни тириклайин гўрга тиқдим. Ана шундай пушаймонлар туну-кун халоват бермайди, хатоларим ич-этимни каламушдек кемиради. Қилган хатоларим учун халқимдан кечирим сўрайман, менинг дардимда куйиб, бу дунёни тарк этган ота-онам руҳи олдида тавба-тазарру қиламан.

1999-йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси билан айбланиб, 17 йилдан буён жазо муддатини ўтаб келаётган Ботир цингари йигитлар ўз умрининг навқирон йилларини тиканли симтўр ортида ўтказганидан афсус ва надоматда, пушаймонда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши томонидан “Инсон ҳуқуқлари қонун ҳимоясида!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси жазони ижро этиш бўлими тасарруфидаги Н-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳбуслар билан бўлиб ўтган учрашув фикримизни исботлайди. Учрашувда вилоят Кенгаши раиси Зариф Комилов, “Саид Миркулол” масжиди имом хатиби Ориф Амонов, Н-сонли жазони ижро этиш муассасаси тарбиявий ишлар бўлими бошлиғи Баҳром Жамолов, БухДУ катта ўқитувчиси Иззатулла Шоевлар сўзга чиқишаиб, панжара ортидаги ҳаёт маҳбусларини гуноҳни қайта такрорламасликка даъват этишди.

-Ўлган одамда орзу бўладими?-дейди маҳкама томонидан турли диний айбловлар билан қамалган, турли хил исломий гуруҳларнинг тарафдори ва аъзоси бўлган Фурқат Ҳакимов (исми-шарифи ўзгартирилган),-Фарзандларимни Ватан хоинининг ўғил-қизига айлантирдим. Афсуски, қалб кўзларим кўр бўлганини жуда кеч тушуниб етдим. Ҳарбий хизматдаги билимларимни Ватанга қарши ишлатдим. Хатога такрор-такрор йўл қўйдим. Онамнинг бир тола сочига, оғайниларимнинг мен туфайли юзидаги кулгич ўрнини қоплаган бир дона ажинга арзимайман.

Фурқат сингари такрор-такрор ўта оғир жиноят йўлига кирган кимсаларнинг қилмишлари жамиятимизга доғ тушириши, тайин. Бу оғриқли нуқталар ўз танамизнинг бир бўлаги экан, ундан воз кечолмаслигимиз аниқ. Уни фақат муолажа этмоқ керак.

Жазони ижро этиш муассасаси ҳовлисидан чиқар эканмиз, беихтиёр юрагимизда титраниш сезамиз. Йўлаклари узун, тиканли симтўрлар оралаб, умрини орзуларига қўшиб, қирқиб-қирқиб бораётган иллат ботқоғидаги маҳбусларни кўриб, сергак тортамиз.

Мамлакатимиз ёшларига катта ишонч билдирилаётган ва уларнинг чуқур билим олишлари, етук, комил инсон бўлиб улғайишлари учун барча имкониятлар яратилаётган бир пайтда, бундай иллатлар бизнинг ичимизда, ёнгинамизда, шундоққина кўз ўнгимизда турганини баъзан пайқамаймиз ҳам.

Шу мақсадда кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла, таълим муассасалари, жамғармалар ва ёшлар иттифоқи имкониятларидан кенг фойдаланиш зарур. Бунда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, спорт билан шуғулланишни кучайтириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун оммавий спорт тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, ёшларга ғамхўрлик кўрсатиш юрт ва миллат келажаги тўғрисида қайғурмоқ , демакдир.

 https://www.facebook.com/kuranbaev.k

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *