Мусанниф Адҳам: «Ўзбек» қилган жинояти учун миллатимдан уялмайман.

АҚШга Green Card билан кетиб, Ню-Йоркда 7 йилдан бери яшайдиган ўзбек – Сайфулло Саипов ўз юк машинасида одамларга ҳужум қилиб, 8 кишини ўлдириб, 12 кишини жароҳатлабди. (https://www.cbsnews.com/…/nyc-terror-attack-sayfullo-habib…/)
Бу «террорчилик ҳодисаси»ми, ёки «Лас-Вегас мергани» каби «ёлғиз эркакнинг руҳий тушкунлиги натижаси»ми, очиғи менга қизиқ эмас. Дунё матбуотининг айни ҳодисаларга «мунофиқона, қўшстандартлик асосида ёндашаётгани» ҳақида гапириш ҳам сийқаси чиққан мавзулардан.
Менга қизиғи – охирги 1,5 йилдан бери кузатилаётган «ўзбекликдан уялиш, жирканиш, нафратланиш синдроми».
Бу синдром дастлаб, 2016 йил 1 мартда Гулчеҳра Бобоқулова мавзуси билан бошланди (http://www.dailymail.co.uk/…/That-s-killed-Nanny-murderer-s…). Ўзини зиёли деб атовчи анча бунча ўзбеклар «Россияда бош кўтариб бўлмай қолгани, ўзбеклигидан уялаётгани» ҳақида жар солди. «Ҳой, ўзингларни босинглар. Уялиш учун бошқа муаммолар бор: масалан, Россияда ўзбек қизларининг фоҳиша, йигитларининг деярли қул бўлиб юрганидан хижолат бўлинглар», дедим.
Орадан бир йил ҳам ўтиб, 2017 йил 7 апрелда Стокголмда бир ўзбекнинг иши туфайли яна «уялдик». (http://www.telegraph.co.uk/…/everything-know-far-stockholm…/) «Энди нима бўлади? Европа бизни оқ қиладими?» – деб айюҳаннос солаётганларга «Ҳой, ўзингларни босинглар. Жиноят қондан (гендан) ўтмайди. Қилмаган ишингизга нимага бунча типирчилайсиз?» – дедим…
Бугун яна «уялиш» бошланибди – синдромнинг янги тўлқини.
Миллатингиздан уялиш учун бошқа сабаб топа олмаётган бўлсангиз, 3-4 тасини санаб бераман:
1. Ўзбеклар бутун дунёда тирикчилик учун юрибди: қаердадир норасмий қулликда, қаердадир фоҳишалик билан ном чиқарган, қаердадир пулга ёлланиб урушяпти. Миллатнинг шу аҳволга тушиб қолганидан уялмайсизми?
2. Фазовий кемалар коинотда парвоз қилиб юрган вақтда бизда пахтани қўлда териш учун оммавий сафарбарлик. Таълим, тиббиёт, давлат идоралари иши фалажланган. Қўшиб ёзиб бўлса ҳам «план»ни тўлдириш ҳаракатидамиз. Уялмайсизми?
3. Сиз «Опа» деб ардоқлайдиган аёл – Гулнора Каримова халқдан ўмариб, четга олиб чиқиб кетган 1 миллиард АҚШ доллари талон-тарож қилиниш арафасида: янкилар ва нидерландлар бўлиб олмоқчи экан. Миллатингиздан шунақа ўғрилар чиққанига уялмайсизми?
4. Ўзбекнинг энг янги тарихида «Бу кунлар» китобида ҳақиқатларни очиқ ёзиб чиққан адиб – Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга қарши «адабиётчилар ва журналистлар» томонидан янги айбловлар тўқилаётган, унинг асари «давлат тўнтаришига ҳаракат» деб баҳоланаётган экан. Буёғи, яна ўша 1937-1939 йиллар қатағонининг чирик ҳавоси уфуряпти. Унда «қонхўр Сталин»ни айбдор қилган бўлсак, бугун миллат фидойиларини бадном қилиш учун ўзимизнинг «сталинбаччалар» тер тўкяпти. Шулар ҳам ўзини ўзбек санайди. Энди ҳам уялмадингизми?…
Мен қайсидир «ўзбек» қилган жинояти учун миллатимдан уялмайман. Қайсидир миллатга мансуб шахс қилган жиноят учун бутун бошли миллатни уялтирмайман.

3 комментария

  1. 5.пул сочиб, исроф килиб, дабдаба туйлар килиб,болангизга китоб олиб бермасликдан уялмайсизми? 6.соглигингиз учун хеч булмаганда 1-2 йилда татил олиб, узингиз учун сарф килмасликдан уялмайсизми? 7.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *