Непотизм — коррупция демак!

Непотизм (яқинларга ва қариндош-уруғларга ён босиш, қўллаб-қувватлаш) — фаворитизмнинг бир тури бўлиб, салоҳиятидан қатъий назар, қариндош бўлгани учунгина муҳим мансаб ёки вазифаларни эгаллаб, арзандага айланишдир.
Тор маънода эса, катта мансабдор ўз таъсирини кучайтириш учун юқори мансаб, унвон, вазифалар ва ерларни ўзининг қариндош-уруғларига беришга айтилади.

Бу иллат XV—XVI асрларда кенг тарқалган.

Католик черковида

Непотизм – Ўрта асрларда пайдо бўлган иллат. Ўшанда рим папалари ҳукмдорлик мавқеини мустаҳкамлаш борасида қайғура туриб, черковдаги олий мансабларни, биринчи навбатда кардиналлик қалпоқларини ўзларининг таниш-билишлари ва қариндош-уруғларига улаша бошладилар. Аввалига бу лавозимлар жиянларга берила бошлаганидан “непотизм” ибораси пайдо бўлди. Кейинроқ, айниқса XV—XVI асрларда ўзларининг ҳаромдан туғилган фарзандларига (валади зиноларга) берила бошланди [Adam Bellows. In Praise of Nepotism]. Мисол учун, Александр VI ўғли Чезарени, папа Павел III эса набираларини кардинал қилди. Непотизм XVIII асрдан бошлаб ўзига ўзи барҳам бера бошлади. Папа Иннокентий XII фармойишига мувофиқ, кардиналлар ҳайъатида фақат битта непот бўлиши мумкин эди, холос. XIX асрга келиб черков иерархиясида непотизм аста-секин тугатилди. [Article Nepotism. New Catholic Dictionary].

Сиёсатда

Непотизмнинг кенг қулоч ёйиши Тикланиш даврига, яъни Рим папалари италян князларига айланган, уларнинг кўп сонли авлодлари эса князликлар ва герцоглик мартабалрини қўлга киритиш даврига тўғри келади. Бунинг оқибатида бир неча «папалик» сулолалари, яъни Орсини, Конти, делла Ровере, Медичи, Борджиа, Пикколомини, Савелли каби оилалар пайдо бўлди. Кейинчалик «қора аслзодалар» истилоҳи ҳам пайдо бўлди: бу непотларнинг авлодлари бўлиб, улар энди князлик ва герцоглик фамилияларига (унвонига) эга бўлган. Масалан, Бонкомпани, Боргезе, Барберини, Памфили, Киджи, Одескалки, Людовизи, Албани, Русполи, Руффо ва яна жуда кўп бошқа оилалар.
Замонавий сиёсатда
Мутахассисларнинг айтишича, ҳозир ҳам жуда кўп мамлакатларда непотизм кенг тарқалган. Одатда, юқори мансабни эгаллаб турган шахс ўз фарзандларига ҳокимиятини тўғридан-тўғри ўтказиб бера олмаймади. Бироқ улар мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда ўз қариндошларига бошқа юқори лавозимни эгаллашда ёрдам бериши мумкин. Непотизм зарари шундан иборатки, унда ўша шахс ўз лавозим ёки вазифага, керакли малакага эга бўлмаса-да, эгалик қилади. БМТ конвенциясига кўра, непотизм коррупциянинг бир тури ҳисобланади.

XX асрда непотизм Николай Чаушеску, Саддам Ҳусайн, Муаммор Қаддафий режимларида кўпроқ учратиш мумкин эди. АҚШда эса, президент Бушлар сулоласи ҳамда Хиллари Клинтон хонимнинг мансаби шиддатли равишда ўсиб кетгани ёрқин мисол бўла олади.

Исломда-чи?

Ислом мансабларга шахсларни танлар экан, асосий мезон — номзодлар тахассус эгалари бўлишини талаб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва ссалом иш шу соҳанинг асл эгасига топширилмаса, ўша жабҳа барбод бўлишини таъкидлаганлар. Яна бир ўринда Аббос розияллоҳу анҳу келиб, ўзлари учун мансаб сўраганларида, бу иш қизиққанларга берилмайди, деган маънони айтганлар. Яъни масъулиятни ҳис қилган киши мансабга қизимайди! Бу эса унинг масъулиятини янада оширади ва ишнинг самарадорлиги кўтарилади!

Ислом илоҳий таълимотлар мажмуаси бўлгани учун ҳам бу борада энг дақиқ ва энг тўғри қарорни ўртага қўйган!

Абу Муслим тайёрлади

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *