Наманган масжидларида азонни ташқи овоз кучайтиргичларида айтиш тақиқлангани ростми?

1 163 views

Бир неча кун аввал Фейсбук ижтимоий тармоғида Аббос Асад исмли фойдаланувчи томонидан Наманган шаҳридаги масжидларда вилоят қозисининг буйруғига асосан азонни ташқи овоз кучайтиргичларида айтиш тақиқлангани ҳақида пост қўйилди. Пост эгаси ўз саҳифасида қуйидагича ёзади:

«Менга етиб келган маълумотларга кўра, Наманган вилоят қозисининг буйруғига асосан шаҳар масжидларидаги ташқи овоз кучайтириш карнайлари ўчириб қўйилган ва, натижада, 3-4 кундан бери азон товушлари шаҳар узра таралмай қолган. Шаҳардаги масжидлардан биридаги муаззинлардан бири билан дафн маросимида суҳбатлашиб қолиб: «Нега азон товушлари янграмай қолди? Шаҳардаги барча масжидларда аҳвол шунақами?» каби саволларни бердим. Унинг айтишича, кимлардир (инсон суратидаги шайтонлар дейишдан ўзимни тийдим) азон овозларидан баланд янграётгани борасида расмийларга шикоят қилишган экан.

— Азонни одатдагидек чақириб бўлганимдан сўнг, масжидимизнинг бош имом-хатиби телефон қилиб қолдилар. «Нима, овоз кучайтиргичларни кўтариб қўйдингизми?» деб сўраилар мендан. «Йўқ, ҳар доимгидек эди», деб жавоб қайтарсам, «Вилоят бош имом-хатиби (Абдулҳай Турсунов) азон товушларини ўчиринглар, деб буйруқ берганини айтдилар», деди суҳбатдошим.

Маълумингизким, Намангандаги масжидлардан азон товуши келмай қолгани ва бир кун ўтиб яна баралла янграётгани ҳақида ўз саҳимда иккита пост қолдиргандим. Каримовнинг ўлимидан сўнг юртимиз мусулмон ўлкасига ўхшаб қолганидан қувониб кетган эдим. Энди бўлса, 1-4 кун бўлибдики, азон товушлари эшитилмай қолди. Ҳар куни эрта тонгда субҳи содиқ кириши билан ўзим ҳовлига чиқиб олиб, бор овозимда азон чақириб турибман.

Фейсбукдаги барча наманганлик биродарларимни ҳам шунга даъват қиламан. Намоз вақти кириши билан имкониятингиз бўлса, томга чиқиб баланд овозда азон чақиринглар. Беш вақт давомида. Токи азон товушидан азият чекиб, расмийларга шикоят қиладиганлар яшаш учун ўзларига бошқа макон қидиришсин! Иншааллоҳ, Ер сайёраси узра азон товуши янграмаган бир қарич ҳам жой қолмасин.

Абдулҳай Турсунов жанобларидан эса азон товушларини ўчириш тўғрисидаги буйруғини бекор қилишни талаб қиламан!»

30 октябрда Озодлик радиоси ҳам «Мусулмонлар идораси тавсияси» билан овоз кучайтиргичда азон айтиш тўхтатилди» сарлавҳали мақола эълон қилди. 31 октябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз сайтида ушбу хабарларга раддия берди. Раддияда шундай дейилади:

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу воқеанинг келиб чиқиш сабабларига аниқлик киритиш мақсадида, Наманган вилояти вакиллиги мутахассислари билан боғланди. Ушбу вилоят вакиллиги масъул ходимлари ва мазкур ҳудуддаги жоме масжидлар имом-хатиблари Наманган шаҳридаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилгани ҳақидаги хабар мутлақо ёлғон ҳамда асоссиз эканини қатъий таъкидладилар».

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.