Олимжон ЖУМАБОЕВ: ХОТИНИНГНИ КИМГА РЕКЛАМА ҚИЛЯПСАН?

— И, куёв ўйнаб кетдими?

— Келин ҳам қўшилди-ку!

— Қиз жуда ўйинчига ўхшайди-ку! Қойил-ей, бунақа рақс ҳеч кимнинг тўйида бўлмаган.

—Шу болага ўхшаган ахмоқ ўйнатади-да, хотинини! Бошқа ким ўйнатарди?! Нечи одам тикилиб турибди…

…Тахминан ўн йиллар илгари тўйларда келин ўйини эндигина урф бўлганди. Мен ўша пайтлар бунинг маънисига тушунмай, мухлислик қилардим. Ҳа нима қипти, ўйнаса ўйнабди, ёш дердим. Лекин тузукроқ разм солсак, бугун бу одат бутун жамиятни қуршаб олди. Куёвжўраларнинг қийқириши, дугоналарнинг бақир-чақири, атрофдагиларнинг шодон қарсаклари келин ўйинининг “гуркураб-яшнаши”га энг асосий сабабдир. Бу “урф”нинг бошқа маъноси йўқ.

— Баъзи ҳудудларда ота келиннинг тўйига бормайди, — дейди самарқандлик Дилшод Болтаев. — Агар шу тўйда ота қатнашса, уятга ботади. Тасаввур қилинг, қиз давранинг ўртасида рақс тушаяпти, ҳамманинг кўзи унда… кафтида қанддек авайлаб-асраб улғайтиради, унинг орини сақлаб ҳимоялайди. Демак, қиз ҳам ликкиллаб, давранинг тўрига чиқиб кетмай, қўлидан тортса, ўйнаб кетавермай отасининг ҳам обрў-эътиборни ўйлаши керак.

Халқимизда келин образи жуда пардаланган. Яъни, у хонадонга қут-барака, тозалик, орасталик, меҳр-оқибат, файз олиб келиши таъкидланади. Бундан ташқари, унинг сиймосида ибо-ҳаё уфуриб туриши кераклиги, ҳар турли одамлардан ўзини тортиши зарурлиги айтилади.

“Ақлли хотин — уй кўрки…”, “Қутли келин қут келтирар”, деган ҳикматлар замирида ҳам айнан келинчакнинг ўзини тутуши ва атрофидагиларга ибрати ўз аксини топган. Миллий ўзлигимиз намунаси достонларда, халқ ижодиётида, тарихимизнинг энг оғир дамлари тасвирланган асарларда хотин эркакнинг номуси сифатида гавдалантирилган, ёрини ҳимоялаши зарурлиги уқтирилган.
“Ўткан кунлар”даги кумуш персонажи ҳақиқатан шарқона, ўзбекона келин тимсоли. Унинг ҳар бир ҳаракатида ибрат бор.

— Миллий менталитетимизга мос эмас, — дейди ўқитувчи Маржона Нуриллаева. — Ғарб тўйларини мослаштириш мумкинмас. Келин ва куёв муносабатлари ҳеч қачон ошкора бўлмаган. Икковининг рақс тушиши, ҳар хил ғарбона қилиқлар кўрсатиши нима мақсадга қаратилган?.. Хотинининг рекламаси учунми? Уни кимга, нега реклама қилаяпсан? Нима бўлгандаям, биз Кумуш ва Барчинлармиз.

Образлар эскирмайди.
— Тўйдан кейин жўралар билан базм пайти олинган видеони кўрдик, — дейди Аслиддин Худойбердиев. — Эркак кишида рашк бўлмаса, у даюсдан фарқи қолмайди. Куёвнинг келин ўйнаганидан кейинги ҳолати ҳеч биримизни беэътибор қолдирмади. Ер ёрилмади, ерга кирмади. Келин базмидаги саҳналар-ку, майли, бир оз чидаса бўладиган даражада, лекин тўй базмидаги қизлар рақси ҳозир жуда одамларни хижолатга қўяётир. Рашк иймондандур, деганидек одамларнинг ҳирс билан боққан кўзлари жуфти ҳалолига тушаётганини англамаётган одамларни англаш қийин.

Тўйни дабдабали ўтказиш илинжи, албатта, куёв ва келинни ҳар лаҳза ўйлантиради. Бугун оиланинг жамиятдаги ўрни долзарб саналаётган бир даврда яшаётганимиз йигит-қизларни янада сергак яшашга ундайди. Ваҳолангки, ғарбда аллақачон оиланинг мавқеи синган. Бу мингйиллар давомида шаклланган миллий анъаналарни менсимаслик ва оддий, замонавий деб тушунилган урфлар ортидан келиб чиқаётганини ҳар бир киши чуқур англаб етмоқда.
— Оилавий ажримлар кўпайгани сабаби ҳам келин юзи очилгани, куёвнинг ориятсизлиги ортидан келиб-чиқмоқда, — дейди Улмон момо Болтаева. — Келинчакнинг ўзини қўярга жой тополмаётгандек сакраши бораётган уйида қандай қабул қилинади. Ундаги камтарлик, камсуқумлик, оддийлик фазилатлари ён-атрофидагиларга таъсир кўрсатиши керак. Тилла топган тентакдек қичқириши қайнота-қайнонанинг ҳафсаласини пир қилади. Эр қувватли бўлса, хотин уятли бўлар, деб халқимиз бежиз айтмайди. Аввало, йигит киши хотинини овоза қилмаслиги керак.
http://erk.uz/

2 комментария

  1. ОАВ таникли шахсларни базми-туйи хакида реклама-эълон килишиб, тафсилотини келиштириб ёзиб (албатта бекорга эмас шекилли) кейин танкид хам килишади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *