Навбаҳор Имомова: “Президент Ўзбекистондаги ҳамманинг дардини айтишга улгурди”

– Бир гуруҳ ватандошлар билан Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини томоша қилдик. Тўғрисини айтганда, ҳеч биримиз бу мурожаатни 4 соат давом этишини кутмаган эдик. Мурожаат кўпчилик эътироф этганидек, барча мавзуни жамлаган ўзига хос маъруза бўлди. Ватандошлардан бирининг сўзи билан айтганда, “Президент Ўзбекистондаги ҳамманинг дардини айтишга улгурди”.

АҚШда йилига бир марта давлат раҳбари халқ ва конгрессдаги вакиллар олдига чиқиб мурожаат қилади ва ҳисобот беради. Ҳисобот ва мурожаатнинг орасидаги фарқ ўзи қандай, деб сўрашингиз мумкин. Гап шундаки, Президент ҳар сафар гапирганида у кимгадир ёки қайсидир қатламга мурожаат қилади. Лекин бу мурожаат нимадан иборат бўлиши қизиқ. Айрим ҳолларда у эълон ёки изоҳ бўлиши, айрим ҳолатларда эса шарҳ ҳам бўлиши мумкин. Лекин мурожаат деганда Қўшма Штатларда асосан ҳисобот назарда тутилади. Чунки, демократик давлат ва жамиятларда раҳбарлар ўзини халқ олдида масъул, деб ҳисоблайди. Ўзини халқ хизматидаги шахс, деб билади.

Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам ўз Мурожаатномасида халқ ҳукуматга эмас, ҳукумат халққа хизмат қилиши керак, ҳукумат халқнинг хизматидаги органдир, деб қайта-қайта таъкидлади. Ва бу борадаги гапларни олдин ҳам Ўзбекистон Президентидан бир неча бор эшитганмиз. Очиғини айтганда, мана шу гаплари билан Ўзбекистон раҳбари Ғарбда катта умидлар уйғотмоқда. Ғарб назарида Ўзбекистонда жиддий ислоҳотлар бошланган ва айтиш жоизки, мамлакатда улкан ўзгаришлар кутилмоқда.

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга қизиқадиган сиёсий доиралар, айниқса, иқтисодий, бизнес доиралар сўнгги бир йилда олиб борилган ўзгаришларни кузатиб келмоқда. Чунки улар Ўзбекистондаги ўзгаришларга қараб қарор қабул қилади.

Албатта, мазкур мурожаат ўзбек тилида бўлгани учун барча америкаликлар тўғридан-тўғри эшитмаган бўлса-да, тегишли манбалар, ижтимоий тармоқлар орқали эшитиб, айниқса, тегишли доиралар, дейлик Давлат департаменти, Оқ уй, Пентагон, умуман, Марказий Осиё билан шуғулланадиган даргоҳлар, албатта, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг халққа нима дегани билан қизиқади. Улар “…ўзгаришлар, аввало, Ўзбекистон халқига керак, биз кузатувчимиз, биз ҳамкормиз, шерикмиз. Бу мамлакат қанчалик ривожланса, бизга ҳам шунчалик яхши”, дейишмоқда.

Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз даврининг биринчи йил якунида кутилмаган равишда Олий Мажлис олдига чиқиб халққа мурожаат қилгани, ўз сиёсатини тушунтиргани, айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам сиёсий бир анъана бошланганидан дарак бермоқда. Ўша эркин жамиятлар раҳбарлари ҳар йили қиладиган мурожаатини Ўзбекистонда ҳам мунтазам кўриш мумкин, деган умид уйғонмоқда. Албатта, сиёсатни тушунтириш одамларга ёқади.

Маълумки, эркин демократик жамиятларда ўз сиёсий позициялари хақида давлат раҳбарлари оммавий ахборот воситаларига тез-тез интервьюлар бериб туради. Мана энди умид қиламизки, Ўзбекистон раҳбари ҳам нафақат маҳаллий, балки чет эл ахборот воситаларига, хусусан, мен ишлайдиган “Америка овози” билан ҳам интервью қилади, бизнинг ҳам саволларимизга жавоб беради келажакда.

Навбаҳор Имомова,
“Америка овози” телерадиоси журналисти,
Вашингтон.

манба: http://uza.uz

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *