Наманганда янги автомобил заводи қурилади

Наманган вилоят ҳокими Хайрулла Бозоровнинг билдиришича, 24 октябрь куни Тошкентда Жанубий Корея компаниялари раҳбарлари билан амалий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводини қуриш жараёнини тезлаштириш борасида қўшимча инвестицион шартнома имзоланди.

Шартномага вилоят ҳокимлиги билан бирга “Hyundai Motor” компанияси тижорий автомобиллар бўлинмаси вице-президенти Лим Хён Юнг, “Hyundai Corporation” компанияси тижорий автомобиллар ва темир йўллар бўйича бош директори Пак Йонг Хван ҳамда “Evergreen Motors” компанияси вице-президенти Ким Ик Дон имзо чекдилар.

Имзоланган ҳужжатга кўра, “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан жой оладиган “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш қўшма корхонасига лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳамда келгуси фаолиятида ЭИЗ иштирокчиларига берилган солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. 2019 йил якунига қадар лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари бўйича Ўзбекистон Президентининг махсус қарори ҳам қабул қилинади.

Шартномада шунингдек, “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводидан илк маҳсулотнинг чиқиши 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга ошиши белгилаб олинди.

Наманган вилоятида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводи қуриш лойиҳаси Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифлари доирасида эришилган келишувлар натижасида амалга оширилмоқда.

“Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Жанубий Корея компаниялари вакиллари билан
инвестицион шартнома 2018 йил 17 ноябрь куни Наманган вилояти ҳокимлигида имзоланганди.

Ушбу завод қуриб битказилгач, йилига 2500 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Завод тўла ишга тушганда, мингдан зиёд иш ўрни пайдо бўлади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.