Нима, сен президент юритаётган сиёсатга қаршимисан?

Ўзбекистонда исталган суҳбатни тўсатдан тўхтатиб қўювчи бир жумла бор. У шундай кучга эгаки, ҳар қандай ҳамсуҳбатнинг овозини ўчира олади. У жумладан кейинги ҳар қандай фикр ўз кучини йўқотади. У жумладан ўқитувчию фаррошдан тортиб, орган ходимигача фойдаланиш ҳуқуқига эга. Умуман, уни ҳамма ишлата олади.

Қаршингизда турган одамнинг гапларига тушунмаяпсизми, ёки уни гап билан енга олмаслигингизга кўзингиз етдими, дарров шу жумлани ишлатинг. Акс ҳолда, буни у биринчи бўлиб ишлатиб сизни «мот» қилиб қўйиши мумкин. Бу гапимни ўқиган «айрим» одамларнинг хаёлига ҳам энг аввало шу жумла келади: «Нима, сен президент юритаётган сиёсатга қаршимисан?».

Бўлди. Тамом. Нокаут. У ҳеч нарса дея олмайди. Сиз ютдингиз. «Бу ерда президентга нима бор? Бу гапимнинг президент ёки сиёсатга нима алоқаси бор?» – деса ҳам энди кеч. Боя айтганимдай бу жумладан кейин айтилган гапларнинг эффекти нолга тенг. Жуда ёпишиб олса, секин қўшиб қўясиз: «Шунга оборяпсан-да, ахир».

Хуллас, ҳар сафар дарсдаги тортишувларим шу билан ниҳоясига етарди. Энг алам қиладигани фаннинг номи «Сиёсатшунослик» эди…

***

Ўтган йили ёзда бирга ишлайдиган ака ёнимга келиб, телефонидаги видеони кўрсатди, Телеграмдан келибди. Видеода бир қозоғистонлик сенатор Қозоғистоннинг қарзини ҳисоблаб, неча миллиард доллар эканлигини айтди. (Балки, миллиондир. Эсимда йўқ.) Ва орқасидан «Солиштириш учун – Ўзбекистоннинг ташқи қарзи нолга тенг» деб қўшиб қўйди.

Шу видеони кўриб, ҳамкасбимнинг оғзи қулоғида. Хурсанд.

– Хўп, сенга нима? Қозоғистоннинг шунча қарзи бор экан, сен нега хурсандсан?
– Ўзбекистоннинг қарзи йўқ?
– Хўп, яна қайтараман: сенга нима? Сен нега бунча ғурурланасан? Сен давлатларнинг қарзини эмас, ўзингни «любой» бир қозоғистонлик билан солиштир. Агар уларнинг қанча ойлик олишини билмасанг, кут: яқинда ўша ерда ишлаётган амакингнинг ўғли келади. Айтиб беради ҳаммасини. Кейин ғурур билан солиштирасан, «Артел» телефонингнинг калкуляторида. Доллар курси ҳозир 8150. Шунчаки ёзиб қўй, ҳисоблаётганингда керак бўлади.

… Мактабда ўқирдим. Нечанчи синфлигим аниқ эсимдамас. Тарихдан дарс ўтадиган домламиз бўларди. Ювош. Шунчалик ювошки, ҳар янги йилда шу одам қорбобо бўларди. Ўқувчиларига қаттиқ гапиролмасди. Шу сабаб бўлса керак, биз ҳам у билан сал эркинроқ гаплашардик. Дарс охирлаб, доскага чиқишга одам қолмаганда энг қизиғи бошланарди. Сиёсатдан гаплашардик. Ўзимизча. Биз учун дарсдан ҳам қизиқ бўларди сиёсат. Ҳамма жойда тақиқланган, гапирсанг, «Аралашма!» – деб оғзингга уриладиган даврда бу нарсаларни биров билан гаплашиш ўзига яраша қизиқ эди бизга. Гўдак бўлганимиз учунми, дунёқарашимиз ўша фикрлар билан шаклланган. Яъни, ўша ўқитувчимиз қандай гапирган бўлса, ўшандай қабул қилганмиз.

«Россия – Ўзбекистоннинг халоскори. АҚШ – дунёдаги энг ёмон давлат. Россия бўлмаса, Ўрта Осиёнинг Сурриядан фарқи бўлмасди. Яхшиям Путин бор. СССР зўр давр бўлган. Ўзбекистон Ўрта Осиёдаги энг кучли давлат. Палончи заҳираси бўйича пистончи ўринда турамиз. Жунг Санг аслида Юн Хини акаси…»

Шунақа дунёқараш билан катта бўлганмиз. 2001 йил 11 сентябр воқеалари бўлганида хурсанд бўлганманми, йўқми, билмадим-у, лекин хафа бўлмаганим аниқ. Эсимда: «Биратўла атом бомба ташаворсаям майли», деб ўйлаб қолгандим. Кейин тоғамнинг ўғли Америкадалиги учун «Тўхта, олдин у қайтвосин, кейин йўқ бўп кетаверсин», дегандим.

5-6-синф боласида бутун бошли давлатга нисбатан шунча нафратни уйғота олган ўқитувчимнинг қанчалик маҳоратли эканлигига энди ўзим ҳайрон қоляпман. Ароққа нисбатан уйғотвормаган экан-да, ўша нафратни. Афсус…

Бир тарафдан уни ҳам айблаб бўлмайди, унгаям кимдир мерос қолдирган-ку бунақа дунёқарашни. Уйда «Вести» кўриб ўтирган дадам билан амакимнинг суҳбати ҳам менга ўқитувчимнинг гапларидан кам таъсир қилмаган. Мени ўқитувчим заҳарлаган бўлса, ўқитувчимни ТВ заҳарлаган. Ёки ўқитувчиси. Ёки дадаси. Ёки ҳаммаси биргаликда…

Ўша ўқитувчимнинг гапларидан яна бири Қозоғистон ҳақида эди. Қозоқларни ёмон кўрарди. Кейинчалик сабабини билсам, аслида унга алам қилган экан. Ҳасадда ёниб-ёниб, кейинчалик шунчаки ёмон кўриб қолган: «Қозоғистоннинг ташқи қарзи кўп. Уларнинг хурсандчилиги узоққа бормайди. Емоқнинг қусмоғи бор. Уларга ҳеч ҳавас қиманглар». Кейин ғурур билан қўшиб қўярди: «Ўзбекистоннинг ҳеч қайси давлатдан қарзи йўқ!».

Қандай руҳлантирувчи сўзлар. Ватанга бўлган муҳаббатимизни ошириб, ғурур билан юришга ундайдиган сўзлар! Совуқ хоналарда курткани ечмасак ҳам, оёғимиз остида тахта пол эмас, қуруқ бетон бўлса ҳам ғуруримиз баланд бўлиб битириб кетдик шу мактабни.

Биласизларми, ўша кунларни мен ҳалигача орзиқиб кутаман: «Қачон қозоқлар банкрот бўлади ва биз уларнинг устидан куламиз? Ўқитувчим ваъда берган ахир. Эй Қозоғистон, ўқитувчимни «подводить» қилманглар, ахир! Тезроқ банкрот бўлинглар-да, бизнинг юртга келиб, ҳожатхоналаримизни тозалаб, берган пулларимизни уйдаги бола-чақаларинга жўнатинглар…»

Мана, ўқитувчим ўша гапни айтганига ўн йилдан ошса, ошди; қозоқлар биздан ўн баравар тез ривожланса, ривожланди; лекин банкрот бўлмади. У гапларни кейинчалик кўп эшитдим. Лицейдаги домламдан. Университетдагисидан. Университетдаги домлам билан озгина тортишдим ҳам. Йўқ, бўлмади, жиннига чиқаришди.

Курсдошларим ҳам домла тараф бўлволишди. Тўғри-да. Уларни ҳам 3-синфдан бошлаб шунақа алдашган. Йўқ, мен бир ўзим бўлсамда фикримдан қайтмай тортишдим (ҳар қалай ўзбекман, ғурурлиман) фикримда турволдим. Ўзимникини ўтқазишга ҳаракат қилдим, улар бизни ўзлариям билмаган ҳолда алдаётганларини тушунтирмоқчи бўлдим. Йўқ!

Охири икки қўлимни ҳавога кўтариб «Таслимман» дегандай қилдим. Сессия яқин эди…

… Ўқитувчим ҳозир мактабда ишламаётган экан. Магазинчи бўвопти. Ўтиргандир ҳозир, коланинг қопқоғини йиғиб, ғурурланиб…

Ўзи айтмоқчи бўлганим бошқа «заҳар» эди. Озгина ўтлаб кетдим. Майли-да. Барибир, бекор ўтирувдинглар-ку.

***

Айтганча, ҳар қандай ноқулай вазиятда ўша сеҳрли жумлани ишлатиш эсингиздан чиқмасин.

5 комментариев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *