О, ДАЙДИ ХАЁЛЛАР, ҚАЙГА ЭЛТУРСИЗ

ёхуд Ривожиддин мақола ёза оладими?

Мендан ўткир мақолалар кутманг, ўйлаб қарасам, бунга маънан ҳақим йўқ экан.
Базида “михдай” бир нарсалар ёзгим келиб қолади. Ҳамма соҳани яйраб танқид қилиш хумори тутади. Хумори тутади-ю, “Аммо”, “Лекин”, “Бироқ”, деган паразит сўзлар ёзишимга ҳалал беради.Бугун яна хумор тутса, денг. Ва, одатдагидек, яна ўша паразит сўзлар, шлагбаум ўлароқ, “эъжод”имга тўғаноқ бўлди. Мисол учун, қишлоқлардаги электр узилишлари ҳақида танқидий мақола ёзай десам, ўзимнинг электр энергиясидан … сўм қарзим бор экан. Газ, иссиқ-совуқ сув муаммолари ҳақида ёзай десам, электр энергиясидан қарзи бор одам, газ бўлганида газдан ҳам қарздор бўлар эди, деган мантиқий хулоса келиб чиқади, шундай эмасми?! Шунинг учун электр таъминоти “огород”ига тош ота олмайман.

Аччиқ кўк чойни хўриллатиб ичиб ўйлай бошладим: нимадир ҳақида ёзмасам кўлгил қурғур таскин топмайди. Шунда бирдан солиқ идорасидаги “туя”чилар хаёлимга келиб қолди. Табиийки, ёзишдан олдин шошилиб Давлат солиқ идорасига паспортимни кўтариб югурдим. Идорадагилардан ер солиғи бўйича қарздорлик ҳолатимни текшириб беришини илтимос қилган эдим. Бир оз фурсатдан кейин, қўлимга бир парча қоғоз тутқазишди. Уни  ўқиб билдимки, ДСИ ҳам қаламимдан четда экан – яна қарздорлик…

Еган оғиз уяларкан, вей… Иссиқ ҳавода терлаб-пишиб уйга келиб, ухлаб қолибман. Тушимда Афзал Рафиқов “Қошинг қора, кўзларинг қора”, деб шеър ўқиётган эмиш.

Шеърнинг давомини эшитишга хоҳишим йўқлигидан эндигина бошланган тушнинг белига тепиб, уйғониб кетибман. Уйғонсам, ёзиш хумори ҳамон тарқамаган. Миям қизиб кетган. Яна ўйлайман: нима ҳақида ёзишим мумкин…

Охири таълим тизими, олий таълим муассасаларидаги муҳитнинг расволиги ҳақида ёзишни режалаштирдим. Ўқишни битирганимга, мана, бир йилдан ошдики, диплом иловамга кўз ташламаган эканман. Ёзишдан олдин чанг босиб кетган дипломим ичида ётган иловани ҳадик билан қўлга олдим.

Бир кўзимни юмиб секи-и-ин илова ичига қарадим-у, аламдан афтим буришиб кетди. 4 йил давомида чеккан азобларим қайта уйғониб, юракка бир зарба бергандек бўлди гўё. Таълим тизими ҳақидаги танқидий фикрлар ҳам “отмен” бўлди. Сабаби иловада саноқлигина 4 баҳо, қолгани фақат ориқ-семиз аралаш уч! Иккитагина беш шунча баҳо орасида гердайиб турибди. У беш баҳоларнинг тўғрисига ҳам “Жисмоний маданият“ деб ёзиб қўйилганлигига нима дейсиз.

Ахир бу соҳани ҳам қаламга олсам, тизимдаги муаммо эгалари ёзувчининг тарихини бир кўриб қўяйлик-чи, деганча университет архивида нусхаси сақланаётган диплом иловаси-ю унга рақам этилмиш баҳоларимни эслаб қолишса, хуллас, аламкаш қаламкашга чиқаман-қўяман…

Хў-ў-ўш, “биринчи август муаммолари”ни ҳам ёзиб бўлмайди: кўз-кўзга тушганда баъзи ўртоқларим мендан ранжийди. “Мени эл-у юртга шарманда қилишинг шартмиди, аё, дўсти содиқ?”, десалар, ҳарқалай, ёқимсиз вазиятга тушаман.

Мажбурий меҳнат ҳақида, талабаларнинг, ўқитувчи ва шифокорларнинг, айрим қишлоқларда ҳаттоки мактаб ўқувчиларигача (!) мажбурий меҳнатга, асосан пахта йиғим-терими ва ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб этилаётгани ҳақида ёзай десам, “Озодлик”, “BBC“ чилар бу мавзуни чайнайвериб, росту ёлғонни аралаштириб юбордилар: каша…

Менам шу ҳақида ёзсам, соддадил қишлоқдошларим каминани “улар“нинг ҳамтовоғи экан, деб ўйлаши мумкин. Буниси эса ҳаммасидан ҳам қўрқинчли. Аксига олиб, қайсидир сенатор опа “Ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга ҳеч ким мажбуран жалб қилмайди” деб турибди. Мен мақола ёзсам-у, ўзимдек бир оз қўрқоқ икки-учта ўқитувчи сенатор опанинг гапларини маъқуллаб юборса, одамлар кимга ишонишни билмай қолади-ку… Ахир кўрганига эмас, эшитганига ишониш.., ишонтириш жараёни ҳақида билсангиз керак…

Ҳақиқатан ҳам еган оғиз уялиб, куйган оғиз қатиқни боз пуфлаб ичар экан.

Кўп соҳалар бўйича ёза олмас эканман. Ёзиш хуморини бу сафар ҳам футболимиз ҳақида ёзиб, бироз тинчлантириб тураман шекилли. Ҳа, айтганча, нега журналистларимиз “Ерни чуқур ҳайдамайдилар”, деган саволингизга қисман жавоб олгандирсиз. Балки улар ҳам қарздордир, балки улар ҳам, худди менингдек, жамоа фикридан қўрқувчилардандир, ёки бўлмаса, диплом иловаси тўла қониқарсиз баҳодир – ҳар нима бўлиши мумкин.

Мақтангулик ҳеч нима ёзолмай, “настроения” йўқ, ўйланиб ўтиргандим хотиним оғзи қулоғида кириб келди. “Ҳа, данак топган тентакдек суюнасан, тинчликми?” десам: “Баъзида сендан ҳам ёшроғини топиб, иккинчисига уйланиб оламан, кейин кундошинг билан бир ҳовлида маза қилиб яшайсан, деб куйдирар эдингиз, ана энди, тушингизни сувга айтинг, қўшхотинлик расман таъқиқланибди”, деб турибди-ю!..

“Шунақаям омадсиз кун бўладими”, деб ҳамма тошларимни Бабаянга ота бошладим. Ёзиш хуморини бир оз босиб бўлгач, ҳали замон ривожланмай тур ўзбек футболи, бахтимга кўпроқ МТЖ бошқарувида бўлинг, Бабаян ака, деб ўйлаб ётиб, яна ухлаб қолибман. Яна туш кўрибман, қизиғи, боя узилган туш мени кутиб турган экан. Афзал дода эса шеърнинг “Не мақсадда дайдиб юрибсан“, деган жойига келган экан…

Самвел Бабаянга камоли ихлос ила:

Ривожиддин АБДУМАЛИКОВ

 

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *