Нега халқ тиббиёт ходимларидан нафратланади?

Бугун Ўзбекистонда тиббиёт жуда аянчли ҳолга келиб қолган. Бир томонда шифокорлар калтакланади, ҳақорат қилинади, ҳаттоки суиқасдларга учрамоқда. Бошқа томонда эса тиббиёт ходимлари ўз касбига бепарво, совуққон, билимсиз ва малакасиз. Яқинда журналист Алишер Назар укасининг янги туғилган қиз фарзандини шифокорлар юрак пороги билан туғилгани, бир соатлик умри қолган деб қўлига топширгани ҳақида ёзди. Унинг айтишича, гўдакни ўлдига чиқариб, кўмамиз деганда, онаси унинг яшаётганини пайқаб, ҳаётга қайтаради. Ушбу ҳодиса ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу шов-шувли хабар соғлиқни сақлаш тизимига яна бир зарба бўлди, одамларнинг тиббиёт ходимларига ишончсизлиги, ҳаттоки нафратини янада кучайтирди. Айнан шу нарса, яъни одамларнинг шифокорларга ишонмаслиги ва улардан нафратланиши уларга нисбатан ҳужум ва таҳдидларга сабаб бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса шу каби таҳдидларга қарши жиноий жавобгарликни кучайтириш орқали курашишни режалаштирмоқда.

Албатта, шифокорларга ҳужум қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши ва жазо муқаррар бўлиши муҳим. Бироқ бу чоралар муаммони батамом ижобий ҳал этиши учун етарли эмас. Чунки шифокорларга уюштирилган аксарият ҳужумлар чуқур руҳий инқироз ортидан содир этилади. Яъни, яқин одамининг ҳаёти қил устида турган вақтда шифокорларнинг суст ёки ишончсиз ҳаракат қилишини кўрганларнинг ҳаммаси ҳам ҳиссиётларини бошқара олмайди. Бу пайтда жиноий жавобгарлик, қатъий ва муқаррар жазо ҳақида ўйламайди.

Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги энг аввал тиббиёт ходимлари ҳақидаги салбий қарашларни, уларга нисбатан ишончсизликни ва нафратни сўндиришга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг учун жамиятда шаклланган шифокорларнинг «нақадар виждонсиз, тошбағир ва саводсиз» экани ҳақидаги стереотипларни парчалаб ташлаш ҳамда тиббиёт ходимлари тўғрисида янгича, ва албатта, ижобий қарашларни шакллантириш керак.

Одамлар ҳам, шифокорлар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларини таҳдид ва ҳужумлардан ҳимоя қилувчи, улар хатога йўл қўйган тақдирда эса, уларни муносиб жазоловчи ягона орган эканига қатъий ишонишлари лозим. Ҳеч ким ҳеч қачон ўзбошимчалик билан ҳукм чиқариш ва уни ижро этишга журъати етмаслиги шарт. Буни тиббиёт муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, халқ кўз ўнгида «масъулиятсиз ёки саводсиз шифокорлар» шафқатсиз жазоланиши, аслида эса улар ишдан бўшатилмасдан жаримага тортилиши, сўнгра мажбурий қайта тайёрлаш ва малака оширишга юборилиши, ундан кейин эса шароити оғирроқ ҳудудларга «сургун» қилиниши керак. Чунки битта шифокорни тайёрлаш учун давлат энг камида 10 йил ва миллионлаб сўм сарфлайди. Уни ишдан бўшатиб, ишсиз қолдиргандан кўра, «қайта юклаш» фойдалироқ ва мантиқлироқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимлари обрўсини оширишга жаҳд қилар экан, PR – жамоатчилик билан алоқалар технологияларини фақат омма учун эмас, балки тизим ичида ҳам PR, социология, психология технологияларини самарали қўллаган ҳолда олиб бориши керак. Фан тилида ички PR деб аталадиган бу усул тиббиёт ходимларининг дунёқараши, ишга бўлган муносабатини ўзгартириши, улар онгида ҳар бир хатосининг оқибатлари тўғрисидаги тўлиқ тасаввуларни ҳосил қилиши керак. Яъни, бир тиббиёт ходими хатога йўл қўйса, унинг таъсири фақатгинга бемор (мижоз), унинг яқинлари ва ўзига (кўп ҳолларда раҳбарларига ҳам) эмас, балки бутун бошли соғлиқни сақлаш тизимига, барча шифокорларнинг обрўси, ҳаттоки ҳаётига таъсир кўрсатиши, тиббиёт ходимлари ҳаётига суиқасд қилувчилар сонининг ортишига олиб келиши мумкинлигини билиши шарт. Буни юқорида келтирган мисолимизда ҳам кўриш мумкин.

Вазирлик шифокорларнинг масъулиятсизлиги, ўз ишига беписандлиги ва нопрофессионал ҳаракат қилгани ҳақидаги ҳар қандай хабарга зудлик билан муносабат билдириши керак. Унутмаслик керакки, ҳар қандай инқироз ҳолатини имкониятга айлантириш, уни узоқ муддатга вазирлик фойдасига хизмат қилдириш мумкин.

Аммо, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Нима учун шифокорлар ўз ишига масъулиятсиз ёндашаётгани, хатоларга йўл қўяётгани ҳам ўрганилиши муҳим. Бунда энг катта муаммолардан бири тизимдаги маъмурчилик, бошқарув, қоғозбозлик билан боғлиқ. Тиббиёт соҳасидаги ҳозирги маъмурчилик, расмиятчиликлар, бошқарув қониқарли аҳволда эмас. Оддий мисол. Яқинда «Марказий Ипподром» автотураргоҳида ишлаётган кар хизматчиларга қуролли ҳужум уюштирилди. Кўзи, бўйни ва юз қисмидан жароҳатланган ногиронлиги бўлган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига боради ва ички ишлар органлари ходимлари келгунига қадар икки соат давомида кутиш йўлагида ўтиришади.

Хўш, нега улар икки соат давомида жароҳатланган ҳолда ўтиришди-ю, бирорта ҳам тиббиёт ходими уларга зарур шошилинч тиббий ёрдамни кўрсатмади? Бу ҳолатда шифокорларни бефарқликда, лоқайдликда ва бемеҳрликда айблаш осон. Жароҳатланган, жони оғриб турган беморга ёрдам бериш ўрнига тезкор қидирув органлари ходимларини кутишга мажбур қилган нарса нима?! Қўрқувми, журъатсизликми, лоқайдликми ёки ичган қасамига хоинликми? Нима бўлган тақдирда ҳам, расмиятчиликлар беморларни ҳам, тиббиёт ходимларини ҳам қийин аҳволга солиб қўймаслиги зарур. Оддий сўз билан айтганда: шифохонага бемор келдими, унга дарҳол тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт. Шифокорларни вазифасини бажаришдан тўсаётган ҳар қандай сабаб ўртадан олиб ташланиши лозим. Расмиятчилик, ҳисобот, қоғозбозликлар ҳеч қачон инсон ҳаётидан устун бўлиши мумкин эмас!

Тиббиёт ходимларига ваколатлари доирасида мустақил ва тезкор қарор қабул қилиш имкони ва ишончи берилиши керак. На раҳбарият, на бошқа органлар ходимлари уларнинг ИНСОН ҳаётини сақлаб қолиш, унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги бирламчи ҳатти-ҳаракатларига моне бўлмаслиги шарт ва зарур. Бу аснода бирор муаммо юзага чиқиши эҳтимоли назарда тутилиши, йўл қўйилган хатолар сабаблари жиддий ўрганилиши лозим. Хато билимсизлик ва тажрибасизликдан, бепарволик ва лоқайдликдан ёки шифокорга боғлиқ бўлмаган бошқа сабаблар натижасида содир этилган бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси учун фақатгина шифокорларни айблаш адолатсизликдан бўларди.

Санжар Рустамов, Туркиянинг Кастамону университети Социал билимлар институти Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама бўлими магистранти

Биринчи изоҳ

  1. Yaxshi mavzuni yoritibsiz lekin bir taaflamada
    Usha siz yomonlayotgan » vijdonsiz, toshbag’ir » shifokorlar necha pul oylik oladi , oilasini qanday boqadi deb qiziqib korganmisiz
    Bularni bilish uchun chuqurroq taxlil qilib korish kerak

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.