Ривожиддин Абдумаликов: Алғов-далғов мажлис 2: «Нозик меҳмонлар…»

Шу директорлик ҳам жонга тегди-да. Далага югур, ободонлаштириш ишларига одам юбор, пахта терими, пилла терими, металаллом плани ҳаттоки махаллий ўғит йиғиш ҳам гарданимда. Нима қилардим шу нағмани бошимга бало қилиб-а?! Ундан кўра, тинчгина бозорда савдо қилмайманми, жа бўлмаса пайнет очганимда ҳам хозир тагимда бирорта «GM» машинаси бўларди. «Обнал» ҳам фалон фоиз бўлса… Тамом, ойнинг охирида аризамни ёзаман. Жуда ўйлаган режаларим хомлик қилиб қолса, Россияга кетвораман.

— Бешюз Бетайинов , сизни телефонга сўрашяпти.
— Ким экан?
— «Юқоридан» экан!
— Уланг.
Оббо шу тафтишчилар ташрифи етмай турган эди-да.

— Менга қаранг, Қундузой Осмонова, ҳаммани мажлисга чақиринг!
— Ўқувчиларни ҳамми?
— Ўқитувчиларни чақиринг, ўқувчиларни дарсдан қолдирмайлик.
— Хўп бўлади.

Ўқитувчилар судралиб келишгунча битта чекиб олишга улгурарман. Айтилган вақтда келишавермагани ёмон, интизомсизлар. Тунов куни ҳам ободонлаштириш учун ташкиллаштирилган хашарга кеч қолиб боришганди ландавурлар. Қанча гап эшитдим-а?! Уффф, бу балолардан қачон қутуламан экан-аа?!

— Мумкинми?
— Яна озгина юравермабсизлар-да, тушликдан кейин келардинглар лаллайи-и-иб!
— Машғулотни оҳиригача етказиб қўяйлик дедик-да…
— Ээ, қанақа машғулот? Бу ёғда жиддий «машғулот» чиқиб турибди-ку. Ҳозир теппадан хабар келди. Эртага «Меҳмон» келар экан.
— Яна-я? Ўтган хафта ҳам келишганди-ку…
— Улар келди-кетдини сиз билан биздан сўраб ўтиришмайди, Сотти Сапарова!
— Узр!

— Хўўш, ҳамма йиғилдими? Хуллас, эртага келадиган «меҳмон»ни кўнгилдагидек кутиб олиб, иложи борича уларни кўнглини олиб, хафа қилмасдан кузатишимиз шарт. Шунинг учун нималар қилишимиз кераклигини қисқача келишиб олишимиз керак. Энг аввало, давомат 100% бўлиши шарт! Бугунгидек 90%лик давомат «меҳмонлар»нинг дилини оғритиши мумкин. Синф рахбарлари бу масалада жиддий шуғулланинглар. Бундан ташқари тозаликка ҳам қатьий риоя қилишимиз керак. Ҳар бир ўқувчи формада бўлсин, ўғил болаларга сочларини калталатишини, қизларга эса бантик тақиб келишларини тайинланглар. Ўқувчилар коридорда юрганда ўзини босиб, югурмасдан, салом бериб юришсин. Синф раҳбарлари бу борада тушунтириш ишларини олиб борасизлар. Ўтган куни танафффус пайти мени ҳам йиқитиб юборай дейишди ярамаслар. Коридордан кўтарилган чангда юриб бўлмайди. Ҳамма ўқувчиларнинг дафтарлари тўлиқ бўлсин, конспектлар ёзилганини ҳам бир текшириб қўйиш ёддан чиқмасин. «Меҳмон»лар буни ҳам текшириб қолишлари мумкин. Энг муҳими, ўқувчиларингиз тилларини тийишсин. Айниқса… Ёлғоной Вадабозовна, шу ердамисиз?
— Шу ердаман.
— Айниқса, сизнинг синфингизда тили «икки қаричлар» кўп. Ўтган сафарги «меҳмонлар»га «бу сафар металлом олиб келмадик, пулини йиғиб бердик», деган тирранча ким эди?! «Питначининг» неварасими?! Ўша болани йўлга солиб қўйинг, бу сафар «маклатура» ҳақида алжираб қўймасин яна. Тушунарлими?

— Тушунарли, ўтган сафарги кўнгилсизлик такрорланмаслигига ваъда бераман!
— Яхши. Кейин ўзингиз ҳам журналингизга бир кўз югуртириб қўйинг!
— Хўп бўлади!

— Арзоной Қимматзода, сиз ҳам шу ердамисиз?
— Шу ердаман.
— Сиз ҳам анави ким эди, кинначи кампирнинг невараси бор-ку, Бетгачопарнинг боласи?
— Қалампир.
— Ҳа, ўша Қалампирни қулоғидан аямасдан чўзиб қўйинг. У ҳам ўтган сафар бир камаз «қовун туширган» эди. Бу сафар ҳам газет обунаси ҳақида гап очгудек бўлса, сиздан қаттиқ хафа бўламан.
— Хўп бўлади!

— Ўртоқлар, яна бир масала: эртага битта алоҳида хонани чиройли қилиб, намунали тарзда жиҳозлаб қўйишимиз керак. «Меҳмонлар» дарс жараёнини кузатамиз, деб қолишса, ўша синфхонага олиб кирамиз. Ўша синфхона шкафига бошқа синфхоналардан букетлар, китоблар, компьютер ва наинки, турли хил кўргазмали материаллар олиб чиқиб қўйинглар. Деворий газеталар ҳам ёддан чиқмасин. Яна «меҳмонлар» синфхоналари талаб даражасида эмас, деб ёзиб кетишмасин. Айтганча, мени хонамдаги катта соатни ҳам ўша хонага бир кунга олиб чиқиб, осиб қўйинглар. Хона очилиб турсин. Фақат соатга эҳтиёт бўлинглар — қимматбаҳо соат.

— Хўўўш, менимча, айтиладиган, кўриб чиқиладиган бошқа масалалар қолмади. Саволлар борми?
— Менда савол бор эди.
— Нима саволингиз бор, Шакархон? Гапиринг.
— Мактаб фонди ҳақида индамадингиз-ку, нима «меҳмонлар»га у ҳақида гапириш мумкинми?
— Вей, қанақа ғалчасиз-а, Тилизахарова? Қайси фандан дарс берар эдингиз ўзи?
— Ҳуқуқшунослик фанидан.
— Қайси қонунда, мактаб фонди йиғилсин, деб ёзиб қўйилган, айта оласизми?
— Бунақа қонун ва қонуности ҳужжат йўқ-ку, лекин биз…
— Ҳа унда нега талмовсирайсиз, Шакархон Тилизахарова?
— Иии, тушундим энди.

— Хуллас, нима бўлган тақдирда ҳам мавжуд муаммо ва камчиликларни бир кунга амаллаб беркитиб, «имтиҳон»дан эсон-омон ўтиб олишимиз керак. Кейин бир гап бўлар. Ҳозир дарсни йиғиштириб, ҳамма ўқувчиларни мактаб атрофини тозалашга олиб чиқинглар. Бўшсизлар.

— Ўтмас Қиличев, сен тўхта, эртага тушликка «Тешиб чиқсин» чойхонасидан жой буюртма қилиб қўй.
— Ҳар доимгидек, икки кишиликми?
— Жой «меҳмонлар» учун, тентак.
— Ҳааа, хўп бўлади.
— Сен ҳам бўшсан!

Ривожиддин Абдумаликов

4 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *