Олий маълумотли бўлиш васвасаси ёхуд диплом ҳаётда қанчалик муҳим?

​​Шундай бир замон бўляптики, гўёки ўқимасанг, эртага сени кимдир одамлар қаторидан чиқариб юборадигандек.

Олий маълумотли бўлиш вируси ҳозир барча юртдошларимиз қонига сингиб улгурган. Яқинда бир ҳолатни эшитиб қолдим. Ҳозир ўша ҳолатда айтилган гаплардан парча келтираман.

— Ойижон, мен дастурчи бўлмоқчиман. Тошкентда ўқув курси очилибди. Ўша жойда бориб ўқисам бўлмайдими ?

— Майли, болам, ўқийсан. Фақат олдин диплом ол. Бўлмаса, ҳеч ким сенга қизиниям бермайди. Эртага бошингни тик тутиб юришинг учун, албатта, диплом керак, ўғлим.

— Ахир ўқишни тугаллагандан кейин барибир ўша ўқув курсига борар эканман. Ҳозир бордим нима, кейин бордим нима?

— Айтяпманку, ўғлим, дипломсиз ҳеч ким сени ҳурмат қилмайди.

Демак, диплом фақат кўчада гердайиб юриш учун керак эканда?! Энди диплом олмасак, биров қизини ҳам бермайдими?

Бу гапларим билан мен сизларни ўқиманг, демоқчи эмасман. Ўқинг, фақат ўзингиз қизиққан соҳада. Сизни ҳеч ким ўқишга кир, деб мажбурламаслиги керак. Хоҳласангиз бир ҳунар эгаси бўлинг ва одамларнинг ишини енгиллатишда ёрдам беринг (ўз ишини усталари ҳеч қачон кам бўлмайди).

Мен олдинги мақолаларимда дастурчилик касбини олдинга суриб чиққан эдим. Нимага, биласизми? Чунки бу касб эгаларига диплом умуман керак эмас. Келинг, сизга битта мисол келтираман. Яқинда ТАТУни битирган танишим билан суҳбатлашиб қолдим. Иш тополмай юрган экан. Ҳол-аҳвол сўраганимдан кейин, нега иш тополмаётганини суриштирдим. Қарасам, бир жойда узоғи 1 ой ҳам ишламаётган экан. Нимага, биласизларми? Чунки бу йигитда фақат диплом бор. Бошқа нарсалардан эса хабари йўқ. Энди иккинчи танишимни айтаман. Бу йигит сезиб қолганингиздай олий ўқув юртларида билим олмаган. Лекин бу у ақлсиз, дегани эмас. У кўплаб лойиҳалар устида ишлаб ўтирганини ўз кўзим билан кўрганман. Топаётган пули ҳам жойида. Шунда яна бир савол пайдо бўлади. Кимнинг ўрнида бўлишни хоҳлар эдингиз? 4 йил олий ўқув юртида ўқиб туриб, ҳалигача иш қидириб юрган йигитними ёки олий ўқув юртида таҳсил олмаган бўлса-да, ўз ишининг устаси бўлиб етишган йигитними. Танлов ўзингизда…

Кўп инсонлар фақат олий ўқув юртларига кириш учун ўқишади ва мана энди кирдим, буёғига мазза қилиб дам олсам ҳам бўлади, деб ўйлаб, катта хато қилишади ва келажакда ўз ишини эплолмайдиган инсон бўлиб етишиб чиқишади. Бунақа инсонлар эса келажакда ҳеч кимга керак эмас. Агар олдингизга «Мен, албатта, олий ўқув юртига кираман. У ерни тугаллаб, кучли мутахассис бўлиб етишаман», деб мақсад қўйган бўлсангиз, демак, Ўзбекистон келажаги бунданда гуллаб яшнайди. Лекин фақат ОТМга кириш учун ўқисангиз, эртага қўлингизда қаттиқ қоғоз туради. У эса фақат номига Диплом деб аталади.

Фозилов Камрон

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.