Ол” билан “бер”нинг фарқи

Изланишлар шуни кўрсатадики, Абдусамад охунд даданинг ҳар бир сўзлари суҳбатдошларига таъсир қилиб, баъзилари уларнинг доимий шиорига айланиб қолган. Бу ўша давр кишиларининг тўғрилиги ва илм аҳллари ва устозларга муносабатини ифодалайди.
Охунд даданинг қўшниларидан Орифжон ҳожи ота шундай дейди: “Мен ўқишни битириб йўлланма бўйича уч йил Самарқандда ишлаб келгач,  янги соҳа бўйича ишга таклиф қилиб қолдилар. Мен отамга маслаҳат солдим. Мени Охунд дада ҳузурига олиб кирдилар. Суҳбат асносида танлаган соҳамдан оғиз очиб рухсат сўраган бўлдилар. Мен шуни билардимки, отамнинг наздида Охунд даданинг ғоят эътиборлари баланд бўлиб, у киши ишимга розилик  бермаса, отам ҳам кўнмас эдилар.
Ўша даврларда ота-оналар фарзандларини қандай ҳунар ва касб эгаси бўлишига жиддий эътибор беришар ва бу соҳада кўпроқ миллий анъаналарга мувофиқ бўлган соҳалар танланар эди. Охунд дада отамнинг гапини тинглаб, бир зум мулоҳаза қилиб олдиларда, дедилар: “Бу қалтис иш, аммо “ма, ол” билан “бер, бер” нинг фарқига борса, ишлайверсин!” – дедилар. Бу, хиёнат қилмай ҳалоллик билан ишласа ишласин, деганлари эди. Отам менга “Нима дейсан?” дегандек синчковлик билан қарадилар. Мен: “Фарқига бораман!” – дедим. Одамларни норози қилмаслик ҳақида бир қанча насиҳатлар бергач, ишлашимга рози бўлиб дуо қилдилар. Биз  ижозат олиб ҳузурларидан чиқдик.
Шу гапга биноан, мен бу соҳада бирор марта бировлар ҳақини фойдамга ўзлаштирмадим. Қўл остимда ишлайдиган ходимларга буни ҳам қаттиқ тайинладим. Бу Охунд даданинг  таважжуҳлари бўлиб, ҳозиргача шу гапга амал қилиб келмоқдаман”.
Инсонгадур вазифа талабда қадам қўяр,
Лекин талабга касб ҳалолин сабаб қилар,
Касбу талаб таваккул ва тафвиз билан бўлар,
Тақсимида ёзилгонини қанчадур кўрар,
Бўлмас адо насибаси топмаса ажал.
Р.Файзуллаев ва Н.Абдулаҳатов,
“Абдусамад охунд (Қоил Марғилоний)” китобидан

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *