Навбат «навбат бюрократияси»га…ми?

Шахсий эҳтиёжларимда фойдаланиш учун пластик карточка олмоқчи бўлдим. Эрталаб соат 9 да банкка кирдим. Эшик олдида турган ходим «Қаерга?» деди. Табиийки, (бино ичида бошқа ташкилот ҳам бормиди, билмадим) «Бозорга» демасдан «банкка» дедим. Индамасдан қўйиб юборди. Ўринсиз саволга тушунмадим. Бўлимлардан бирига кирдим. Ярим соатларда навбатим келгунча кутдим. «Карточка олмоқчийдим» дедим. «Солиққа чиқасиз, ИНН оласиз, паспортингиз билан нусхасини олиб келасиз» деди, чиқиб солиққа бордим. Бу ерда ҳам бошқа корхона борми билмадим-у, «эшик оғаси» «Қаерга?» деди, «Солиққа» дедим. Йўлаклари қоп-қоронғи, тумонат одам, сўраб, ИНН қоғози қаердан олинишини сўрадим, ўша ердаги ҳамма шу қоғоз учун турганини, электр ўчиб қолганини айтди, навбатга турдим. Бир соатча турдим, тахминан 10:30 ларда ходимлардан бири «ишларингиз бўлса бемалол бажариб келаверинг, свет бир соатдан кейинроқ ёнаркан» деди. Наилож, навбатни тарк қилиб, чиқиб кетдим…

 

Соат иккидан ўтганда солиққа яна бордим, навбат кутдим, дуода бўлдим: «Роббим, менга навбат келганда чироқ ўчиб қолмасин» деб. Ниҳоят, ўша ҳаёт-мамотни ҳал қилиб юборадиган ИНН қоғозини олдим! Хурсанд бўлиб, шошилиб чиқиб кетмоқчи эдим «қарздорлигингизни текширтиринг» деб, бошқа хонага ишора қилди. «Уҳҳ» деб яна навбатга турдим. Навбатим келди, қарзим йўқ экан, имзо қўйилган қоғозни олдим. Шунисига ҳам шукрки, қарзим бўлганда банкка қарз тўлагани йўрғалаган бўлардим. Тушундингиз — у ерда ҳам навбат, тумонат одам.

«Энди бошлиққа чиқасиз, муҳр босиб беради» деган буйруқнамо оҳангни эшитиб, юқори қаватга кўтарилдим. Яна навбатга турдим…

Шу билан солиқдаги ишларим ҳозирча тугади ва банкка йўл олдим. Яна навбатга турдим. «Олиб келган бўлсангиз, бу қоғозни намунага қараб тўлдиринг» деди, беш дақиқаларда ёзиб қутулдим. «Буни олиб, ҳисобчига имзо қўйдиринг» деди, чиқиб яна навбатда турдим. Қўл қўйдирдимки, «Ана у хонага кириб, рақам очишга ариза топширинг» дейишди ва у ерда ҳам яна навбатга турдим. «Энди бўлдими?» дедим, «Йўқ, биринчи кирган хонангизга кирасиз» деди, яна кўнглимни айнитиб юборадиган навбатга турдим. Қоғозни қўлимдан олиб, «пул топшириш учун бу бланкани тўлдирасиз, кассага 25 839 сўм тўлаб чиқасиз» деди, битта қоғозга «ЙИГИРМА БEШ МИНГ САККИЗ ЮЗ ЎТТИЗ ТЎҚҚИЗ СЎМ» деб уч марталаб ёздим. Ғазначининг туйнугига бориб, навбатга турдим. У ҳам қўлимдан қоғозимни олди-да «Ҳисобчига кириб, рўйхатга олдирасиз» деди. Энди «НАВБАТ» ҳақида ёзмайман, бошларим айланиб кетди…

 

Ҳисобчи рўйхатга олиб, қўл қўйиб берди, қайтиб кассага кирдим, пулни тўладим, «Энди-чи?» дедим. «Биринчи кирган хонангизга яна кирасиз» дейишди. Яна «ўша»ни кутдим. Қўлимдаги пул топширилганлиги ҳақидаги қоғозни олди, «Карточкага пулни хозир юкласам бўладими?» дедим. Ходима менга ўхшаган ойдан тушган одамни энди кўрди шекилли, «нималар деяпсиз, бу ҳали Тошкентга юборилади, эртага кечроқ хабар оласиз» деди. «Ҳўп, эртага оламанми карточкани?» деган саволимга «Ҳар эҳтимолга қарши телефон рақамимизни ёзиб олинг, келишдан олдин қўнғироқ қилинг, эртага тайёр бўлмаслиги ҳам мумкин» деган жавобни олдим…
*****

Юқоридаги Ўзбекистонда эди. Энди Москвада карточка олганимни ёзаман.

Банкка кирдим, навбат рақамини берадиган ускунадан рақам ёзилган қоғоз олдим. Икки дақиқаларда карнайдан мендаги рақамни айтилиб чақирилдим, айтилган хонага кирдим, муддаони сўради, айтдим. Принтердан тайёр ариза-шаблонни чиқариб менга узатди, қўл қўйиб, қайтариб бердим. «Оддийси ҳозир тайёр бўлади, исм-шарифингиз бўрттириб ёзилгани эртага тайёр бўлади» деди, шунисини танладим. «Истасангиз курьер орқали манзилингизга юборамиз, истасангиз эртага соат тўққизда олиб кетасиз» деди. Эртасига эрталаб олиб кетдим. Ҳаммаси бўлиб ярим соатча вақт сарф қилдим…
*****

Мен қонунларга, раҳбарларга қарши эмасман, бюрократияни, қоғозбозлик, навбатбозликни ёмон кўраман. Бугун такамиз тоққа чиқиб кета ололмаётганлигининг сабабини англагандек бўлдим.

Салим АЙЮБИЙ

6 комментариев

  1. Кайси банклигини билмадиму , лекин жуда унчалик булмаса керак, айникса хозирда. Акамиз илгари стир -инн олмаган эканларда. Мени узим якиндагина капитал банк филиалида муаммосиз пластик карта очтирдим. Ходимлар хушмуомила ва тезкор. РАХМАТ.

  2. Бу’лмаган гап. Вахима килган. Аслида ИНН ни интернетдан олса бу’лади. Банкка е»ки соликка киришда кайси бу’лимга дейишлари табиий хол. Жуда бу’ртирриб юборибди. Хозирги кунда тезда олиш мумкин. Вахима килманглар

  3. Умуман масаладан воқиф бўлмаган одам ёзган! Бир тийинга қиммат мақола. Шунақа сохта обрў топаман деб ёзавераркан де. Энг камида, паспорт сериясини киритиб, инн стирни электрон олиш мумкин! Баъзи банклар ўзлари чиқариб беришади. Капитал, хай тек ва бошқалар

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *