Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг 2016-йилда Бош вазир порталига йўллаган хати ва унга келган жавоб

2 011 views

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон 2016 йил 22 ноябрда Шавкат Миромонович Мирзиёевга мактуб йўллаган эдилар, унинг мазмуни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон президенти
вазифасини вақтинча бажариб турувчи
Шавкат Миромонич Мирзиёевга

Сўзимнинг бошидан бир нарсани алоҳида таъкидлайин: Мен Сиздан ва давлатимдан ўзимга ёрдам сўрамайман. Оллоҳга шукр, шахсий ҳаётим тўкис, камчилик йўқ. Адолат истаб ҳам мурожаат қилмаяпман. Чунки шахсан ўзим давлатимдан айтишга арзирли адолатсизлик кўрганим йўқ.
Бу бир шикоят хати ҳам эмас. Шу азиз Ватаннинг бир фуқароси, шу буюк халқимнинг бир зиёли вакили ўлароқ ҳозирги ўтиш палласида халқим ва давлатим тақдирига тегишли айрим фикр-мулоҳазаларимни билдиргим келди.

Мен Отахонов Нурулло (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон), ёшим олтмиш иккида, нафақадаман. 1987 йилдан бери Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзосиман. Бир неча бадиий китоб ва “Бу кунлар” ижтимоий-сиёсий ҳужжатли роман, бир кинофилм, юзга яқин адабий-публисист мақола ва суҳбат муаллифиман. Асарларим турк, рус, инглиз тилларига таржима қилинган. Айни чоқда, ўзим ҳам кўп китобларни ўзбекчага ўгирганман.

Бир йилдан бери Истанбулдаман. Турк тилида ҳикоялар китобим босилиши муносабати билан ўтган йили Туркияга келиб, болаларим бу ерда университетларда ўқиётгани учун ёнларида оилам билан бирга вақтинча турибман. Баҳорларга чиқиб Ўзбекистонга қайтиш мўлжалим бор, иншаоллоҳ.

Шавкат Миромонич Мирзиёев жаноблари!

Бугун мамлакатда баъзи долзарб масалаларда ижобий томонга қадам ташланаётганини кўриб, кўнгилда яхшиликка умид уйғонди ва Сизга ушбу хатни ёзишга қарор қилдим. Олдин “Бу кунлар” китобим ҳақида икки оғиз айтсам. Асар ижтимоий, ҳужжатли, таҳлилий руҳдадир. Охирги йигирма беш йиллик ҳаётимиздан ҳикоя қилади. Ижтимоий таҳлил бўлгани учун, мамлакатда йўл қўйилган айрим камчилик ва хатолар ҳам ёритилган.

Холис назар билан ўқилса, “Бу кунлар” китобимнинг мақсади тўғри тушунилади. Лекин айримлар шоша-пиша тескари хулоса чиқарганга ҳам ўхшайди. Албатта, кейинги йигирма беш йил ичида фақат мақтов эшитиб кўниккан зеҳниятлар озгина танқидни ҳам кўтара олмаслиги табиий ҳол.

Аммо бу танқид бузувчи танқид эмас, тузатувчидир. Душманнинг танқиди эмас, дўстнинг бир оз ачитиб гапиришидир, холос. Қани энди чинакам давлат одамлари бу асаримни холис ўқиб чиқса, китоб давлатга дўст мавқеда ёзилганини билар эди. Чиндан ҳам “Бу кунлар”да фақат Ватан, Миллат, Халқ, Дин ва Давлат манфаати кўзланган.

Тилга олинган муаммо ва камчиликлар эса, кейинги уч ойдан бери мамлакатда Сиз амалга ошираётган ишлар, минбарлардан айтилаётган гаплар, қабул қилинаётган қарору қонунларда тўла тасдиқини топяпти.

Айримларини санайман:

1. Энг кўзга кўринарли ижобий ишлардан бири ‒ қўшни қардош давлатлар билан дўстона алоқалар тикланаётганидир. Расмий-норасмий борди-келди бошланди. Халқда чегаралар очилишига умид уйғонди. Севинди. “Бу кунлар” асарида кўтарилган энг оғриқли муаммолардан бири шу эди.

2. Давлат билан халқ ўртасидаги муаммоларга ҳам илк қадамларданоқ эътибор қаратганингиз диққатлидир. Биринчи марта президент оғзидан: “Давлат органлари ишламаяпти. Халқ давлатнинг эмас, давлат халқнинг хизматкори бўлиши керак”, деган эътирофни эшитдик. Шу йўналишда ишлар охиригача олиб борилса, давлат билан халқ орасида чинакам бирлик ва баробарлик руҳи ўрнатилишига катта умид уйғонди. Жумладан, халқ дардига қулоқ солиш мақсадида виртуал қабулхона ташкил этилгани ҳам жуда улуғ иш бўлди. “Бу кунлар”нинг яна бир бош ғояси ‒ давлат билан халқ бирлигига эришиш эди. Ўқиган билади: китобнинг бошидан охиригача мана шу ғоя қизил ип бўлиб ўтган. Чунки мавжуд ҳолатда давлат идоралари халқ муаммоларидан узилиб қолган, кўп салбий ишлар оқибатида бирлик-баробарлик ҳисси заифлашиб, ўрнини ўзаро ҳадиксираш руҳи эгаллаган эди.

3. Одамлар оғирчиликка чидайди, ёлғонга чидамайди. Оғирчилик бўлиши табиий, ёлғон эса хунук иш. Мамлакатда камчиликлар кўплигини халқ билади, шулар ичида яшаяпти, ўз кўзи билан кўриб турибди, аммо минбарлар ва матбуот асл ҳолатнинг тамоман тескарини айтар эди. Оммавий ахборот воситаларига қулоқ солсангиз, худди ҳеч қандай муаммо йўқдай.

Яъни, ҳаёт бошқача, теваракда кўпроқ ёлғон ҳукмрон. Рост билан ёлғон орасида “тарбияланган” жамиятни соғлом деб бўлмайди.

Сиз мамлакатда чиндан ҳам муаммолар борлигини, айниқса газ, чироқ масалаларидаги камчиликлар узоқ йиллар “меваси” эканини, ҳатто уларни бирданига тузатиб бўлмаслигини очиқ тан олдингиз ва аста-секин тузатишга ваъда қилдингиз. Мана шу иқрорнинг ўзи жуда улкан ижобий ўзгаришдан далолатдир. Чунки муаммони ҳал этиш учун энг олдин шу муаммо борлиги тан олинади. Кўзни юмган билан камчилик йўқ бўлиб қолмайди. Камчиликларни хаспўшлаш, ёлғон мақтовларни гуркиратиш одамлардаги давлатчилик руҳини синдиради, жамиятни ичдан емиради.

4. Яна бир хайрли янгилик ‒ оммавий ахборот воситаларида президентдан бошқа бошлиқларимиз қиёфалари ҳам кўрина бошлади. Бу жуда муҳим масала. Ҳар ким ўзига юкланган вазифани қилиши, ўзининг ишига ўзи жавоб бериши керак. Эски даврда телевизорда битта президентни кўрардик. Мамлакатда олиб борилаётган барча иш фақат президент номига тақалар, камчилик сира кўрсатилмас, камчиликни ҳам оммага фақат президент ўзи айта олар эди. Бу ҳолнинг ёмон томони ‒ халқ йўл қўйилган хатолар учун ким жавоб бериши лозимлигини билмасди ва ўз-ўзидан нигоҳлар тўғри президентга йўналарди.

Бу ҳол катта камчиликларимиздан бири экани китобимда алоҳида таъкидланган. Бугун ҳар бир соҳа раҳбари омма олдига чиқяпти, телевизор кўрсатяпти, матбуот ёзяпти.

5. Тадбиркорликни янада ривожлантириш, текширувчи органлар унга ҳуда-беҳуда халақит қилавермаслиги тўғрисида муҳим топшириқлар берилди. Бу иш солиқ идоралари ва бошқа айрим мутасаддиларнинг «қўшимча нафс»ларини чеклашга илк қадам сифатида тақдирга лойиқдир.

6. Аста-секинлик билан бўлса-да жамиятда ошкоралик шабадалари эсаётганга ўхшаяпти. Одамлар ҳозирча ижтимоий тармоқларда бўлса-да кўнгилларидаги гапларини айта бошлади. Айниқса, виртуал қабулхона ёрдамида давлат халқ билан очиқ мулоқотга киришгани яхшиликдан далолат.

7. “Бу кунлар”да тилга олинган масалалардан яна бири ‒ қишлоқлардаги намунали уйлар муаммоси эди. Таҳлил асносида айниқса уч жиҳатга диққатни қаратган эдим:
а) уйлар нархи реал чиқимдан анча юқори ‒ ниҳоятда қиммат экани, қишлоқларни замонавийлаштиришдек эзгу ниятда бошланган иш очиқ бизнесга айлантириб юборилгани;
б) уйлар кўпи сифатсиз қурилаётгани;
в) маҳаллий шарт-шароит ҳисобга олинмай, бутун мамлакат бўйлаб деярли бир шаклда қурилгани ва бир рангга бўялгани…

Бугун давлат бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратди. Махсус қарор қабул этилди. Қарорда айни “Бу кунлар”да саналган юқоридаги уч муаммога алоҳида урғу берилгани қувонарлидир. Бу яхши.
Ва ҳоказо.

Ушбу хатимни ўқиётганлар тўғри тушунишсин: мен Шавкат Мирзиёев бошлиқ давлат бу ижобий ўзгаришларни “Бу кунлар” китобидан ўрганиб қиляпти демаяпман. Асло! Бундай фикрдан йироқман. Бу ишларни давлат ўз ташаббуси билан қиляпти ва тўғри қиляпти деб ўйлайман.

Лекин мана шу ҳолнинг ўзи диққатга сазовор!

Демак, Ўзбекистонда ‒ азиз Ватанимизда шу муаммолар бор ва яна ечимини кутаётганлари қанча! Уларни бирма-бир ҳал этишга киришилгани давлат бу каби муаммолар борлигини расман эътироф этгани ҳисобланади. Муҳими шу!

Бугун давлат шу дамгача йўл қўйилган камчиликларни тан олгани ва уларни йўқотишга жиддий киришгани чинакамига Халқ ва Давлат манфаатини кўзлаганидандир. Худди шунингдек, “Бу кунлар” китоби ҳам Ватанимизнинг ҳартомонлама равнақига фойдаси тегса тегади, асло зарари йўқ. Чунки мен халқим ва Ватанимга қалам билан хизматда сочи оқарган, шахсий манфаатлардан халқ ва давлат манфаатини устун кўрадиган бир адиб ўлароқ мамлакатимиз кейинги йигирма беш йиллик қисқа даврда эришган ютуқлардан қувонган ҳолда, йўл қўйилган хато ва камчиликлардан албатта куйинаман. Менимча, ватанининг янада гуллаб-яшнашини истайдиган ҳар бир юртдош шундай жон куйдиришга ҳақлидир.

Яъни, “Бу кунлар” асаримга расмий муносабат ижобий томонга ўзгарса яхши бўларди, демоқчиман.
Яқин ўтмишдан мерос қолган катта хатолардан бири ‒ қуруқ мақтов тўғри сўздан устун қўйилди! Тўғри сўз давлатга душман деб билинди. Энг майда бошқача фикр ҳам юртдан қувилди.

Ҳолбуки, давлат қуруқ мақтов устига қурилмайди. Қурилса ҳам, пойдевори пуфакдек омонат бўлади. Сув темирни аста-секин ва билинтирмай емиргани сингари асоссиз мақтов ҳам давлатни аста-секин ва билинтирмай ичдан емиради.

Ялтоқи маддоҳлар давлат пойдеворига ва тожига тушган куялардир. Тўғри сўзни сўзловчилар жамиятнинг гулларидир. Чунки бундайларни давлатга манфаат эмас, дард, куйиниш боғлайди. Буюк ҳинд сиёсатчиси Маҳатма Ганди: “Кўпчилик ҳокимият теварагида куймаланади, жуда озчилик Ватан теварагида”, деган эди. Тўғри сўз сўзловчилар шу “жуда озчилик” тоифасига киради.

Давлат тўғрилик устига қурилади. Инсон умри узайишига тоза ҳаво билан тоза сув нечоғли керак бўлса, давлатнинг ҳам умри узун, қадди тик бўлишига Ватан учун чинакам қайғурадиган, бу йўлда нияти, қўли, тили билан тинмай ҳаракат қиладиган тўғрисўзлилар шунчалик керак. Давлатнинг кучи ва бақоси тўғрилик ва адолат биландир.

Ўзбекистон давлатчилигида янги давр бошланаётган экан, бугун шахсан Сизда ва Сиз бошчилик қилиб турган давлатда давлатчилигимизнинг асос пойдеворини қайтадан мустаҳкамлаб олиш учун улкан имкон яралди.

Бу имкониятдан фойдаланишда Сизга ва давлатимизга Оллоҳдан сабр, матонат ва ғайрат тилайман.
Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев жаноблари!
Албатта, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган хатоларни бирданига тўғрилаб, камчиликларни бирданига тузатиб бўлмайди. Аммо жамиятни эркинлаштиришга, сиёсатни ҳақ устига қуришга қатъият билан киришилса, аста-секиндан бўлса-да яхши натижаларга эришилиши муқаррар.

Шу маънода менинг айрим аниқ таклиф ва мулоҳазаларим бор.

1. Давлат идораси сифатида махсус Тил қўмитаси тузилса.
Бугун ўзбек тили ҳар қачонгидан ҳам кўра давлат ҳимояси ва оталиғига муҳтож. Ёт тиллар хуружи ортган бугунги шароитда бор тил бойлигимизни сақлаб қолиш, тараққиётнинг янги-янги чақириқларига жавоб бера оладиган атама ва сўзлар топиш бугуннинг энг долзарб масаласи деб ўйлайман.

2. Ошкоралик қўмитаси қайта тикланса.
Мамлакатда аста-секин, босқичма-босқич ошкоралик йўриқларини жорий қилиш керак. Бусиз эркин тараққиёт бўлмайди. Давлат идораларининг халқ кўзи ўнгида ишлашга ўтиши масъулиятни оширади, нафси бузуқларнинг иштаҳаси ҳарҳолда бирмунча тийилиб туради.

3. Аста-секин сиёсий эркинликлар таъминланилса.
Давлатимиз оёққа туриб олди. Бугун мамлакатда қўрқмасдан бошқача сиёсий фикрларга ҳам йўл берилса бўлаверади. Аксинча, мухолиф фикрдаги кишиларнинг Ватандан чеккаларда юриши биринчи галда давлатимизга, қолаверса, мухолифатнинг ўзига ҳам бошоғриғидир. Чеккада юрганлар мамлакатга киритилса ва бошқача фикрдагиларга нисбатан бағрикенглик тамойили йўлга қўйилса, чеккада юрганидаги душманона муносабат ўрнига ичкарида дўстона муносабат шаклланади.

4. Диний эркинликлар таъминланилса.
Менимча, давлатимиз динга муносабатини тубдан қайтадан кўриб чиқиши, эски услубдан воз кечиб, бу соҳада йўл қўйилган хатоларни тузатишга тез киришиши лозим. Бу иш “Давлат динга, дин давлатга бегона, улар бир-биридан доим хавфда” деган тушунча асосига қурилган эскича муносабатдан “Давлат динга, дин давлатга дўст, улар бир-бирини қўллаб-қувватлайди” деган мафкура асосига қурилган янгича муносабатга ўтиш билан амалга ошади.

Узоқ йиллар диний соҳада ишлаб орттирган тажрибаларимга суяниб айта оламан: бу муаммони ҳар икки томонга ҳам зарарсиз ҳолда, силлиқ ҳал этса бўлади. Ҳатто чет элларда адашиб қўлига қурол олиб, ўзига радикал йўлни танлаган собиқ ватандошларимиз билан ҳам тил топишса бўлади. Доимий хавф ва безовталикдан кўра кечиримлилик йўриғидан келиб чиқиб ярашиш чорасини топган яхши. Дунё тажрибаси кўрсатяптики, бундан бошқа самарали йўл йўқ. Қўшнимиз Тожикистон бу борада бир мисол бўлса, узоқ Колумбияда давлат билан унга қарши узоқ йиллар қуролли курашиб келган кучлар ўртасида яқин ойларда тузилган яраш битими иккинчи ёрқин мисолдир.

Тўғри, диний сабаблар билан чет элларда сарсон юрган ватандошларимиз бир хил тоифа эмас, ораларида турли оқим вакиллари бор. Аммо, қатъий ишончимга кўра, уларнинг кўпидан давлатга хавф йўқ. Бўйнида очиқ моддий жинояти бўлмаганларга давлат бағрикенглик кўрсатиб, мамлакатда қолган яқинлари билан қовушишларига имкон бериш лозим.

Халқимизнинг 90 фоиздан кўпи мусулмондир. Динга муносабатда тўғри, юмшоқ ва бир текис сиёсат юритилса, озгина ижобий ўзгариш ҳам халқимиз ҳаётида дарров сезилади ва “давлатдан ҳадиксираш” кайфияти тез орада “давлатни яхши кўриш кайфияти”га ўзгаради, иншаоллоҳ. Бунинг учун ишнинг кўзини биладиган, соҳасини севадиган, давлат ва халқ манфаатини чуқур ҳис этадиган лаёқатли шахслар иш бошига келиши керак.

Яна қатъий ишончимга кўра, ўша турли оқим вакилларини ҳам оқилона диний сиёсат юритган ҳолда, холис диний уламоларимиз кўмагида ўзаро тинч-тотув ҳаётга қайтарса бўлади.

3. Сиёсий ва диний маҳбусларга умумий афв эълон этилса.

Ҳуқуқ идораларимиз сиёсий ва диний маҳбуслар ишини жиддий қайта ўрганиб чиқса яхши бўларди. Шунчаки чақув ёки айрим орган ходимларининг адолатсизлиги қурбони бўлганларни ашаддий жиноятчидан ажратиш керак. Улар неча йиллаб бекордан-бекор ёки арзимас сабаблар билан қамоқхоналарда ётибдилар. Уларни оилаларига қайтариш, жамият ишларига жалб этиш давлатга кўпроқ фойда келтиради. Бу йўлдаги афви умумий халқимизнинг кўксига шабада, давлатимизнинг шаънига шараф бўлар эди.

Мен бир пайтлар Президент Девонига махсус хат-мақола қилиб берганим, “Бу кунлар” китобимда ҳам алоҳида тўхталганим бир нозик масала бор. Давлат билан халқни ўзаро ёвсиратиб қўйишдан асосан нияти бузуқ айрим кучли давлатлар манфаатдордир. Улар Ўзбекистонимизнинг ҳартомонлама кучайишини истамайди. Турли уйдирма баҳона ва сабаблар яратиб давлатимиз билан мусулмон халқимизни бир-бирига қарши гиж-гижлайди. Дейлик, бир юзи билан “Диний терроризмга қарши курашгин” деб давлатга босим ўтказади, ҳатто бу иш учун маблағ ҳам ажратиши мумкин, иккинчи юзи билан эса қувғиндаги, қочоқдаги, қамоқдаги мазлумларга хитобан: “Давлатинг сени эзяпти! Давлатинг сени ноҳақ қамаган! Биздан ёрдам сўра, биз сенга ёрдам қўлини чўзамиз!” дейди. Айниқса, чет элларда аламзада бўлиб юрганларни қўлга олишга ҳаракат қилади, ҳатто қурол-яроғ билан таъминлайди. Сўнгра бир кун келиб ўзининг кир сиёсий мақсадида қўлланишга ҳаракат қилади. Натижада давлат ҳам, халқ ҳам кучсизланади, иккала томон ҳам бу кир ниятли давлатларнинг марҳаматига муҳтож бўлиб қолади.

Четнинг бундай ифлос ўйинларидан қутулишнинг бирдан-бир йўли ‒ давлат билан халқ ўртасида дўстона, самимий муносабат ўрнатишдир. Халқ билан давлат бир бўлса, кучли душманлар ҳам бир иш қила олмайди. Бунга тарих ва кунимиздаги воқеалар ёрқин мисолдир.

Миллий аҳиллик айниқса бу кунларда жуда керак. Яқин ва Ўрта Шарқдаги барча қонлию қонсиз можароларда йирик мустамлакачи давлатларнинг ичкари ва ташқаридаги аламзада кучлардан фойдаланаётгани бизга ибрат бўлмоғи лозим.

Замон нотинч. Геосиёсатлар тобора шафқатсизлашиб бормоқда. Урушга тўймайдиган наҳанг давлатлар ҳар замонда бизнинг тинч диёримизга ҳам кўз олайтириб қолиши эҳтимолдан узоқ эмас. Қонли урушлар кечаётган ўлкаларда “жиҳод” қилиб юрган нодон ватандошларимиздан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланиши мумкин. Оллоҳ асрасин. Шундай экан, кеч қолмасдан тезлик билан миллий бирликни таъминлайдиган теран сиёсат ишлаб чиқилиши лозим бўлади.

Бу йўлда Оллоҳдан мадад ва иноят тилайман.

Кўнгилда яхши ниятлар ила, ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, 2016 йил.

Мактубга келган жавоб:

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.