Номаълумлик қўрқуви

Нега биз яқин қариндошимиз, жигарларимиздан кўрган аччиқ озору қилиқларига одатда чидаймизу, шунчаки таниш одамлардан озгина хурматсизлик сезсак, дарров жойига ўтказиб қўямиз? Нега биз ишчи ходимларимизнинг ишга доимий кечикиб келишини кўрмаганга оламизу, суҳбат (собеседование)га бор-йўғи икки дақиқа кечиккан иш қидирувчини ишга олишдан қатъий воз кечамиз? Ҳа энди, қариндошим-қондошим, оғир кунимда елкадошим, дейишимиз мумкин. Ҳа энди, бирламчи таассурот муҳим-да, ҳеч бўлмаса ишга жойлашишдан олдин кечикмай келади-да одам, деймиз. Лекин бу нарсаларни шундай тушунтириш ҳам мумкин: ҳеч қанақасига қочиб қутулиб бўлмайдиган ходисаларга келганда бизга ижобий нуқталарни қидириб топиш маъқулроқ.

«Ҳа энди, бу дилозор туғишган қариндошдан қочиб қутулолмасам, оқ қилиб юборолмасам, алмаштиролмасам, начора, бори шу-да», деган яширин фикр бизни ижобий баҳона топишга, аламларни ичга ютиб кетишга ундайди.

«Ҳа энди, ишчиларим кечикиб келишга аллақачон ўрганиб қолган, буни ўзгартираман десам ўзимга бош оғриқ кўпаяди», деган яширин фикр бизни кўриб кўрмаганга олишга ундайди.

Бизга учраган нарса биз кутаётгандек бўлиб чиқмаса, биринчи бўлиб хаёлга келадиган фикр бу – “уни бошқасига алмаштириш” фикри бўлади. Шунинг учун ҳам биз бозор-дўкондан харид қилган нарсаларимиз маъқул келмаса, қайтариб топширамиз. Шунинг учун ҳам саёҳатда брон қилган меҳмонхонамиз ёқмаса, чиқиб кетамиз. Ва лекин қачонки ҳолатни, кечинмаларимизни ўзгартиришга ўзимизни ожиз сезсак, ана ўшандагина, биз муаммога бошқа нуқтаи назардан қараш йўлини қидириб қоламиз.

“Қирилгур ўн килогина шакарга бир соат «очирид» турибман-а, ўлсин, мураббо сезонида энди, нимаям қилардик. Майли, қайтага яхши бўлди, тоза ҳавода айланиб келдим. Ёнимдаги жувон билан гаплашиб, дардлашиб, енгилам тортдим…”

“Шалдироқ араваси 5000 гаям арзимайди ўзи, шуни 12000 мингга сотволиш учун ойлаб сарсон бўлсам-а. Яна «завадской брак»ларини тўғрилатгунча 500 га аъзо бўлганим-чи. Энг охирги лохдай ҳис қиляпман ўзимни… Ҳай, майли, лох битта мен эмаску, бутун бошли Ўзбекистон-ку, ха-ха-ха. Бир расмга олиб, профилимга қўйиб, “моробўсин”лага лайк босиб мазза қилай…”

“Иш топиш шунчалик қийинлигини билганимда мактабда ўқиётганимдаёқ битта яримта ҳунармандгами, сартарошгами, шогирд тушиб қўяқолардим-эй. Аъло баҳоларга ўқийверчи, яхши бўлади, деган гапларга лаққа тушиб, ҳаётга қарамасдан, ўзимча галстукли студент бўлиб, ширин хаёл қилиб юраверибман-а… На реал билим олибман, на бир ҳунар-тажрибам бор. Россияга кетай десам, оддий сувоқчиликниям эплай олмайман. Ҳа энди, нимаям қила олардим, миллионлаб бошқаларам мендан баттар юрибдику. Ҳарқалай, юртимиз тинч, янги президентимиз у-бу нарсаларни қилиб берса керак биздакаларгаям…”

“Даҳшат, 52 та одам тириклай жизғанак бўлиб кетибди-я! Урушда эмас, тўфону офатлардан эмас, бомба тагида қолиб эмас, шунчаки ишлаб келиш учун кетаётганда, яна куппа-кундуз куни-я! Шундоқ тилла имкониятлардан фойдаланолмай юрган бизга ўхшаган хор миллат, хор халқ бормикан дунёда, вей! Эххх… Нимаям қилолардик, элга келган тўй-да энди. «Зато», ана, жумада домла уларни шахид деди, орқасидан тоғ-тоғ тиловатлар қилинди, оиласига пул ҳам беришяпти. Буям ҳаммага насиб қилмайди аслида. Ўзим ҳам кўпроқ қарз кўтариб бўлсаям поездда кетаман, тамом…”

Мисоллар кўп.

Биз агар, “бу яшаётган ҳаётим шахсан меники, ҳеч қандай тўсиқларсиз меники, ҳеч қандай ўзгаришларсиз меники ва бутунлай меники”, деган нарсани ҳис қилмагунимизча, ўз умримизни кўнгилдагидек тасарруф қила олмаймиз, Аллоҳ берган имкониятлардан рисоладагидек (“как следует”) фойдалана олмаймиз.

“Ҳа энди, нимаям қила олардим, ҳаётимдаги тўсиқларни айланиб ўтолмасам, ҳаётимни ўзгартираётганларга кучим етмаса, ҳаётимнинг бир қисмини кимларнингдир қош-қовоғига қараб ўтказишга мажбурман-да”, дейдиган одам ҳам, халқ ҳам — мутлоқ ва аччиқ хорликка маҳкум!

Азамат Андреев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *