Наманганлик зиёлиларга табрик

Ўқитувчи ва шифокорларни ободончилик ишларига жалб қилиш кенг омма томонидан қизғин муҳокама бўлаяпти. Бу борадаги савол Халқаро пресс-клубнинг Намангандаги сайёр мулоқотида ҳам берилди. Вилоят ҳокимига!

Вилоят хокими Хайрулло Бозоров:− Бу бор ҳақиқат, буни яшириб бўлмайди. Ўқитувчилар ва духтурларни нафақат ободонлаштириш ишларида, ҳатто қишлоқ ҳўжалиги ишларида ҳам ишлатиб келдик. Ўқитувчига ўзининг ишини қилдирмадик, фермерга боғладик. Врачларимизга ўз ишини қилдирмадик, ҚВП да ўз ишлари қолиб, қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлишди. Натижада нима бўлди, натижада бугун оналар ўлими ошди, гўдаклар ўлими ошди, лекин хеч ким ҚВП га ёрдам бергани йўқ. Қачонки энди биз кўзимизни очиб кўрсак, улар оғир аҳволда. Шунинг учун ўқитувчиларимизни, умуман, бюджет ходимларини бошқа ишларга жалб қилиш бизда ҳозир қатъий чекланган. Қайсидир шанбалик ёки бирор оммавий тадбир бўлиб, ҳамма умумий тартибда чақириладиган бўлсагина уларга ҳам рухсат берамиз. Бу энг забардаст икки соҳа ҳам ишонган соҳаларимиз. Мана ҳокимлар ҳам турибди, ўқитувчи ва шифокорларни унақанги ишларга жалб этиш таъқиқланади! Чиқармаймиз уларни бундай ишларга!

Наманганлик ўқитувчилар ва шифокорлар! Сизларни асрий орзуларингиз ушалгани билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз!Мана, ниҳоят, сизлар ўз касбингиз, ўзингизнинг муқаддас вазифангиз билан шуғулланадиган бўлдингиз!Пахта йиғим-теримига ҳам чиқмайдиган бўлдингиз! Ахир буни кичкина одам эмас, вилоят ҳокими жонли эфирда, элнинг олдида эълон қилди!
Фақат сизлардан биттагина илтимос: самарқандлик ҳамкасбларингиздан ўрнак олиб, ўзларингиз ТАШАББУС БИЛАН ЧИҚИБ, “Жудаям пахта тергимиз келиб кетаяпти, пахта юртимиз бойлиги, уни ёмғирга қолдирмасдан териб олиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи, бизга пахта теримига чиқишга рухсат беришингизни сўраймиз!” дея ҳоким буванинг номига МУРОЖААТ билан чиқманг! Кейин ёмғирга қолдирмасликни истаган пахтангизни теришдан бир-икки қор ёққанда ҳам қайтолмай қоласиз.

Ўзи ўқитувчи халқи жуда ташаббусни яхши кўради. Ундан кўра, бошқа ташаббуслар билан чиқинг, масалан, “Ўзбекдан ҳам битта Нобель мукофоти оладиган ёзувчи чиқсин, шунақа ёзувчини тарбиялаб берайлик!” ёки “Бизнинг ўқувчиларимиз дунёнинг нуфузли университетларида ўқиб, ҳаммани қойил қилсин, шунақа ўқувчиларни ўқитайлик!” ёки “Биз ўқитган ўқувчилар “шпаргалка”, телефон, “паравоз”, “бункер”, “танка”, “Х вариант” ишлатмасдан ўз кучи билан олий ўқув юртларига кирсин, шунга яраша билим берайлик!” ёки “Биз ўқитган ўқувчиларнинг ўз мустақил фикри, элга айтар ўз сўзи, ўз юзи бўлсин, шунақа таълим-тарбия берайлик!” деган ташаббуслар билан чиқинглар, барака топгурлар!

Мен Хайрулла Бозоровни ҳам табриклайман, шундай дангал гапларни айтгани билан! Умид қиламанки, бир вилоят ҳокими ЎЗ СЎЗИНИ ҳавога ҳавола қилмайди! Охиригача элнинг олдида айтган СЎЗига амал қилади.Қолган вилоятлар ҳокимларига ҳам ана шундай мардликни, тантиликни, ҳалолликни, эл-юрт дардига дармон бўлишларини тилайман!Биз кутган замонлар келаяпти!

Тўра Мурод

2 комментария

  1. Мен ҳам Наманганликман, Ҳоким буванинг берган ВАЪДАсига ишонаман!!!!! Мактаб ва боғча ёки ҚВП ходимларидан илтимос: МУРОЖААТлар билан чиқмайлик!!!!!!!

  2. Тўра Мурод, Қашқадарёда «ИХТИЁРИЙ» равишда, ташаббуссиз ОЛИБ ЧИҚИШДИ!!!!!!!!!! Кўпам мақтанаверманг!!!!!!!!!!!!!!!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *