НАЖМИДДИН ЭРГАШЕВ: ҚЎШНИ СИFМАГАН УЙ

Давронбек тадбиркорликка қўл урдию, бойиб кетди. Ота ҳовлисини бузиб, ўрнида катта кошона қурди. Уйи битиши билан дўсту ёрларини ифторликка чорлади. Таклиф этилган масжид имоми барвақтроқ келди. Ичкарига киришга қанча зўрлашмасин, унамади.

— Маҳалла, қўни-қўшнилар билан кираман, — деди у.

Оғиз очиш пайти яқинлашиб қолди. Айтилганларнинг деярли барчаси келишди. Аммо, имом домла уйга кирай, демасди. У кўзларини ерга тикканча ўтирар, ора-сира келган, келаётганларга қараб қўярди. Ахийри, ўрнидан қўзғалди.

— Давронбек…

— Лаббай, домла! Қани, ичкарига кирайлик. оғиз очиш вақти ҳам бўлиб қолди…

— Давронбек, маҳалладан одам айтувдингизми?

— Ҳа, домла, киришди-ку…

— Мен қўшниларингизни назарда тутяпман, — деди имом унинг кўзларига тик боқиб. — Анави ўқитувчи Иноятулло домла чиқмади. Ён-атрофингиздаги қўшниларингиз ҳам кўринишмади. — Кейин рўпарадаги кўримсиз эски иморатга ишора қиларкан сўради: — Рўзиқулникимиди? У нега чиқмади?

Давронбек қизаринди. У бирор арзирли баҳона топишга уринар, аммо, тилига гап келмасди. Ахир, ифторликка казо-казоларни таклиф этгани, қўшниларининг ҳаммаси ҳам бу даврага лойиқ эмаслигини қайдан айтсин.

— Энди, домла…

— Ҳа, тушунарли. Бойларни чақирдим, денг…- Сўнгра барча эшитсин, дегандек, овозини баландлатди. — Қорни тўқларга берилган зиёфат ҳам исрофгарлик белгисидир. Сиз ҳозир ўз дўстларингизни, бой-бадавлат кишиларни анвойи таомлар билан меҳмон қиласиз. Шу вақтда бир неча қўшниларингиз, муҳтожлар қуруқ нон-чой билан оғиз очадилар. Расулуллоҳ (с.а.в) «Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолида ўтирган бўлса, у киши чин мўмин эмасдир,» деганлар. Қолаверса, бой рўзадорнинг дуосидан камбағал рўза тутувчининг дуоси, албатта, тезроқ ижобат бўлади…

— Тушундим, домла, деди узр сўраркан Давронбек. — Энди ичкарига кирайлик. Одамлар кутиб қолишди…

— Йўқ, Давронбек, қўшни сиғмаган кенг уйга мен қандай сиғаман? Мен, яхшиси, уйда ифтор қила қолай. Узр…

Давронбек эса уни на қайтаришни ва на бирор сўз айтишни ҳам билмай, жим туриб қолди.
**************************************************************

БИР ОҒИЗ СЎЗ ФОЖЕАСИ

Бир келинчакнинг кўзи ёриди. Паҳлавондек ўғил туғилди. Қайнона, қайнотасининг хурсандлигини кўрсангиз эди! Улар ҳамиша бахтли ҳаёт кечириши, ота-онасига йўлдош бўлишини тилаб, набирага Бахтиёр, дея исм қўйишди.

Фарзанд кўрган ёш отанинг боши осмонга етди. У ҳар куни келиб, она-боладан хабар олар, қувончини турмуш ўртоғи билан баҳам кўрарди.

Чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш катта тантанага айланиб кетди. Шу куни хонадон ҳар икки қудалар, амакию тоғалар, аммаю холалар билан билан тўлди. Ёш она фарзандининг таваллуди барча шодиёна улашаётганидан мамнун эди.

Орадан кунлар ўтди. Келинчак ўзига келгач, яна уй юмушларига киришди. У бахтидан масрур аёл сифатида жуда-жуда очилиб кетди. Шунинг учунми, энг яқин дугонаси кичкинтойни кўргани келганида, очиқ чеҳра билан кутиб олди. Улар тўкин дастурхон атрофида анча гаплашиб ўтиришди.

Дугонасининг гап орасида умр йўлдоши унга нима совға қилганини сўраганида, келинчак аввалига ҳайрон бўлди. Кейин аста жавоб берди:

– Ҳеч нарса совға қилмадилар… Ахир, ҳамма нарсам бор-ку. Шу фарзандим мен учун энг катта сийлов, дугонажон…

– Наҳотки?! – Ҳайратланди меҳмон. – Сенинг қадринг шуми? Ҳеч йўқса, биттагина тилла зирак бўлса ҳам тақиб қўймадими? Менинг эрим қизимни туққанимда, билакузук олиб берганди…

Дугона кетди. Лекин, у айтган сўзлар келинчакнинг фикри-ўйини қамраб олди. “Рост-да, қадрим йўқми менинг? Нега эрим ҳам нимадир совға қилмади? Қўли тош остидамиди?” Юрса-турса ҳам, боласини ҳар кўрганда ҳам шу ҳақда ўйлайдиган бўлиб қолди. Эр-хотиннинг ўша кунги суҳбати дилхиралик билан якунланди.

– Жоним, мен эндигина институтни битириб, ишга кирдим, – дея ётиғи билан тушунтирди эр. – Кейинроқ ҳаммаси бўлади. Ке, арзимаган нарсага жанжаллашмайлик…

Келинчак эса уни тушунишни истамади. Совға можароси кейин ҳам давом этди. Шунчаки тортишув, қадрини пеш қилишлар авжга чиқавергач, кунларнинг бирида ҳатто Аршни ҳам титратгувчи сўз йигитнинг тилидан кўчди.

Оила бузилди. Ҳали бахт нималигини билмай туриб, жажжи Бахтиёрнинг зиммасига отасизлик, етимлик доғи тушди. Келинчак ёшлик қилиб, катта хатога йўл қўйганини кеч англади. Аммо, ғишт қолипдан кўчган эди!

Муаммо нимадан бошланган эди ўзи? Ҳа, дугонасининг ташрифидан… Бир оғиз сўз фожеаси ёш келин-куёвнинг гулдек турмушини бузиб юборди. “Бировнинг хонадонига кўрдек кириб, соқов каби чиқинг”, деб шунга айтсалар керак-да!

***************

Муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида

Нажмиддин Икромий (Эргашев) Андижон шаҳрида туғилган. 1980-йилдан буён вилоят ва республика оммавий ахборот воситаларида фаол қатнашиб келади.

Н. Эргашев 2000-йилдан буён «Андижоннома» газетасида меҳнат қилиб келяпти. У ижтимоий ҳаётда учрайдиган салбий иллат ва воқеалар, ҳамюртларимизнинг муваффақиятлари, ислоҳотлар таҳлили қаламга олинган публицистик, танқидий-таҳлилий мақолалари билан газетхонлар эътиборини қозонди.

Муаллифнинг «Эрта ботган ой» шеърлар тўплами, «Бошловчи журналист ва маҳорат машаққати», “Амалий журналистика ва маҳорат” ўқув қўлланмалари чоп этилган. «Тараддуд фасли» шеърий, «Ота уй» ҳикоялар ва «Ватанни борлиги учун севадилар» публицистик тўпламлари нашрга тайёрлаб қўйилган.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *